Ўзбекистон | 08:03 / 06.04.2021
17181
5 дақиқада ўқилади

Қонликўлдаги боғча мудираси лавозимидан озод этилди. Бундан олдин тарбиячилар автомобил йўлини тўсиб қўйганди

Жорий йилнинг 31 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари томонидан ташкилот раҳбарини лавозимдан олиш учун кўчада намойиш уюштирилгани акс этган видеолавҳалар тарқалди.

Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан вазирликнинг Ички аудит хизмати томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани давлат мактабгача таълим ташкилотида 2021 йил январ ойида ўрганиш ўтказилди. 1-сонли ДМТТ директори Э.Бекбергенова ўз лавозимида 31.01.2018 йилдан 21.12.2020 йилга қадар ишлаб келган. Директор устидан ходимлар томонидан келиб тушган шикоятларни ўрганиш мақсадида Ишчи гуруҳ шакллантирилган.

Ўрганиш давомида МТТ раҳбари томонидан 399,2 млн сўмлик молиявий хато-камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Жумладан:

  • ДМТТга ҳар хил лавозимларга ишга расмийлаштирилган 5 нафар фуқаро ДМТТда ишламаган ва вазифа бажармаган бўлса-да, уларнинг номига 24,0 млн сўм иш ҳақи ёзилиб тўланган;
  • 2018-2021 йилларда 33 нафар ходимнинг мутахассислиги тўғри келмаса-да, қўшимча иш вазифалари нотўғри юкланиб ҳамда ушбу вазифалар бажарилмаган бўлса-да, уларга 28,9 млн сўм иш ҳақи ортиқча тўланган;
  • 16 нафар ходимга 1,0 бирликдан ортиқ иш-вазифалар юкланиб, тўланган 46,9 млн сўм иш ҳақи ходимлар тушунтириш хатларига кўра “CLICK” хизмати орқали ДМТТ мусиқачиси ва ДМТТ директори Э.Бекбергенованинг пластик карточкасига ўтказиб берилган ҳамда шундан 8,5 млн сўм иш ҳақи ҳақиқатда бажарилмаган иш ҳажми учун тўланган.

ДМТТда 1,0 бирликда методист лавозимида ишлаган Г.Отеповага 2020 йил январ ва феврал ойларида меҳнат қонунчилигига зид равишда туман МТБ томонидан қўшимча 0,5 бирлик иш юритувчи ва 0,5 бирлик сектор бошлиғи вазифалари юклатилган ва 838,5 минг сўм ўриндошлик учун ортиқча тўланган, Г.Отеповага 2019 йил ноябрдан 2020 йил феврал ойигача ДМТТдаги методист вазифаси учун тўлангани расмийлаштирилган иш ҳақининг 60 фоизи, 7,1 млн сўм ДМТТ директори Э.Бекбергенованинг пластик карточкасига “CLICK” хизмати орқали ўтказиб келинган.

ДМТТ директори томонидан 3,63 бирлик штат бирликларига ходим олмасдан ва бўш иш ўрни бўйича тегишли меҳнат органларига ҳисоботлар топширмасдан меҳнат қонунчилиги бузилган.

ДМТТ директори Э.Бекбергенова 1 нафар тарбиячи ёрдамчисига 2018 йил октябр ойидан 2019 йил декабр ойигача ўз уйида ҳар хил турдаги маиший ишларни, 2 нафар қоровулга 2020 йил 5 ой давомида ўзининг эски уйини буздириб янги уй қурдирган бўлса-да, ушбу давр мобайнида иш вазифасини бажармаган 2 нафар қоровул ва 1 нафар тарбиячи ёрдамчисига бюджет ҳисобидан жами 16,1 млн сўм иш ҳақи ортиқча тўланган ва ДМТТ учун ажратилган штат бирликларидан ўз манфаати йўлларида фойдаланган.

Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш меъёрларига амал қилинмасдан 1,9 млн сўм иш ҳақи ортиқча тўланган.

Озиқ-овқат маҳсулотларини кунлик таомномаларга қўшиб ёзиш натижасида 7,3 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари асоссиз ҳисобдан чиқарилган.

2018-2020 йилларда 5,7 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари меъёрдан кўп таомномага киритилиб, ортиқча ҳисобдан чиқарилган.

ДМТТ моддий жавобгар шахси томонидан ҳамда марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати ходимлари назорат ташкил этмагани натижасида 5,2 млн сўмлик озиқ-овқат ва 50,9 млн сўмлик товар-моддий бойликлар камомади ҳамда 0,7 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ортиқчалигига йўл қўйилган.

ДМТТ омбор мудири ва ошпазлари тушунтириш хатларига кўра, ДМТТда 2018-2020 йилларда таомномада ёзилган гўшт ва сут маҳсулотларининг ярми, яъни 4 932 кг 159,6 млн сўмлик гўшт ҳамда 15 504,5 литр 53,1 млн сўмлик сут маҳсулотлари қозонга солинмаган. 

Ўрганиш ҳужжатлари қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туман бўлимига топширилган. Шунингдек, вазирлик буйруғига асосан ДМТТ директори 21.12.2020 йил лавозимидан озод этилди.

24-25 март кунлари суд қарорига асосида Э.Бекбергенова лавозимига қайта тикланган. Шундан сўнг, МТТ ходимлари ўз норозилик намойишларини уюштирган.

5 апрел куни Қорақалпоғистон Республикаси МТВнинг маълум қилишича, 1-сон МТТ директори Э.Бекбергенова қайта лавозимидан четлаштирилди.

Бундан олдин, Қонликўл туманидаги боғча тарбиячилари собиқ директор лавозимига қайтганидан норози бўлиб, 31 март куни автомобил йўлини тўсиб қўйгани хабар берилганди. 

Воқеа видеолари ижтимоий тармоқларда ёйилгач, Kun.uz ҳодиса тумандаги 1-сонли давлат боғчасига оидлиги, боғчанинг муқаддам ишдан бўшатилган раҳбари суд қарори асосида лавозимига тиклангани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид