Иқтисодиёт | 20:30 / 27.03.2021
7616
4 дақиқада ўқилади

Бизнес-ҳамкорга ишонч бўлмаса, нима қилиш мумкин? — ДСҚ расмийси «обнал» бўйича тадбиркорларга тавсиялар берди

Фото: Shutterstock

Сўнгги пайтларда солиқ органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги «обнал можароси» муҳокамаларга сабаб бўлди. Тадбиркор «обнал»га (нақдлаштириш операцияси) йўл қўймаслик учун «лозим даражада эҳтиёткор бўлиши», контрагентни тўғри танлаши кўп таъкидланди. Хўш, битим тузиш чоғида контрагентга нисбатан ишонч бўлмаса, нима қилиш лозим?

Давлат солиқ қўмитаси ҚҚС маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фурқат Кушчонов контрагентга нисбатан тадбиркорда ишончсизлик бўлганда, қандай қилиб етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактуралари бўйича ҚҚСни ҳисобга олишдан бош тортиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Buxgalter.uz хабар қилди.

ДСҚ расмийсининг айтишича, ҳисоб-китоб шакли – Солиқ кодексининг 266-моддаси талабларига жавоб берадиган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш учун автоматик равишда қабул қиладиган тарзда тузилган. Ишлаб чиқувчилар ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиш иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш имконини беришидан келиб чиқишган.

«Солиқ кодексида ҳисобга олишга мажбурият сифатида эмас, балки ҳуқуқ сифатида қаралади. Шунинг учун тадбиркор ўз хоҳишига кўра маълум етказиб берувчилар билан тузилган битимлар бўйича ҚҚС суммаларини ҳисобга олмаслиги мумкин», – дейди у.

Фурқат Кушчонов икки ҳолатда: ЭҲФ олинган ойда ҚҚСни ҳисобга олмасликка қарор қилинганда ва ЭҲФни илгарироқ олган ва у бўйича ҚҚСни ҳисобга олганда қандай йўл тутиш мумкинлигини тушунтирди:

ЭҲФ олинган ойда ҚҚСни ҳисобга олмасликка қарор қилган бўлсангиз:

1) улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишни истамаган барча ҳисоб-фактураларнинг маълумотларини «ҚҚСсиз етказиб бериш қиймати» ва «ҚҚС суммаси» кўрсаткичларида умумлаштиринг;

2) олинган суммаларни «Сотиб олинган товарлар (хизматлар) учун счёт-фактуралар (счёт-фактуралар ўрнини босувчи ҳужжатлар) реестри» 4-иловасининг 8 ва 9-устунларида кўрсатинг.

ЭҲФни илгарироқ олган ва у бўйича ҚҚСни ҳисобга олган бўлсангиз:

1) улар бўйича ҚҚСни ҳисобга олишни истамаган барча ҳисобварақ-фактураларнинг маълумотларини «Қиймат» ва «ҚҚС суммаси» кўрсаткичларида жамланг;

2) олинган суммаларни ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг 0603-сатри тегишли устунларида кўрсатинг.

«Назорат қилувчи органларда саволлар юзага келса, ўз ҳаракатларингизни СКнинг 226-моддасига мувофиқ «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш мажбурият эмас, балки ҳуқуқ экани, бу ҳолда ундан фойдаланишни маъқул кўрганингиз билан изоҳланг.

Гарчи битим ҳақиқий, тўла қонуний, барча зарур ҳужжатлар билан расмийлаштирилган бўлса, бундай ортиқча эҳтиёткорлик ўринсиз деб ўйлайман. Бу ҳолда қонунбузарликларга алоқадор эмаслигингизни доим исботлай оласиз.

Солиқ органи битим қалбаки ёки сохта бўлгани тўғрисида асосли далиллар мавжуд бўлган тақдирдагина солиқ базасига тузатиш киритади. Шунинг учун, маслаҳатим: қонун ҳужжатларига риоя этинг ва сизга берилган барча ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланинг», – дейди ҚҚС маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид