Жамият | 15:33 / 01.04.2021
20004
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар бўйича сўров ўтказилди. Унда қатнашганларнинг кўп қисми эмланишни истамаслигини билдирган

Мутахассисларнинг фикрига кўра, эмланишдан бош тортиш — ҳар доим ҳам қўрқув ёки ишончсизлик билан боғлиқ эмас.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати эмлаш тадбирлари ҳақида интернет фойдаланувчиларининг кайфияти ва фикрларини билиш мақсадида ўтказилган (29–31 март) онлайн-сўров натижаларини маълум қилди. Уч кун давомида деярли барча вилоятлардан 19 мингдан зиёд иштирокчилар овоз берган.

Қайд этилишича, онлайн сўровда респондентларнинг 44 фоизи (8599 овоз) «Эмланмайман» вариантини танлаган. Сўров иштирокчиларининг учдан бир қисми – 34 фоизи (6641) Россиянинг «Спутник V», 8 фоизи (1516) Хитой–Ўзбекистон ҳаммуаллифлигидаги ZF-UZ-VAC2001 ва 7 фоизи (1351) АҚШ–Германия ишлаб чиқарган Pfizer/BioNTech вакциналарига овоз берган. Респондентларнинг 5 фоизи (959) AstraZeneca (Буюк Британия), 2 фоизи (327) Moderna (АҚШ) вакциналарини танлаган.

«Албатта, бу маълумотларни тўлиқ социологик кесим сифатида ҳисоблаш ноўрин, аммо шунга қарамай, ўзбекистонликларнинг маълум бир қисми эмланишни рад этади, дейиш мумкин», дейилади хабарда.

Сўров давомида айрим фойдаланувчилар изоҳлар ва Telegram бот орқали бир қатор ўринли саволларни қолдиришган. Жумладан:

  • Нима учун эмланганларнинг соғлиғи тўғрисида маълумот йўқ?
  • Турли хилдаги вакциналарнинг одамларда ножўя таъсири қандай?
  • Эмлаш жараёнига қандай тайёргарлик кўриш керак?
  • Киши коронавирус билан касалланган ва антитаначаларга эга бўлса ҳам эмланиши зарурми?
  • Эмланишдан кейин юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ва хавфлар тўғрисида батафсил маълумотни қаердан олиш мумкин?
  • У ёки бу вакцинани танлашда давлат органлари, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайси факторларни инобатга олган? Дастлабки тадқиқотлар ўтказилганми?

«Мутахассисларнинг фикрига кўра, эмланишдан бош тортиш — ҳар доим ҳам қўрқув ёки ишончсизлик билан боғлиқ эмас. Асосий сабаблардан бири одамларнинг COVID-19’га қайта чалинаётганидир. Касал бўлмаганларнинг бир қисми бошқа вакцинани кутмоқда, бошқа қисми эса уларда ёки қариндошларида эмланиш қандай ўтишидан хавотирда. Баъзилар ножўя таъсирлардан қўрқади. Қўрқув вакцина сифатига ишончсизликни ҳам келтириб чиқаради.

Яна бошқа омиллардан бири аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимидан тўла қониқмаслигидир. Одамлар ортиқча бюрократияга, катта навбатларга дуч келишдан қўрқади, вакцина асоратлари бўлган тақдирда уларга малакали тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилишига шубҳа билан қарайди, самарасиз ташкил этилган эмлаш жараёни уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкинлигидан хавотирланади.

Муаммога ечим излаш учун вазиятли чоралар эмас, балки тизим керак. Биринчи навбатда, фуқароларнинг тиббиётга бўлган институционал ишончсизлигини бартараф этиш лозим. Тиббиёт ходимлари ва оддий фуқаролар ўртасида эмлаш тўғрисида оммавий ва очиқ ахборот кампаниясини бошлаш зарур», дейилади хабарда.

«Юксалиш» ҳолат бўйича қуйидаги таклифларни илгари сурган:

  • республика аҳолисининг вакцинага бўлган эҳтиёжлари ва уларнинг афзалликларини ўрганиш учун тўлиқ социологик тадқиқотлар ўтказиш;
  • эмлашни амалга оширадиган мутахассисларни ўқитиш, эмланишга хайрихоҳ бўлмаган ёки руҳан тайёр бўлмаган аудитория билан ишлаш бўйича тренинглар ташкил этиш;
  • беморларга ахборот етказишда норасмий ёндашиш, хабарларни тушунарли тарзда етказиш;
  • соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан тўлақонли ва ишончли маълумотларни, айтайлик, «COVID-19 вакциналари ҳақида ҳақиқат» рукни остида ўз манбаларида (шу жумладан, ижтимоий тармоқларда) тақдим этиш;
  • вакциналар ҳақидаги афсоналарни йўққа чиқариш;
  • таниқли давлат ва жамоат арбобларининг эмланиш жараёнини намойиш этиш, фаол фуқароларнинг фикрларини бериб бориш.

Бундан ташқари, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қуйидагиларга тайёр:

  • эмлашни амалга оширишга масъул бўлган давлат тузилмалари, миллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда «жамоат эшитувлари»ни ташкил этиш;
  • ушбу йўналишда волонтёрларни тайёрлашга кўмаклашиш (Волонтёрлар ассоциацияси билан биргаликда);
  • эмлаш бўйича туркум чиқишлар қилиш, хусусан, экспертлар хулосаларини бериб бориш, инфографикалар тайёрлаш.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 2021 йил 1 апрелдан бошланди. Эмлаш тадбирлари апрель ойида вилоятлар марказлари ва катта шаҳарларда бошланади, май ойида туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади, июнь ойида эса бошқа аҳоли қатлами эмланади.

Мавзуга оид