Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент бозорларида ярмаркадаги ёғ учун навбатлар юзага келмоқда
Ижтимоий тармоқларда “Aвиасозлар” бозорида арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркасида ёғ учун турнақатор навбатлар юзага келаётгани, сотувчилар харидорларга навбатга турмасликни, ёғ етганча сотилишини айтаётганига оид хабарлар тарқалди. Ўз навбатида, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси бозор расталарида ёғ тақчиллиги юзага келмаётганини маълум қилди.
Хабарларга кўра, Тошкент шаҳридаги “Aвиасозлар” бозорида ташкил қилинган арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркасида писта мойига узун навбат юзага келган. Бозор расталарида ўсимлик мойи 20 минг сўмдан сотилаётган бўлса, ярмаркада 14 минг сўмдан сотилмоқда.
“Арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси растасида ёғ ва шакардан бошқа нарса йўқ. Узр, адашибман. Россиядан келтирилган қуюлтирилган сут ҳам бор экан. Уни ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ. Ҳамма ёғ дардида. Бундай номигагина ташкил этилаётган ярмаркалар билан нарх барқарорлигини ушлаб бўладими? Аҳолининг ёғга бўлган эҳтиёжини-чи? Асло! Бу навбатлар бекорга пайдо бўлаётгани йўқ. Ўсимлик мойи аллақачон нархи тез ошиб бораётган маҳсулотлар таркибидан жой олган”, — дейди муаллиф.
Aрзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган. Ҳолат юзасидан ҳокимлик матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, ҳақиқатан арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркасида ёғ учун навбатлар юзага келган.
“Ярмаркалар фақат “Aвиасозлар” бозорида эмас, Тошкентдаги бошқа бозорларда ҳам ташкил этилди. Тадбиркорларга ажратилган субсидиялар ҳисобига ёғ ва бошқа маҳсулотлар нархи арзонлаштирилган тарзда бозорларда сотилди. Бошқа жойларда маҳсулот (ўсимлик мойи) 20 минг сўмдан сотилаётган бўлса, ярмаркада 14—17 минг сўмдан сотилмоқда. Шунинг ҳисобига одамлар навбатда туриб ёғ сотиб ола бошлашди. Фуқароларга янада енгиллик яратиш мақсадида бундай ярмаркалар яна давом этади”, дейди Kun.uz билан суҳбатда бўлган ҳокимлик вакили.
Ушбу ҳолат юзасидан “Ўзёғмойсаноат” корхоналари уюшмаси ҳам Kun.uz’га ўз муносабатини билдирди. Уюшма матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкил қилган ярмаркаларнинг уюшмага даxли йўқ.
“Уюшма нарх-навони белгиламайди. Бугунги кунда расталарда нарх қимматлаганининг сабаби шундаки, 2019 йилда 300 минг тонна хомашё ёғ ишлаб чиқариш учун импорт қилинган бўлса, 2020 йилда пандемия туфайли шунинг учдан бирини ҳам олиб келиш имкони бўлмади. Ўзбекистонга хомашё экспорт қилувчи давлатларда ҳосил камайгани боис хомашё олиб келиниши камайган. Келгуси йилдан Ўзбекистонда 400 минг тонна хомашё олиниб, 100 минг тонна ёғ ишлаб чиқарилади. Ҳозирда ўсимлик мойига йиллик талаб 450 минг тоннани ташкил қилади. 2022 йилдан бошлаб 55-60 фоиз хомашё ўзимизда ишлаб чиқарилади.
Ҳозир бозорларда ўсимлик мойи етарлича. Ярмаркаларда нисбатан арзон сотилгани учун навбат юзага келиши табиий, бироқ кузатувларимиз натижасида бозор расталарида ёғ тақчиллиги юзага келганига гувоҳ бўлмадик”, деди “Ўзёғмойсаноат” корхоналари уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Калонов Kun.uz билан суҳбатда.
Бугунги кунда аҳоли ўртасида кенг истеъмол қилинадиган писта ёғи биржа савдоларига чиқарилмайди. Маълум бўлишича, пахта ёғидан фарқли равишда уни биржа савдолари орқали сотишни ишлаб чиқарувчилар ўзи ҳал қилади. Пахта ёғи биржа савдоларида 11-12 минг сўм атрофида сотилмоқда ва бозорда пахта ёғи нархида барқарорлик кузатилмоқда.
Aввалроқ, Kun.uz Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархи ошиб бораётгани юзасидан таҳлилий мақола эълон қилганди. Сўнгги даврда дунё бўйича ўсимлик ёғи нархи ўртача 20-25 фоизга, Ўзбекистонда эса 17 фоизга ошиб, Ўзбекистонда ўсимлик ёғининг ошиши кунгабоқар ёғи нархи ошиши фонида яққол сезилди. Мутахассислар нарх яна 30 фоизга ошишини прогноз қилишмоқда.
Ўсимлик ёғи нархи ошиб бораётганига пандемия даврида ҳосил кам йиғилгани туфайли дунё бозорида хомашё нархи қимматлаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Ўзбекистон, асосан, хомашёни Россиядан импорт қилади. Россия пандемия даврида ҳосил кам йиғилгани сабаб ўз бозорини ҳимоя қилиш мақсадида хомашё экспортига тақиқлар қўйгани Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархи ошишининг асосий омили бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида бозорларда максимал 17-19 минг сўмдан сотилган ўсимлик ёғи (писта ёғи) апрел бошига келиб, 22 минг сўмдан сотилмоқда.
Мавзуга оид
22:14 / 05.05.2025
Қўйлиқдан репортаж: бозор ташқарисидаги ноқонуний деб топилган дўконлар бузилмоқда
09:41 / 05.05.2025
«Юнусобод» бозорининг бир қисмида реконструкция ишлари бошланди
10:02 / 16.04.2025
Тошкентдаги «Рисовий» бозори кимошди савдосига қўйилди
09:33 / 28.03.2025