Жаҳон | 23:59 / 30.03.2021
12832
2 дақиқада ўқилади

Сувайш канали бошқармасини Нобел мукофотига илгари суриш таклиф этилди

 Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий Сувайш каналини тўсиб қўйган “Эвер Гивен” кемаси билан боғлиқ охирги воқеалар ортида канал бошқармасини Нобел мукофотига номзод сифатида илгари суриш таклифини қўллаб-қувватлади.  

Al Youm As Sabi нашрининг ёзишича, кема саёзликдан олиниб, яна ҳаракат тиклангани муносабати билан канал бўйида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар Миср президентига ушбу таклифни билдиришган.

“Мен Сувайш канали бошқармасини иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотига илгари суриш таклифига қўшиламан. Биз, мисрликлар, ушбу улкан гидротехник иншоот мукофотга лойиқ топилса, хурсанд бўламиз”, — деб таъкидлаб ўтган ас-Сисий.

Миср раҳбарининг фикрича, каналдаги муаммонинг муваффақиятли ечим топиши Сувайш каналининг нуфузини тасдиқлади ва унинг Нобел мукофотига лойиқлигини исботлади.

Ас-Сисий ўт нутқида каналдаги навигация одатий режимга қайтганини, канал олдида ҳосил бўлган кемалар тирбандлигини бартараф этиш учун яна 3 кун талаб этилишини айтган. У каналнинг тўсилиши юзасидан батафсил тергов ўтказилишига ваъда берган, аммо бу масалага аралашмаслигини таъкидлаб ўтган. 

29 март куни қарийб бир ҳафта давомида Сувайш каналида ҳаракатни тўхтатиб қўйган “Эвер Гивен” контейнеровози саёзликдан тўлиқ чиқарилиб, канал орқали ҳаракат тикланди.

Мавзуга оид