Ўзбекистон | 19:33 / 04.04.2021
36640
7 дақиқада ўқилади

«Жарроҳлик жамоавий иш, у футболга ўхшайди» – Россиядаги 2 минг доллар маошни ташлаб, Самарқандда ишлаётган шифокор билан суҳбат

Бугунги суҳбатдошимиз Нисо Турдиева – болалар кардиожарроҳи. У болаларда юрак жарроҳлигини олиб бориб, уларни даволайди. Хориждаги муваффақиятли карьерасини ташлаб, Ватанга қайтган қаҳрамонимиз айни вақтда Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолият олиб бормоқда.

Суҳбат давомида Нисо Турдиеванинг фаолияти, кардиожарроҳлик соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлари, футболга қизиқиши, хориждаги карьераси ва бошқа қизиқарли мавзуларда гаплашдик.

«Кардиожарроҳликни кучли мутахассислардан ўрганиш учун Россияга бориб ўқиганман»

«Мен Нисо Турдиева Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида мактабни тугатиб, 2003 йил Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ўқишга кирдим. 2009 йил, 6-босқичда ўқиб юрганимда, ўқишни Санкт-Петербург Тиббиёт академиясига кўчирдим ва ўша ерда бакалавр дипломини олдим. Университетда ўқиб юрганимда, кардиожарроҳлик соҳасини танлашимни, бу соҳада ординатура ёки магистратура йўналишларига қабул фақат Тошкентда борлиги ва квота жуда камлигини билардим. Бир йилда 1-2 киши қабул қилинарди, холос. Ўша вақтларда Ўзбекистонда кардиожарроҳлик соҳаси ҳали унчалик ривожланмаган эди. Буларни англаган ҳолда, ўз соҳамни хориждаги кучли мутахассислардан ўрганишга қарор қилдим.

Университетни битирганимдан кейин Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказига ўқишга бордим. У ерда 9 йил давомида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, номзодлик диссертациямни ёздим. Марказда кичик илмий ходим ва юрак қон-томир жарроҳи лавозимларида ишладим.

3-босқичда ўқиб юрганимда жарроҳ бўлишимни билардим. Лекин айнан қайси жарроҳлик йўналишини танлашга келганда бир қарорга келмагандим. Болалар жарроҳлиги ёки умумий жарроҳликни танлашим керак эди. Ўқиш пайтида юрак туғма нуқсони бўлган ва операцияга муҳтож, аҳволи оғир беморларга кўп марта дуч келганман. Боланинг қўли ёки оёғида нуқсон бўлса, у билан яшаса бўлади, аммо юрак нуқсони билан яшаш имконсиз. Шу сабабли юрак хасталиги бор болаларга ёрдам бериш учун болалар кардиожарроҳи бўламан, деб қатъий аҳд қилганман».

«Жарроҳлик жамоавий иш, якка ўзингиз муваффақият қозонолмайсиз»

«Бошида тиббиёт соҳасидан кетишимга оиламдагилар бироз қарши бўлишган. Чунки Сурхондарёда тиббиёт олийгоҳи йўқ эди ва мен Тошкентга бориб ўқишим керак эди. Авлодимизда ягона шифокор менман, фақат опам тиббиёт ҳамшираси. Отам оилада тўнғич фарзанд бўлган. Самарқандга келиб ўқиган, аммо оилавий шароит ва бобомнинг хасталиги туфайли ўқишни ташлашга мажбур бўлган. Мана шу ҳолат тўғри танлов қилишимга сабабчи бўлди: Россиядан қайтиб келишдан олдин Тошкент ёки Самарқандга келиб ишлаш танлови бўлган. Ўшанда иккиланмай Самарқандни танлаганман. Чунки кўплаб ватандош ҳамкасбларим ҳам қайтишган ва мен ҳам улардан кейин қайтдим. Бу биринчи сабаб бўлса, иккинчиси отамнинг ушалмаган орзусини рўёбга чиқариш эди.

Кардиожарроҳликда жамоа бўлиб ишлаш жуда муҳим, чунки операцияни якка ўзингиз муваффақиятли амалга оширолмайсиз. Бунда ҳамкасблар жипслиги жуда муҳим. Россияда ҳам бирга ишлаган курсдош ҳамкасбларим билан Самарқандга қайтиб келганмиз ва самарали фаолият олиб боряпмиз.

Касбим жуда машаққатли ва оила аъзоларим буни тўғри тушунишади. Самарқанддан Сурхондарёга бориб келишга вақт топишим жуда қийин. Сабаби бу ерда беморларни ташлаб кетолмайсиз. Шунинг учун, ўзлари келиб кўриб кетишади».

Нисо Турдиева

«Ватанга қайтиш мақсади доим бўлган»

«Россияга кетишимдан олдин кардиожарроҳликни хорижда мукаммал ўрганиб, Ўзбекистонга қайтиш ва соҳани ривожлантириш мақсадим бўлган. Кўплаб ҳамкасбларим ҳам худди шундай мақсадда хорижга кетишган ва Ўзбекистонга қайтиб келишди. Шу жиҳатдан улар билан ниятларимиз муштарак бўлган. Улар мендан бир неча йил олдин қайтиб келишди, соҳани ривожлантиришни бошлашди. Сўнг мен ҳам келдим.

Россияда 2 000 АҚШ доллари миқдорида ойлик олардим. Лекин нимадир етишмасди. Яқинларингиз ёнингизда эмас, мусофирчилик қийинчиликлари ҳам бор. Ҳеч нарса татимайди бегона юртда. Самарқанддан Сурхондарёга ойда бир марта бориб ота-онамни кўриб келишим мумкин. Россиядан эса келолмасдим. Йилда бир мартагина келиб-кетишга имконим бор эди, холос.

Россияда кардиожарроҳлик марказида ишлаганимда, Ўзбекистондан келган беморларни кўп кўрардим. Бемор болаларнинг аҳволи оғир, моддий шароити эса ҳаминқадар. Буларни кўриб, шуларнинг ҳаммасини ўзимизда қилса бўлади-ку, деб ўйлаганман. Қайтишимнинг сабабларидан бири шу».

«Ўлим ҳолатидан кейин нафақат беморнинг яқинлари, биз ҳам сиқиламиз»

«Ташқи кўринишдан совуққон кўринарман, бироқ биз ҳам аввало инсонмиз, бизда ҳам ички туйғулар бор. Ўлим ҳолатларида бемор ота-онаси каби биз ҳам ич-ичимиздан эзиламиз. Шифокор сифатида баъзида совуққон бўлишга мажбур бўласиз. Агар бемор ўзи дардманд бўлса-ю, сиз ҳам унга дардкаш бўлсангиз, унда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Охирги марта қачон йиғлаганимни эслолмайман. Йиғлашим қийин масала. Сабаби ҳаммасини ичимга ютаман».

«9 йил Россияда ишлаб, Ўзбекистонга қайтиб келмоқчи бўлганимда, ҳамкасбларим ва хориждаги дўстларим ҳайрон қолишган»

«Қайтишимни айтганда, Россиядаги ҳамкасбларим ҳайрон қолишган, албатта. Бошида ишлаб кета олармикинман, деб ўзимга ишонмаганман. Ҳозир эса бу йўлни танлаганимга ҳечам афсусланмайман. Хориждаги дўстларим ҳам қачондир қайтиб келишади. Энг аввало, уларга етарли шароитни яратиб бериш керак.

«Шифокор бўлмаганимда, футболни танлаган бўлардим»

«1996 йилдан бери футболга қизиқаман. Россиядаги ҳаваскор жамоада 6 ой ўйнаганман ҳам. Кардиожарроҳлик ва футболнинг ўхшашлиги бор – жамоавийлик. Футбол жамоасида аҳиллик, бирдамлик қанчалик муҳим бўлса, кардиожарроҳлик ҳам бу жуда аҳамиятли. Агар кардиожарроҳ бўлмаганимда, менимча, футболчи бўлардим.

Ёшлигимдан оқ халат қийишни жуда орзу қилганман. Икки йил тиббиёт олийгоҳига киролмаганман. Шунда бозорда пирожки, газли сув сотганман. Ўшанда оқ халат кийиб сотганмиз. Танишларим ҳазиллашиб, оқ халатни орзу қилгандинг, мана, кийиб юрибсан, деб кулишарди. Лекин мен шифокор бўлиб оқ халат кияман деб олдимга аниқ мақсад қўйгандим. Инсонларга фойдам тегиши, ўз касбимни севишим мен учун энг муҳим жиҳатлардир. Операциядан кейин болаларнинг аҳволи яхшиланса, ота-онаси бундан хурсанд бўлса, танлаган касбимдан ғурурланиб кетаман.

Россияда тиббиёт олийгоҳида ўқиганимда, ўз соҳамни шифохонага 5 кун ишга келиб-кетиш билан чуқур ўрганолмаслигимни тушунганман. 6-7 йил давомида ижарада турмасдан, шу шифохонада ҳам ишлаб, ҳам яшаганман. Охирги 2 йилда ижарада турганман. Сабаби оғир ҳолатлар кечаси навбатчилик пайтида юз беради. Юрак трансплантациялари операцияларида ҳам қатнашардим».

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири
Оператор ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид