Ўзбекистон | 16:44 / 03.04.2021
8097
5 дақиқада ўқилади

Антимонополия қўмитаси «Uzbekistan Airways»нинг йўловчилар багажи учун янги тўлов миқдорлари белгилаганига муносабат билдирди

Kun.uz сайтида “Uzbekistan Airways”нинг йўловчилардан багаж учун алоҳида ҳақ (ўртача 10 АҚШ доллари) ундира бошлагани амалдаги қонунларга зид тарзда амалга оширилгани танқид қилинган ҳамда бу масалага Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигидан муносабат сўралган эди.

Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу масала юзасидан Kun.uz’га муносабат тақдим этди.

Ижтимоий тармоқларда “Uzbekistan Airways” АЖ кутилмаган тарзда йўловчилардан багаж учун алоҳида ҳақ (ўртача 10 АҚШ доллари) ундира бошлагани, компания буни янгича қоидага ўтиш деб баҳолаётгани, аммо бу қонунчиликка зид ҳисобланиши тўғрисидаги мақолалар кенг муҳокама қилинмоқда.

Хусусан, Kun.uz томонидан эълон қилинган мақолада компаниянинг ушбу ҳаракатлари қонунга зид бўлиб чиқаётгани, яъни “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонун 7-моддасининг тўртинчи қисмига биноан, янги нарх (тариф)лар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозимлиги маълум қилинган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ушбу ҳолат юзасидан маълумот беришича, қўмита тегишли қарорига асосан “Uzbekistan Airways” АЖ Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган.

“Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонун 7-моддасида қайд этилган, жумладан янги нарх (тариф)лар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши лозимлиги тўғрисидаги шарт табиий монополия субъектлари учун белгиланган бўлиб, “Uzbekistan Airways” АЖ табиий монополия субъекти бўлмагани сабабли ушбу шарт унга татбиқ этилмаслиги айтилади.

Ҳаво кодексининг:

  • 98-моддасида йўловчи белгиланган тариф бўйича парвоз учун, юк ташувчи белгилаган меъёрдан ортиқ қўл юки бўлган тақдирда эса бундай қўл юки учун ҳам ҳақ тўлаш мажбуриятини олиши;
  • 102-моддасида йўловчига белгиланган меъёр доирасида багаж ва қўл юкини текин ўзи билан олиб учиш ҳуқуқи берилиши;
  • 105-моддасида ташиш ишларини ташкил қилиш ва тарифларни қўллаш, йиғимлар тўлаш, қатновни кирага сотиш қоидалари ташувчи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланиши қайд этилган.

Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 29 июнда 2238-рақам билан рўйхатдан ўтказилган Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларининг 1-бандида багажни бепул ташиш оғирлиги ташувчи томонидан белгиланган эркин ташиш меъёрига мос келган, қўшимча йиғимлар тўловисиз ташиладиган багаж экани, бундай меъёрни ташиш ҳақи йўловчи ташиш тарифига киритилгани белгиланган.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 19 августдаги ПФ-5781-сон фармонида “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖни ривожлантириш бўйича қайтарилмайдиган ва багажсиз тарифлардан фойдаланиш йўли билан авиақатновлар нархини оптималлаштириш бўйича халқаро тажриба жорий этишни назарда тутувчи барқарор бизнес-модел ишлаб чиқиш белгиланган.

Шу муносабат билан, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан нархларни барқарорлаштириш мақсадида багажсиз тарифлар ишлаб чиқилган, шунингдек муқаддам амалда бўлган багажли тарифлар ҳам ўз кучида қолган.

Қўмита томонидан бир неча бор “Uzbekistan Airways” АЖ хизматлари нархлари ўрганилган бўлиб, нархларнинг хорижий давлатлар, қолаверса қўшни давлатлар авиакомпаниялари нархларидан юқори экани кузатилган.

Бироқ, нархларнинг юқорилиги жамият томонидан монопол юқори нарх қўллагани ёки устун мавқени суиистеъмол қилгани натижасида эмас, балки жамиятнинг сақлаш харажатлари юқорилиги ва иш жараёни самарадорлиги билан боғлиқ ҳолда келиб чиққани маълум бўлган.

“Бугунги кунда ҳукумат топшириқлари асосида стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик корхона ва тармоқларни трансформация қилиш ишлари амалга оширилмоқда, жумладан “Uzbekistan Airways” АЖ ҳам улар қаторида.

Шу сабабли, қўмита томонидан “Uzbekistan Airways” АЖни трансформация қилиш ишларини амалга ошириш жараёнида, хизматлар нархини барқарорлаштириш, соҳада рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда тармоқ рақобатбардошлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларга киритилган.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сон қарорига мувофиқ йўловчиларни ҳаво йўллари орқали ташиш хизматлари нархи тўғридан тўғри давлат томонидан тартибга солиниши белгиланмаган.

Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Uzbekistan Airways” АЖ хизматлари нархларини шакллантиришда монопол юқори нарх қўлланилишига йўл қўйилмаслиги ҳамда бозордаги монопол мавқейини суиистеъмол қилмаслиги доимий ўрганилиб борилмоқда”, дейилади муносабатда.

Мавзуга оид