Ўзбекистон | 16:55 / 05.04.2021
19939
5 дақиқада ўқилади

Бухоро тиббиёт институтида йирик коррупцияга қўл урилгани айтилмоқда. ОТМ буни рад этди, баъзи саволлар очиқ қолди

Блогер Умид Ғофуров Бухоро давлат тиббиёт институти ректори ҳаммуаллифлигидаги китоб шу институт томонидан 1,4 млрд сўмга сотиб олинаётгани ва институтда коррупция борлигини тасдиқловчи далилларга эгалигини маълум қилди. ОТМ унинг даъволарини рад этди. Юқори турувчи ташкилотлар текширув ўтказишга шошилмаяпти.

Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти

Блогер Умид Ғофуров Бухоро давлат тиббиёт институтида коррупция ҳолатлари авж олганини хабар қилди. У «Одам анатомияси» дарслиги талабаларга мажбуран сотилаётгани, бу дарсликни чоп этиш бўйича буюртмалар шубҳали тарзда «Bitubi Grupp» МЧЖга берилаётганини маълум қилди.

Умид Ғофуровга кўра, «Одам анатомияси» дарслиги муаллифларидан бири ва айни вақтда институт ректори в.в.б. Шуҳрат Тешаев «Bitubi Grupp» МЧЖ таъсисчиси Эдуард Ицков билан келишган ҳолда, бир нечта шартномалар орқали 1,4 млрд сўмга яқин институт пулларини шу корхонага кўчириб бермоқда.

Блогер бир нечта таклифлар орасидан «Bitubi Grupp» МЧЖнинг танлаб олинишига эътибор қаратди. Китоб биржа савдоларига қўйилганда ҳар бир дона тўплам учун 364 минг, 369 минг, 373 минг ва 380 минг сўмлик нисбатан арзонроқ таклифлар берилгани ҳолда 382 минг сўмни ташкил этувчи «Bitubi Grupp» МЧЖ таклифи қабул қилинган.

Бухоро давлат тиббиёт институти ҳолатга муносабат билдириб, мазкур китоб смарт шаклдаги қулайликларга эгалиги, китобни яратишдан мақсад тиббий таълимнинг инновацион технологияларини қўллаш эканини билдирди.

Расмий ахборотда университет китоб чоп этиш бўйича шартномаларни Товар-хомашё биржаси орқали қонун доирасида амалга оширгани, харидларни етказиб бериш бўйича ўз тижорий таклифини берган корхоналар китобга қўйилган талабларни тушуниб, савдода иштирок этишни ўзлари рад қилгани, китоб муаллифларидан бири – институт ректори в.в.б. Шуҳрат Тешаев бу лавозимга 2020 йил 19 сентябрда тайинлангани ва шартномаларнинг аксарияти Ш.Тешаев ҳали раҳбар бўлмаган вақтда тузилгани маълум қилинган.

Шуҳрат Тешаев
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Бундан ташқари, институт баёнотида «Bitubi Grupp» МЧЖ ўқув тиббий адабиётларни нашр этиш бўйича лицензияга эгалиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан муаллифларга китобни чоп этиш бўйича нашр рухсатномаси берилгани ҳам таъкидланган.

Шундан сўнг, Умид Ғофуров юқоридаги лицензия 2019 йил 16 сентябрда, нашр рухсатномаси 2019 йил 2 ноябрда олингани, бироқ ушбу ҳужжатлар олингунга қадар, яъни 2019 йил 13 август куни ҳам институт ва ушбу нашриёт ўртасида шартнома имзоланганига эътибор қаратди.

Шунингдек, блогер ўзида Ш.Тешаев институт хизмат автомобилидан оилавий мақсадларда фойдаланишига оид видео борлиги, институтда талабаларга Ибн Сино сурати акс этган эмблема мажбурий равишда сотилгани, мабодо талаба бу эмблемани ўқув формасига тақиб олмаса, унга «нб» қўйиш (дарсга келмаган деб ҳисоблаш) тартиби жорий этилганини ҳам билдирди.

«Бир оддий ўқитувчи 8 мартга қилинган совғани миннат қилгани ҳақида гапирганимда, ярим кун ичида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги бу ўқитувчини ишдан бўшатди.

Ўз китобларини олийгоҳ бюджети ҳисобидан камида 1,4 млрд сўмга харид қилган ректор ҳақида гапирганимга 12 кун бўлди, бирор бир муносабат билдирилмади. Вазирликнинг тиши фақат оддий ўқитувчиларга ўтадими? Камида бу маълумотларга муносабат билдириш ўринли эмасмиди?

3 кун олдин барча далилларни кўрсатиб видео тайёрладим. Ҳеч қандай ташкилот мендан тафсилотларни ўрганиш учун алоқага чиқмади. Ахир менда ҳайдовчидан олинган видео далиллар бор, талабалар мажбурий равишда китоб ва эмблемаларни сотиб олиши тўғрисида хабарлар бор... Бу ҳеч кимга қизиқ эмасми? Ҳеч бўлмаганда текширишни бошлаш учун яна қандай далил керак?

Шунча юқори ташкилотлар бефарқми таълим тизимида бўлаётган ишларга нисбатан?» – дейди Умид Ғофуров.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳолатга изоҳ бермади. Вазирлик ўтган ойда «коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳамда манфаатлар тўқнашувига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши»ни баён қилганди.

Kun.uz Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан олган маълумотга кўра, агентлик мазкур ҳолат бўйича 2 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига сўров юборган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид