Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Электр доимий бўлса, даромадимиз икки баробар кўп бўларди» — асакалик тикувчилар муаммоси
Асака тумани «Намуна-Бўстон» МФЙдаги кўплаб хонадонларда кўп йиллардан буён кўрпа-ёстиқ тикилади, маҳсулотлар республика бўйлаб сотилади. Тикувчи аёллар Kun.uz билан суҳбатда электр токидаги узилишлар уларнинг даромадига салбий таъсир кўрсатаётганини айтишди.
Тикувчиларнинг сўзларига кўра, улар тайёрлаган кўрпа-ёстиқлар нафақат Ўзбекистон бўйлаб харидорларга эга, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинади.


Ана шундай якка тартибдаги тадбиркорлардан бири Шоҳидахон Дадажонованинг ишлаб чиқариш цехида бўлдик. У ерда 50 нафардан ортиқ аёл иш билан таъминланган. Бир кунда улар 200дан ортиқ кўрпа тайёрлашади, мингдан ортиқ ёстиқ тайёр ҳолатга келтирилади.


Ишбай ҳақ олиш эвазига ишлаётган аёллар билан суҳбатлашдик.
Улар кунига ўртача 50 минг сўм атрофида даромад топишади. Бироқ уларни қийнаётган муаммо бор: электр энергиясида тез-тез узилишлар кузатилади.
Тадбиркор трансформатор муаммоси туфайли уларнинг ишида тўхталишлар бўлаётганини айтиб ўтди.

Биз борган пайтда ҳам маҳаллада электр токи йўқ эди. Ҳолбуки, «свет» ўчмаса, улар икки баробар кўпроқ даромад қилишлари мумкинлигини айтишди. Чунки тикув-бичув дастгоҳларининг барчаси электр энергияси ёрдамида ишлайди.

Ёш болали, уйидан цехга чиқиб ишлай олмайдиган аёлларнинг хонадонларига тикув машиналари етказиб бериш орқали улар ҳам иш билан таъминланган. Улар кунига ўртача 400дан ортиқ ёстиқ тикиб, рўзғор тебратишмоқда.



«4 нафар фарзандим бор. Кичик фарзандим 8 ойлик бўлгани учун цехга чиқиб ишлолмайман. Шунинг учун иш берувчимиз тикув машинасини уйимизга ўрнатиб берган», – дейди Муҳаррам Аҳмаджонова.

Хулоса ўрнида таъкидлашни истардикки, электр энергиясидаги узилишлар оддий тикувчининг ҳам даромадини икки баробарга қисқартирар экан, бу – ҳар гал совуқ тушганда бутун жамият миқёсидаги йўқотишларимиз кўлами ҳақида ўйлашга ундайди.
Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
19:30 / 10.02.2025
Бухорода магистрал газ қувурида келиб чиққан ёнғин тўлиқ ўчирилди
13:48 / 10.02.2025
Бухорода магистрал газ қувурида авария рўй берди
15:48 / 08.02.2025
Президент Аи-80дан воз кечиш ва аҳолини арзон ёқилғи билан таъминлаш топшириғини берди
11:59 / 06.02.2025