Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида 10дан ортиқ ҳужжат имзоланди
Музокаралар якунида президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, ташриф доирасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Улар Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар идоралари ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида англашув меморандуми, Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисида, Инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, Маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси», Ирригация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимлардир.
Маросимда икки мамлакат вазирликлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатларни алмашдилар.
Ташриф доирасида Ўзбекистонда Дебрецен университетининг таълим дастурларини амалга ошириш тўғрисидаги битим ҳам имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Венгрия билан муносабатлар фаол ривожланиб, сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилганини таъкидлади.
«Бугун очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон-Венгрия муносабатларининг деярли барча йўналишларини атрофлича муҳокама қилдик. Биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратдик. Сўнгги тўрт йилда товар айирбошлаш деярли уч баробарга ўсган. Бу кўрсаткични келгусида бир неча баробарга ошириш ниятидамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.
Бунинг учун икки мамлакат бозорларига маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, балиқчилик, картошкачилик ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олингани айтилди.
Ташриф доирасида икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши самарали ўтгани, кўплаб битим ва шартномалар имзолангани қайд этилди.
Икки мамлакатнинг барча ҳудудларини фаол жалб этган ҳолда, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказишга қарор қилингани таъкидланди.
Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон президенти саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганини қайд этди.
«Венгрия билан Ўзбекистон ҳамкорлигига асос бор эди. Лекин биз савдо айланмасини жуда паст даражадан бошлаган эдик. Оқилона сиёсат ва қатъият эвазига товар айирбошлашда ўсишга эришилмоқда. Президент Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари очилмоқда. Бир нечта “флагман” лойиҳалар самарали амалга оширилгани учун ишбилармонлар эркинлик ва ишончни ҳис этиб, ҳаракат қилмоқда», – деди Виктор Орбан.
Шунингдек, меҳмон ўтган йили коронавирус билан боғлиқ қийин эпидемиологик вазиятда Венгрияга кўрсатган ёрдами учун халқимизга миннатдорлик изҳор этди.
Халқаро ва минтақавий масалалар бўйича икки мамлакатнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш ҳамда яқин экани яна бир бор эътироф этилди. Венгрия томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш режаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, таълим соҳасида алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Фан, маданият ва спорт соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштиришга ҳам келишиб олингани маълум қилинди.
Ўзбек олими Исоқ Иброҳим венгриялик машҳур Ҳерман Вамберининг дўсти ва шогирди бўлган, салкам ўттиз йил Будапештда яшаб, илмий фаолият олиб борган. У машҳур венгер ёзувчиси Янош Ароннинг «Ажойиб оҳунинг ҳикояти» асарини ўзбек тилига таржима қилган. Ушбу асар яқинда давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан Тошкентда нашр этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек ва венгер халқлари ўртасидаги тарихий дўстликнинг ёрқин ифодаси бўлган ушбу китобни Венгрия бош вазири Орбанга тақдим этди.
Мавзуга оид
10:29 / 07.11.2024
Трампнинг ғалабаси: Орбан Украина бўйича ЕИ янги стратегиясини талаб қилмоқда
14:26 / 06.11.2024
Виктор Орбан «Туркий дунё олий ордени» билан мукофотланди
13:01 / 06.11.2024
Шавкат Мирзиёев Виктор Орбан билан учрашди
11:50 / 04.11.2024