Жаҳон | 18:10 / 05.04.2021
7269
2 дақиқада ўқилади

Россия юк кўтариш қуввати 200 тонна бўлган ракета ишлаб чиқармоқчи

Россия юк кўтариш қобилияти 200 тонна бўлган янги ўта оғир космик ракетани яратади. У Ой ва Марсга парвозлар учун мўлжалланган.

Халқаро космик станция Россия сегментининг рейслар бўйича директори Владимир Соловев янги ўта оғир космик ракеталар яратиш лойиҳаси ҳақида маълум қилди.

«Ҳозирча баъзи бир дастлабки лойиҳалар икки йўналишда — 100 тоннадан ортиқ ва ҳатто 200 тоннагача бўлган суперoғир юк ташийдиган транспорт воситаларига техник таклифлар босқичида яратилмоқда», — деди Соловёв Москвада бўлиб ўтган «Man in space» халқаро симпозиумида.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу ракеталарни Ой ва Марсга юбориш режалаштирилган.

SpaceX асосчиси Илон Маск эса ўз Twitter саҳифасида Роскосмосга қайта ишлатилиши мумкин бўлган ракеталарни яратиш бўйича тавсиялар берди.

У Россиянинг Амур-ЛНГ ракета ташувчиси лойиҳасига қайта ишлатилиши мумкин бўлган технoлогияларни ўрнатишни тавсия қилган.

«Бу яхши йўл, аммо тўлиқ қайта фойдаланишни мақсад қилишни тавсия этаман», — деб ёзди Маск ўзининг микроблогида.

Амур-ЛНГ дизайни сентябрь ойида якунланиши кўзда тутилган. Бу метанни ёнилғи сифатида ишлатадиган биринчи ракета бўлади. Янги ракетани синовдан ўтказиш 2026 йилга режалаштирилган.

Аввалроқ АҚШнинг SpaceX компанияси Inspiration 4 фазовий миссияси доирасида тарихда илк бор тўлиқ оддий фуқаролардан ташкил топган экипажни фазога жўнатгани маълум қилинганди.

Шунингдек, Япониянинг Аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (ЖАХА) 50 фоиз тежамкорроқ бўлган икки поғонали янги H-III ракета ташувчисини тақдим этганди.

Бундан ташқари, Хитой янги авлоддаги ракетаси Chang-7A'ни (Чанчжен-7А) фазога учиргани хабар қилинганди.

Мавзуга оид