Жамият | 11:07 / 08.04.2021
7165
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда наманганлик шахс бошқарувидаги Nexia 2 MAN юк машинаси билан тўқнашди. Ҳайдовчи ухлаб қолгани айтиляпти

Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида наманганлик шахс бошқарувидаги Nexia 2 MAN юк машинаси билан тўқнашган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган Nexia 2 йўловчиси шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 6 апрел куни соат 9:30 ларда М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтган 984-километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Наманган шаҳрида яшовчи 1984 йилда туғилган шахс бошқарувида бўлган Nexia 2 машинаси ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган MAN юк машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда, Nexia 2 машинасида йўловчи сифатида кетаётган Наманган шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган шахс оғир тан жароҳатлари олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах вилояти филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган. Нексиянинг ҳайдовчиси ва бошқа йўловчилари ҳам турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилган.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш чоғида Nexia 2 ҳайдовчиси қоидаларни қўпол тарзда бузиб, оралиқ масофани сақламагани аниқланган. У чарчаб ухлаб қолган, деб тахмин қилиняпти.

Мавзуга оид