Жамият | 17:08 / 04.04.2021
11306
2 дақиқада ўқилади

30 минг доллар эвазига прокуратурага ишга жойлашни ваъда қилган шахс қўлга олинди

Прокуратура органларига ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахс сўралган 30 минг доллардан 5 минг долларини олаётганида қўлга олинди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, прокуратура органларига ишга олиб киришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди.

Маълумотга кўра, «Носир» исмли шахс мансабдор яқинлари орқали фуқаро А.Э.ни прокуратура органларига ишга жойлаштиришини айтиб, эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

У ушбу пуллар ҳисобидан 5 минг долларини олдиндан бериш кераклигини айтган.

А.Э.нинг таниши И.Э. ушбу ҳолат юзасидан прокуратура органларига ариза билан мурожаат қилган.

4 апрель куни мурожаат юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, 2 нафар фуқаро Чилонзор туманидаги «Денов» чойхонасида И.Э.дан 5 минг долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Гумондор шахслар процессуал тартибда ушланган. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Миллий гвардияга ишга киритиб қўйиш учун 27 500 доллар, ДХХга ишга киритиб қўйиш учун 5000 доллар, қамоқхонага ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 2000 доллар сўраган шахслар ушланган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид