Иқтисодиёт | 20:11 / 08.04.2021
12800
3 дақиқада ўқилади

Бу йил тадбиркорларда энергия таъминоти билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги керак — Президент

Жорий йилда газ таъминоти бўйича 617 млн доллар, тадбиркорларнинг электр билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга 560 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбари йиғилиш давомида йўллар ва экин майдонлари орасидаги бўш майдонлардан унумли фойдаланиш, аҳолига имтиёзли тарзда тарқатиш ҳамда бундай бўш ерларда кичик бизнесни ривожлантиришга алоҳида тўхталди.

«Тошкент ёки Сирдарё вилоятининг бирор тумани мисолида ўрганинглар, вертолётга чиқиб айланиб кўринглар. Йўлдан экин майдонигача 15 метрлар ер бўш ётади, бу неча-неча гектар дегани. Шуни аҳолига тақсимлаб берсак, ҳамма манфаатдор бўлмайдими? Қурилиш қилинсин, ишлаб чиқариш йўлга қўйилсин. Шароит яратиб беринглар, қанча одам банд бўлади бунинг ортидан.

Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида инфратузилмага яқин жойларда, унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилган.

Қўчқоров, Хўжаев, вилоят ҳокимлари билан бирга ишчи гуруҳлари тузиб, бир ой муддатда унумдорлиги паст бўлган ва фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерларида лойиҳа асосида кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича таклифларни киритсин», деган давлат раҳбари.

Саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлаш учун жорий йилда 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилаётгани маълум қилинган.

«А.Султанов, Ш.Ҳидоятов, Абдувалиев вилоят ҳокимлари билан бирга, йил якунига қадар 168та мавжуд ва янги саноат зонасини 468 километр электр, 362 километр газ, 405 километр сув ва 104 километр йўл билан таъминлаши керак.

Нима учун кичик саноат зоналари ривожланмаяпти? Чунки инфрастуктура талабга жавоб бермайди.

Умуман олганда, жорий йилда тадбиркорларда энергия таъминоти ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги керак. Чунки биз жуда катта маблағ ажратяпмиз», дейди президент.

Маълум қилинишича, фақат газ таъминоти бўйича 617 млн доллар маблағ берилмоқда.

«Мисол учун, электр қуввати паст бўлгани боис, Янгиҳаёт туманидаги 24та корхонада 2,5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 миллион доллар йўқотилмоқда. Республикада инфратузилмадаги муаммолар туфайли, 320 тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти.

Жорий йилда, тадбиркорларнинг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга 560 миллиард сўм ажратилди.

Бундан ташқари, энергетика вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда муаммоси мавжуд саноат зоналарини хатловдан ўтказиб, электр таъминотини яхшилаш бўйича ишларини бошласин. Бунга яна қўшимча 300 миллиард сўм ссуда маблағлари ажратилади», дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид