Ўзбекистон | 23:49 / 30.03.2021
20548
2 дақиқада ўқилади

Транспорт вазирига яна бир ўринбосар тайинланди

Президент Администрацияси ходими транспорт вазирига ўринбосар бўлди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан Абдусамад Абдувоҳидович Мўминов Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Абдусамад Мўминов 1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1997 йилда Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини темир йўл транспорти алоқа, телемеханика ва автоматикаси муҳандиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Бунга қадар Абдусамад Мўминов Президент Администрацияси транспорт салоҳияти, божхона маъмуриятчилиги ва логистикани ривожлантириш шуъбаси мудири лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2020 йил 30 октябрь кунги 670-сон қарори билан Илҳом Рустамович Маҳкамовга Ўзбекистон транспорт вазири вазифасини бажариш юклатилган. Бунгача у транспорт вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йилнинг 22 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда Илҳом Маҳкамов номзодини транспорт вазири лавозимига маъқуллаган эди.

Транспорт вазирлиги сайтидаги маълумотларга кўра, Илҳом Маҳкамовнинг 4 нафар ўринбосари мавжудлиги (Раҳмонбек Усмонов, Абдураҳмон Абдувалиев, Жасурбек Чориев ва Акмал Мирзаев), фақатгина вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими вакант ҳисобланиши кўрсатилган. Абдусамад Мўминов вакант лавозимни эгаллагани ёки бошқа ўринбосарлардан бирини алмаштиргани маълум эмас.

Мавзуга оид