Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қувада тиббий ниқоб тақмагани учун ушланган йигит: унинг ўлимига нима сабаб бўлди?
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува туманида тиббий ниқоб тақмасдан кўчада юргани учун 20 ёшли Аҳрор Анваровнинг ўз маҳалласида ички ишлар ходимлари билан тортишиб қолиб, ИИБ биносига олиб кириб кетилгани ва у ердан йигитнинг ўлиги чиққани ҳақида хабар тарқалди.

Kun.uz мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қува тумани «Пахтакор» МФЙ Ёшлик кўчаси 289-хонадонда бўлиб, марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Марҳум Аҳрор Анваровнинг отаси Ёрқинжон Халилов ҳозир интервью беришнинг мавриди эмаслиги, 3-4 кун ўтиб Kun.uz мухбирига ўзи чиқиб вазият ҳақида батафсил маълумот беришини билдирди.
Марҳумнинг амакиваччаси Лутфиёр Халиловнинг маълум қилишича, амакисининг 3 нафар фарзанди бўлиб, Аҳрор Анваров оилада кенжа фарзанд бўлган.
Ёрқинжон Халиловнинг тўнғич қизи турмушга чиқиб кетган, ўртанча ўғил Аҳмаджон Анваров (марҳумнинг акаси) Фарғона политехника институтининг 4-курс талабаси. Бундан 7 ой муқаддам у узум қирқаётиб баланликдан боши билан пастликка қулаб тушган. Бахтсиз ҳодиса туфайли у шу кунгача ўзига келмай, шифохонада кома ҳолатида ётган. Шу сабаб оила ўз ҳаловатини йўқотган. Ота ва марҳум Аҳрор шифохонада комадаги Аҳмаджоннинг ёнида бир кундан навбатчиликда туришган.

«31 март куни жияним шу маҳаллада иш жойига, яъни цехига чиқиб кетаётганида йўлда участка нозирлари билан маска тақмагани учун тортишиб қолишган. Шундан кейин жиянимни нозир ўз машинасига солиб хизмат хонасига олиб кетган. Нозир хонасида 10-15 дақиқа тушунтириш ишлари олиб борган.
Тез орада амакиларим ва марҳумнинг отаси Ёрқинжон Халилов ҳам нозир хонасига бориб йиқилган бола туфайли оиладаги вазият яхши эмаслигини тушунтиришган.
Ёрқин ака ўғли номидан участка нозиридан кечирим сўраган. У ерда ҳеч ким жиянимни урмаган. Тўполон, жанжал содир бўлмаган. Тушинтириш ишлари олиб борилганидан сўнг, баённома тузилмаган. Томонлар келишиб ҳамма ўз уйига тарқалган», — деб ҳикоя қилди Лутфиёр Халилов.
Бу воқеадан икки кун ўтиб, 2 апрель куни Аҳрор Анваров вафот этади. Амакиваччаси ҳодисани шундай эслади.
«2 апрель куни жияним, цехидаги усталарга овқат бериб, у ердан чиқиб текис йўлда йиқилган. «Тез ёрдам» машинасида шифохонага олиб кетишган. Бироқ унинг шифохонада жони узилган. Ҳодиса рўй бергач, менга бу ҳақда хабар қилишди. Шифохонага етиб бордим. Кўрсам — ҳақиқитда жиянимнинг юзлари шилиниб ётган экан», — деди Лутфиёр Халилов.
Л.Халилов шундан кейинги воқеаларни ҳикоя қила туриб, жиянига жисмоний тазйиқ бўлмаганини таъкидлади.
«Прокуратурадан келишди. Уни экспертизага олиб бордик. Мурдани 1 соатдан ортиқ вақт давомида текширишди. Ўткир юрак етишмовчилиги ташхиси беришди. Танасида жароҳат ўрни йўқ дейишди. Ўткир ака деган врач урган, қийноққа солинган ҳолат йўқ, деб айтди.
Жиянимга ИИБ ходимлари томонидан тазйиқ бўлмаган. Уни кийимсиз ҳолатида кўрдим. Жасадни ювишда ўзим қатнашдим. Танасида жароҳат изи йўқ эди. Мушт ёки тепки еса ҳеч бўлмаса қонталаш бўларди. Танасида бундай белгилар йўқ эди», — деди у.
Марҳумнинг қариндоши Аҳрор Анваров вафот этгунга қадар соғлом бўлгани, бирор касалликдан шикоят қилмаганини ҳам айтиб ўтди.
«Аҳрор соппа-соғ эди. Касал бўлиб юрганини билмаганман. Шлакаблок цехи очишиб, 2-3 нафар боллар билан ишлаб юришган эди. Воқеадан кейин ИИБ ва прокуратура ходимлари келиб ҳолимиздан хабар олишди. Ҳолатни прокуратура назоратга олган.
Участка нозири Ойбек билан ҳам гаплашдим. У қўполлик қилган бўлса ҳам, унга қўл теккизмадим, деб айтди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларнинг барчаси ёлғон. ИИБ биносидан жиянимни ўлиги чиқмаган», — деди Лутфиёр Халилов.
Марҳумнинг амакиси Аъзам Халилов жияни Аҳрорни участка нозири олиб кетгандан кейин укалари Умид ва Ёрқин билан воқеа жойига боргани, укаси Умид ака эса участка нозири билан тенгма-тенг нозирнинг хизмат хонасига олиб кирилгани, жиянига бирор жисмоний тазйиқ бўлмаганини айтди.
Ҳудуднинг участка нозири Ойбек Маҳмудов 31 март куни кўчада тадбир пайтида тиббий ниқобсиз юрган Аҳрор Анваровни кўриб қолишгани, ниқоб тақмагани учун у билан тортишиб қолиб, шахсига ойдинлик киритиш учун уни хизмат хонасига олиб борилгани, энг асосийси — у билан орқама-кетин марҳумнинг амакиси ўз машинасида бирга келишгани, хонада А.Анваровга нисбатан ҳеч қандай жисмоний тазйиқ бўлмаганини айтди.
Ойбек Маҳмудов ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ эканини айтиб ўтди. Нозирлар томонидан унга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилмаганини таъкидлади.
Воқеа гувоҳи бўлган шахс «Қалинпўстин» МФЙ раиси Фароғат Тожиддинова 31 март куни марҳумнинг маҳалласида Аҳрор билан учрашиб қолишганини айтди. Ўшанда у билан Ойбек Маҳмудов ва яна икки нозир бўлгани, ниқоб масаласида марҳум Аҳрор билан участка нозирлари тортишиб қолишгани, шундан кейин нозирлар Аҳрорни машинага ўтқазиб, участка хонасига олиб кетишганини гапириб берди.
Маҳалла раисининг қўшимча қилишича, нозирлар билан марҳумнинг 2 амакиси, кейинроқ отаси идорага борган.

Ички ишлар вазирлиги мазкур воқеа юзасидан расмий баёнот эълон қилди.
Унда А.Анваров маҳалладаги профилактика инспекторлари масканига 31 март куни олиб келингач, у ўзи содир этган ҳуқуқбузарлигини тушуниб етганлигини, моддий томондан қийналганлигини маълум қилганлиги боис отаси Ё.Халилов иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиб, расмий огоҳлантирилган ва отаси билан биргаликда яшаш хонадонига рухсат берилгани қайд этилган.
А.Анваров 2 апрель куни у Қува тумани «Қалинпўстин» маҳалласи бўйлаб пиёда кетаётганда йиқилиб тушиб, соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли шифохонага олиб борилгани, тиббий муолажаларга қарамасдан, шу куни А.Анваров шифохонада вафот этгани ҳам айтилган.
Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан Қува туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
23:56 / 20.05.2025
ИИБ ходимини пичоқлаган шахсни қўлга олишда ёрдам берган фуқаро 10 млн сўм билан тақдирланди
20:24 / 19.05.2025
Тошкентда руҳий касал эркак ички ишлар ходимини пичоқлади
10:06 / 21.04.2025
Бухорода ИИБнинг қатор мулозимлари ишдан олинди
12:04 / 05.04.2025