Яккабоғда кўприк қурилиши материал кечиккани сабаб тўхтаб қолди: табиат буни ҳисобга олармикан?
Яккабоғ тумани Гулистон маҳалласини иккига бўлиб турган дарё устидаги кўприкни сел олиб кетгач, аҳоли анча қийналиб қолган. Бир муддат аввал кўприк тикланиши бошланган эди, бироқ бугунги кунда қурилиш ишлари уларга номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолган.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида бўлди.
Дарҳақиқат, халқ тили билан айтганда, Қизилдарёнинг ўзани анчагина кенг экан. Айниқса, ёғин-сочинли мавсумда сув сатҳи кўтарилиб, аҳолига ноқулайлик туғдириб келган.
Маҳалла фаоли Тоҳир Донаев мазкур кўприкни икки йил аввал сел олиб кетганини айтди. Маълум бўлишича, айнан шу кўприк орқали бир неча қишлоқ ва кўча аҳолиси Эски Яккабоғ шаҳарчасига чиқишган. Фаолнинг айтишича, мактаб ўқувчилари ўтиб-қайтишда қийналиб қолгани сабабли 2020 йилда маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати билан кўприк ўрни бироз тартибга келтирилган. Аммо бу «қўлбола кўприк»нинг бардоши бир марта сел келгунича экани кўриниб турибди.
«Дарёга яқин ҳудудда яшайман. Яқин эллик йил мобайнида бунчалик катта сел келганини кўрмагандим. Эллик-олтмиш йиллик катта кўприкни бир соат ичида олиб кетганига гувоҳ бўлдик. Мақсадимиз, мана шу кўприкни тезроқ қуриб беришсин. Дарёнинг нариги томонида яшаётганлар фарзандини мактабга жўнатишга қўрқиб қолган. Шу ергача келиб, болаларни ўтказиб қўйишади.
Мана, бир йилдан бери усталар келиб қўл учида ишлаб, яна кўринмай кетишади. Мана, озми-кўпми иш олиб борилди, бетон қуйишди. Яна ёғинли мавсум бошланяпти, агар шу кунларда сел келса, мана шунча меҳнат ҳавога совурилади», — дейди Хайринисо Ражабова.
Гулистон маҳалласининг яна бир фаоли Жамолиддин Камолов ҳам қурилиш соҳасидан хабардор эканини айтди. У кишининг сўзларига кўра, айни вақтда дарё ўзани ёпиб қўйилган. Сел йўли тўсилиб қолгани сабабли, исталган вақтда қилинган ишни сув олиб кетиши мумкин. Кўприкнинг ҳимоя қатлами ҳам қилинмаган. Ушбу ҳолат ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айтилди.
«Сарфланган маблағ исроф бўлишига ачинаман», дейди Жамолиддин ака.
Унинг қўшимча қилишича, дарёнинг юқори қисмида завод ҳам қурилган бўлиб, дарё ичидан тош-шағал олинмоқда. Айнан бу ҳолат ҳам табиийликнинг йўқолишига, дарё ўзани пасайиб, сел йўли бузилишига хизмат қилади.
Умуман, ҳудуд аҳолиси ҳозирги вақтда кўприк қуриш бошланган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра иш тўхтаб қолганидан ташвишда. Чунки икки йил аввал келган катта сел оқибатида мустаҳкам, деб ҳисобланган кўприк оқиб кетган. Шундай экан, баҳор ёмғирлари натижасидаги эҳтимолий сел қўлбола кўприкни ҳам оқизиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу дегани, катта бир маҳалланинг ярми узоқ муддатга оғир шароитга тушиб қолиши мумкин.
Шундай бир пайтда кўприк қурилишининг ҳам яна орқага чўзилиб кетиш эҳтимоли йўқ эмас.
Кўприк қурилишининг нега тўхтаб қолганини билиш мақсадида Яккабоғ туман ҳокимлигида бўлдик. Вазият бўйича туман ҳокими ўринбосари Шуҳрат Мусурмонов маълумот берди.
Мутасаддининг сўзларига кўра, 2020 йилда туманда иккита ҳудудда кўприк қурилиши режалаштирилган бўлиб, хусусан, Гулистон маҳалласидаги кўприк қурилишига 1 млрд 700 млн сўм ажратилган. Қурилиш ишлари «Равшан Зар» шуъба хўжалик жамиятига топширилган. Кўприк жорий йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштириляпти.
Ҳоким ўринбосари 2021 йил давлат дастурига асосан айнан Гулистон маҳалласидаги 25та хўжаликни сел сувидан муҳофаза қилиш ҳамда дарёнинг ўнг қирғоғидан 600 метр масофани ростлаш, темир-бетон билан ҳимоя қилиш кўзда тутилгани ҳақида маълумот берди.
10-15 кундан бери Гулистон маҳалласидаги кўприк қурилиши тўхтаб қолганига изоҳ бераркан, ҳоким ўринбосари қурилиш корхонаси томонидан керакли маҳсулотлар ўз вақтида етказиб келишда муаммолар кузатилаётганини айтди.
2021 йилнинг биринчи чораги ҳам ўтиб бўлди. Ҳоким ўринбосари эса кўприк қурилиши иккинчи чоракда якунланиши ҳақида маълумот бермоқда. Ваҳоланки, қурилиш материаллари кечикаётганини Мусурмоновнинг ўзи ҳам тасдиқлаб турибди. Савол туғилади, ҳақиқатан ҳам иккинчи чоракда кўприк қурилишига мутасаддилар улгура олармикан? Маҳалла фаоллари айтганидек, бирор кун сел кўтарилиши шу вақтгача бажарилган ишларга зарар етказмасмикан?
Дарвоқе, Яккабоғдан қайтганимизга ҳам икки ҳафтача бўлди. Гулистонликлар телефон орқали биз билан боғланиб, қурувчилардан ҳануз дарак бўлмаётганини хабар беришди. Ёмони, яқинда кузатилган ёғингарчилик «қўлбола кўприк»ни ювиб кетгани, аҳолининг ўтиб-қайтишида яна муаммо пайдо бўлганини билдиришди.
Kun.uz мавзуга яна қайтади.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.