Aмударёда аҳолига тагидан зах чиқаётган уй атрофидаги ерларини ўз ҳисобидан кўмиб, томорқа сифатида фойдаланиш тавсия қилинди
Kun.uz'га Aмударё тумани, «Оқ-олтин» ОФЙ Деҳқонобод аҳоли пунктидан мурожаат келиб тушганди. Унда 2-3 йилдан бери уйларнинг олди сувга тўлиши, уйлар ёрилиб, тагидан зах чиқаётгани ҳақида ёзилганди.
Aмударё тумани ҳокимлиги мурожаат юзасидан расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, Деҳқонобод аҳоли пунктидаги ер участкалари туман ҳокимлиги захира ерлари тоифасида бўлганлиги сабабли, 2014 йилда турар жой қуриш учун аукцион савдоларига чиқарилган. Aукцион ғолиблари томонидан 2018 йилда турар жойлар қурилган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, турар жой қуриш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонларини бериш тақиқланган. Аукционни ўтказиш даврида талабгорлар ушбу ер майдонлари қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонлари тоифасига кириши, мазкур ҳудуд экин майдонлари сатҳидан пастда жойлашганлиги тўғрисида огоҳлантирилган. Шу боис, аукцион иштирокчилари ер участкаларини олганидан кейин уни тупроқ билан кўтариш лозимлигини билган ҳолда, ўз хоҳишлари билан аукцион савдосида иштирок этишган.
Мазкур аҳоли пункти атрофида жойлашган фермер хўжаликларининг экин майдонларида шўр ювиш ишлари олиб борилгани сабабли ер ости зах сувларининг кўтарилиши кузатилган. Яқин жойда коллектор жойлашган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан коллектор айни кунда ишлаб тургани аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб мазкур мурожаатни йўллаган фуқароларга уй атрофидаги ерларини ўз ҳисобидан кўмиб, томорқа сифатида фойдаланиш тавсия қилинди, дейилади Амударё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
12:01 / 11.05.2024
Туман даражасидаги тўрт юзга яқин масъуллар ишдан олинди
14:10 / 12.03.2024
Томорқа ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари белгиланди
10:09 / 03.01.2023
Айрим фаолият билан томорқасида шуғулланганлар расмий банд аҳоли тоифасига киритилади
07:36 / 05.09.2022