Ўзбекистон | 17:19 / 07.04.2021
11520
3 дақиқада ўқилади

Эмланганларнинг 71 нафарида ножўя таъсирлар қайд этилган, лекин бирорта ҳолат жиддий эмас – штаб аъзоси

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина олганларда шу пайтга қадар бирорта ҳам жиддий асоратлар кузатилмаган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

1 апрелдан мамлакатда катта шаҳар ва вилоятлар марказларида эмлаш пунктларида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёни бошланди. 6 апрель санасига қадар республикада 29 минг 860 киши AstraZeneca вакцинаси қабул қилди, яна 19 минг 742 киши ZF-UZ-VAK2001 билан эмланди.

«Эмланганлар орасида шу кунга қадар 71та ҳолатда умумий ножўя таъсирлар қайд этилди. Бу ҳолатлар тана ҳароратининг 37,5 даражадан бироз кўтарилиши, организмда бироз оғриқлар, эмланган жойда қичишишлар ва оғриқ содир бўлиши, баъзи ҳолларда асабийлашиш ва ҳолсизланиш, қўрқув каби белгиларда кўринган.

Бир нарсани таъкидлаш керакки, улар орасида бирорта ҳам жиддий асоратлар кузатилмаган», деди штаб аъзоси.

Булар қуйидагича ножўя таъсирлар:

  • 45,7 фоизида тана ҳароратининг 37,5 даражадан ошиши;
  • 21,2 фоизида танада оғриқ;
  • 14,1 фоизида эмлаган жойда қичишиш;
  • 11,2 фоизида енгил бош оғриғи;
  • 6,1 фоизида эмланган жойда оғриқнинг пайдо бўлиши;
  • 2,7 фоизида асабийлашиш, ҳолсизланиш, қўрқиш каби белгилар.

Шу билан бирга, ножўя ҳолатларнинг қанчаси қайси вакцина туфайли рўй берганига ойдинлик киритилмади.

Отабеков болалар орасида касалланиш ҳолатлари кўпайганини қайд этди.

«Охирги пайтда болалар орасида касаллик қайд этилиши юқорилигича сақланиб турибди. Масалан 6 апрель санасида аниқланган 206 нафар бемордан 54 нафари 19 ёшгача бўлган болалардир.

Бундан кўриниб турибдики, ҳали коронавирусга қарши жиддий таъсир кўрсатадиган имкониятга эга эмасмиз. Шу сабабдан ҳар биримиз ўзимизни ва фарзандларимизни касалликка чалинишдан ҳимоя қилишимиз, карантин қоидаларига амал қилишимиз керак», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 6 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда 47 минг 229 киши карантин муддатини ўтамоқда. Шу санада мамлакатга хориждан 9796 киши кириб келган бўлса, уларнинг 12 нафарида коронавирус касаллиги аниқланган.

Аввалроқ, эмланганларда юқори иммунитет ҳосил бўлиши учун нималарга эътибор бериш лозимлиги маълум қилинган эди.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова хитой-ўзбек вакцинаси билан эмлангач юз бериши мумкин бўлган таъсирлар ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид