Ўзбекистон | 23:10 / 01.04.2021
6405
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ҳиндистонлик шифокорлар ишловчи клиника очамиз - Шуҳрат Абдураҳмонов

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Кенгайтирилган йиғилишда барча вазирлар, қўмиталар, вилоятлар ҳокимликлари иштирок этди. Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам сўз олди.

«Мажбурий тиббий кўрикни ташкил қилишни йўлга қўйдик ва 200 мингдан ортиқ одамни кўрикдан ўтказдик. Кўпчилик ўзини соғлом деб ўйлаб юрган одамлар ҳам нималарга эътибор беришлари лозимлигини англаб етишди.

Охирги пайтларда хорижга операциялар учун кўпчилик кетаётганини ҳисобга олиб, Бўстон туманидаги битта коллеж биносини ажратдик ва замонавий клиника очяпмиз. Унда юз фоиз ҳиндистонлик шифокорлар иш бошлайди ва аста-секин ўзимизнинг мутахассислар ҳам ўрганишади. У ерда энг мураккаб касалликлар даволанади.

Яна бир жиддий масала – юракка стент қўйиш операциялари учун Андижон халқи Тошкентга борарди. Ҳозир бу амалиётни вилоятимизда ҳам йўлга қўйдик. Андижон тиббиёт институтида фаолият олиб бораётган 132 нафар профессорларимизни ҳудудларга бириктирдик. Асосий эътиборни касалликларнинг олдини олишга қаратиляпти.

Бугунги бўлаётган мавзуни тиббиётнинг темир дафтари деб атасак бўлади», дея Андижон вилояти ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент вилоятдаги юқори курс талабаларини амалиётга жалб этиш кераклигини қўшимча қилди.

«Албатта, бу жуда жиддий муаммо. Қоғозда жуда зўр, лекин уйма-уй юрсак одамлар норозилигини англаймиз. Мен қайси вилоятга борсам дарров ҳамма уйларга кириб қолади.

Бунақада тартиб бўладими? Халқимиз рози бўладими? Бечора одамларимиз касал бўлса малакали ёрдам ололмаяпти. Андижон тиббиёт институти юқори курс талабаларини амалиётга кенгроқ жалб қилишимиз керак», – деди президент.

Мавзуга оид