Ўзбекистон | 10:15 / 02.04.2021
18684
4 дақиқада ўқилади

«Сиз давлатга хизмат қилган инсоннинг фарзанди хор қилиб қўйиладиган мамлакатда яшамаяпсиз» — Тошкентда амалдорлар ёшлар билан учрашди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар билан учрашувда тадбиркорликни бошламоқчи бўлган, шунингдек, ижтимоий қийин аҳволдаги ёшларга ҳокимлик ва шахсан ўз ёрдамини таклиф қилди.

Жорий йилнинг 31 март куни Тошкентда ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар билан мулоқотда улар дуч келаётган муаммоларга эътибор қаратди.

Учтепа туманида яшовчи фуқаро пакет ишлаб чиқариш цехида ишлашини ва касбини ўзгартирмоқчилигини, компьютер саводхонлиги ва инглиз тили курсларида ўқиш учун имконияти йўқлигини айтди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев унга ҳокимлик ҳисобидан ўқув маркази пули тўлаб берилишини айтди.

«Исталган жойдаги ўқув марказини танланг, биз ўқув курси пулини тўлаб берамиз. Кимда имконияти бўлмаса ва ўқув марказида ўқишни хоҳласа, тўлаб берамиз», деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Шундан сўнг, пойтахт ҳокими ижтимоий аҳвол қийинлиги сабаб ёрдам сўраб қилинган мурожаатларга жавоб берди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2-гуруҳ ногирони бўлган, ишга жойлашишда ёрдам сўраган фуқарони ишга жойлаб қўйишни тегишли мутасаддига топширди ҳамда унга иш жойидан видеохабар юборишни тайинлади.

Уйда ўтириб, тикувчилик қилиш учун тикув дастгоҳи олишда ёрдам сўраган қизга кейинги кун тушгача тикув машинаси уйида бўлишини ваъда қилди.

Тошкент туманидан келган тадбиркорлик бошлаш ниятида бўлган фуқаро туман газ идораси раҳбарлари томонидан сунъий тўсиққа учраётганини айтди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов муаммо ўрганилишини, шахсан ўзи шуғулланишини таъкидлади.       

«Кимга мурожаат қилгансиз, ким сизга шундай деган, ҳаммасини ёзиб олиб, туманга бориб ўрганиб, тагига етамиз. Шахсан ўзим шуғулланаман. Имкон доирасида ишлаб чиқаришингизга яқиндан ёрдам берамиз», деди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов.

Давлат хавфсизлик хизмати ходими бўлган, ошқозон саратони касаллиги туфайли вафот этган инсоннинг қизи ОТМларга кириш учун имтиёз берилмагани ва бунинг сабабларини, инглиз тилини яхши даражада ўзлаштирганини айтиб ҳокимга мурожаат қилди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев у қизга давлатга хизмат қилган инсоннинг фарзанди хор қилиб қўйиладиган мамлакатда яшамаётганини ва инглиз тили бўйича IELTS сертификати олиш учун имтиҳон топширишни таклиф қилиб, унинг бадал пулини тўлаб беришини айтди.

«Аллоҳ отангизни раҳматига олсин. Сиз давлатга хизмат қилган инсоннинг фарзанди хор қилиб қўйиладиган мамлакатда яшамаяпсиз. Ўқишга кира олмаётганингиз тақдир бўлиши мумкин. Агар истасангиз хоҳлаган ўқув курсида текинга тайёрланишингизни таъминлаймиз ёки иш десангиз ишга жойлаштирамиз. Инглиз тилини яхши билсангиз IELTS топширинг, пулини биз тўлаб берамиз. Ўша сертификат билан ўқишга киришингиз мумкин. IELTS имтиҳонидан 5 балл олсангиз институтга киргизмаган номард», деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шундан сўнг кўзи ожиз фуқаро барча шу тоифадаги инсонлар ишсиз экани, 400 минг сўм пенсия олишини айтди.

«Олмазорда 300 ўринли ишлаб чиқариш жойини қилдик. Шу тоифа инсонларни ишга жалб этдик, бошида ишлаймиз дейишди. Охирида 5 киши қолди, ишламади кўпчилиги. Эътибор бор, йўқ эмас, лекин айтганингиздек тўлиқ эмас.

Кўпчилик номидан гапирганингиз учун сизга катта раҳмат, бу масалани алоҳида кўриб чиқамиз, сизларнинг муаммонгиздан хабардорман, лекин улар ҳам ишлаши керакда. Ҳаммаси ҳам ишлаб кетаман, дея олмайди», дея кўзи ожиз фуқаролар муаммолари бўйича фикр билдирди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид