Ўзбекистон | 21:35 / 07.04.2021
20829
7 дақиқада ўқилади

«156 млн доллар сувда оқиб кетаверадими?» — Ангрендаги шина заводи фаолияти танқидга учради

Завод четдан қарз олиб қурилган, кейин яна четдан қарз олиб пандемия даврида қўллаб-қувватланган эди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчига осон бўлсин деб шина импортига бож жорий қилинганди. Аммо маълум бўлишича, корхона самарасиз ишламоқда.

Foto: Fotolia

Тошкент вилоятидаги «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ фаолияти самарасизлиги, 2020 йилда завод ишлаб чиқариш қуввати атиги 15 фоизни ташкил этгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ҳисоб палатасига таяниб берган маълумотга кўра, завод омборида «сифат талабига жавоб бермайдиган» 100 мингта шина сотилмай турибди.

«Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, Хитой Эксимбанкидан жалб қилинган 156,4 миллион доллар маблағ ҳисобига барпо этилган Ангрен шина заводи 3 миллион дона шина ишлаб чиқариши ва шиналар UzAuto Motors'да импорт ўрнини қоплаши керак эди.

Ангрен шина заводи қувватининг 15 фоизида ишламоқда. Омборида 100 мингта шина сотилмай турибди. Сабаби доимгидек, сифат талабига жавоб бермайди. Ўз навбатида, сўнгги икки йилда UzAuto Motors 60 миллион долларга яқин маблағга шина импорт қилган», деди парламент қуйи палатаси вице-спикери.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев завод таъсисчилари ва оммага бир неча саволлар билан юзланди.

«Энг ачинарлиси, шундоққина Андижондаги UzAuto Motors бу шиналарни сотиб олмаяпти. Сабаб сифатида бу маҳсулотлар GM компанияси стандартларига сертификатлаштирилмагани келтирилмоқда.

Наҳотки, бу лойиҳа ишлаб чиқилаётганда биринчи бозоримиз бўлган ички автомобиллар сертификат талабларига мослашиш зарурлиги ўйланмаган бўлса? Лойиҳа ташаббускорларига, уни ишлаб чиққанларга чора кўриладими ёки шунчаки 156 миллион доллар сувда оқиб кетди, деб кетилаверадими?

Табиийки, лойиҳа нега бундай муваффақиятсизликка учрагани одамни ўйлантиради. Наҳотки, бу бошидан тўғри режалаштирилмаган бўлса? Ёки шунча қарз маблағлари нотўғри ишлатилдими? Лойиҳа ташаббускори ким? Лойиҳага масъул бўлганлар қонун олдида жавоб берадими?» – дея ёзди Дониёр Ғаниев Telegram-каналида.

Депутатнинг саволларига жавобан, Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Баҳодир Туробов ҳолат юзасидан тергов бошланганини маълум қилди.

«Материаллар администрация топшириғи билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилган. Бугунги кунда тегишли тергов жараёнлари олиб бориляпти. Бу масалада барча эътирозларимизни вазирлик ва идораларга етказганмиз. Ҳужжатларни расмийлаштириб, материалларни берганмиз», – деди палата расмийси.

Бугун, 7 апрель куни завод ташаббускори – «Ўзкимёсаноат» АЖ масала юзасидан изоҳ берди.

«Ҳақиқатан, 2020 йилда ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш режаси 40 фоиз ўрнига 15 фоизни ташкил этди. Бунинг асосий сабаби – коронавирус пандемияси даврида жорий этилган чекловлар оқибатида аксарияти хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган хом ашё ва материалларнинг импорти чекланди, ишлаб чиқаришда тўхталишлар юзага келди, маҳсулот сотуви пасайди ва айланма маблағларнинг танқислигига олиб келди.

Шунингдек, Хитойнинг LingLong компанияси билан General Motors корпорацияси талаблари асосида маҳсулотларни ва корхонани омологациядан ўтказиш учун техник кўмак кўрсатиш бўйича шартнома имзолаш муддатининг орқага сурилишига олиб келди», – дейилади жумладан расмий тушунтиришда.

Қайд этилишича, заводда 2019 йилдан буён умумий қиймати 266 миллиард сўм бўлган 704,1 минг дона автомобил шиналари, 16,9 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 72,9 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилган.

Баёнотда, корхона ISO 9001, IATF 16949, ECE 30, ECE 54, ECE 106, ECE 117 халқаро стандартлар талабларини жорий қилгани, 837 кишини иш билан таъминлагани, давлатга 35 млрд сўм солиқ тўлагани айтилади.

UzAuto Motors компанияси вакилининг Kun.uz'га билдиришича, 2019-2020 йилларда «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖдан шиналар умуман харид қилинмаган, аксинча хориждан импорт қилинган.

Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, заводда шиналар ишлаб чиқариш 2018 йил июл ойидан бошлаган бўлса-да, ҳозирга қадар автомобил ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондаги энг йирик компания ҳисобланган UzAuto Motors мазкур корхона шиналарини сотиб олмагани айтилмоқда.

Шунингдек, «Ўзкимёсаноат» муносабатида 2020 йил ноябр ойида Linglong компанияси ва «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ ўртасида корхона ва маҳсулотларни General Motors корпорацияси талабларига мувофиқ сертификатлашда техник кўмак бериш ва омологация бўйича ишларни амалга ошириш бўйича 4 йиллик шартнома имзолангани келтирилган.

«Ушбу шартнома автомобил шиналари сифати ва корхонанинг тизимли фаолияти бўйича 30 қисмдан иборат АҚШнинг General Motors корпорацияси томонидан ўрнатилган BIQS талаблари асосида «UzAuto Motors» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун шиналар етказиб беришни таъминлайди.

Ҳозирда корхона Хитойнинг LingLong компаниясининг техник кўмаги остида мазкур талабларни бажариш бўйича ишлар якунига етиш арафасида турибди ва жорий йилнинг сентябридан бошлаб Damas автомобиллари учун йил якунига қадар 60 минг дона автомобил шиналари етказиб берилади. 2023 йилга келиб эса «UzAuto Motors» АЖга 7 турдаги 37,4 миллион доллар қийматидаги 1,2 миллион дона автомобил шиналари етказиб бериш режалаштирилган», – дейилади расмий баёнотда.

Kun.uz суҳбатлашган UzAuto Motors вакили ҳақиқатан ҳам шундай режалар борлигини тасдиқлади.

Молиячи Отабек Бакиров «Ўзкимёсаноат» муносабатига фикр билдирар экан, завод 2020 йилни қанча зарар билан якунлагани очиқланмаганига эътибор қаратди.

«Жуда узун ва алмойи-жалмойи ёзилган матнда заводга қўйилаётган энг асосий эътироз – унинг иқтисодий самарасиз экани борасидаги саволларга бирорта жавоб йўқ.

Завод 2020 йилни қанча зарар билан якунлади? Коронавирусдан ўлаётганларни даволаш учун олинган ташқи қарзлардан заводга берилган миллиардлар қай мақсадда ишлатилди? Ташқи қарз қайси манбалар ҳисобига сўндирилмоқда?

288,6 минг долларлик экспорт ҳисобига дея кўрманг, бу кулгили, қарзнинг фоизи тугул, турли комиссияларини қоплашга етмайди.

Дарвоқе, пул тўлаб, ойлаб кутиб «Дамас» олаётганларга сабр-тоқат тилайман: сентябрдан бошлаб «Дамас» автомашиналари учун заводнинг шиналари қўйила бошлар экан. Салондан тўғри бозорга ўтаверасизлар», – таъкидлайди Отабек Бакиров.

Унинг эслатишича, бундан 2 йил аввал, Ангрендаги шина заводи манфаатларини кўзлаб, ҳар бир импорт қилинган шина учун 10 фоиз, лекин 3 доллардан кам бўлмаган миқдорда бож киритилган.

«Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ директори Ғуломжон Ибрагимов 2004-2010 йилларда «Ўзкимёсаноат» раиси бўлган.

Ўтган йили корхонага Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 40 млрд сўм ссуда берилганди.

Таъкидлаш керак, «Ўзкимёсаноат» муносабатида 2021 йилда завод ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш 40 фоизга етказилиши келтирилган, аммо омборда 100 мингта шина сотилмай тургани ва унга талабнинг қай даражада экани ҳақида сўз юритилмаган.

Исломбек Умаралиев

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид