Ўзбекистон | 10:42 / 02.04.2021
2038
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб буйрак трансплантацияси йўлга қўйилади

Самарқандда йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб буйрак трансплантацияси йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун ўтказилаётган Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов айтиб ўтган.

Фото: iStock

Қайд этилишича, буйрак трансплантациясини йўлга қўйиш учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Ангиохирургия ва трансплантация бўлими, амалиёт блоки тўлиқ капитал таъмирланган. Бундан ташқари, марказда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказиш бўйича 2020 йилда муассаса врачлари ва тиббий ҳамширалардан иборат гуруҳ Тошкент шаҳрида малака оширган. Жорий йилнинг апрел ойида гуруҳ малака оширишнинг 2-босқичида қатнашиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, май-июн ойларида академик В.Воҳидов номли республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари марказга ташриф буюриб, маҳорат дарси сифатида буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказади.

Режага асосан, жорий йилнинг II ярмидан бошлаб вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассисларининг ўзлари бундай жарроҳлик амалиётини ўтказишади.

Таъкидланишича: Самарқандда буйрак трансплантацияси амалиёти жорий йил учун мўлжалланган давлат дастури асосида йўлга қўйилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид