Ўзбекистон | 15:02 / 08.04.2021
9704
2 дақиқада ўқилади

Сардоба фожиаси. Ҳукумат комиссияси балиқчиларнинг зарарлари қопланмаганига нега кўз юммоқда?

Бош вазир Абдулла Арипов бошлиқ ҳукумат комиссиясига тошқин сабаб қишлоқ хўжалигига етган зарарни қоплаш бўйича вазифа юклатилганди. Орадан деярли бир йил ўтди, юз миллиарддан ошиқ зарар кўрган балиқчилар эса ҳамон сарсон.

Сардоба сув омборидаги ҳалокат нафақат аҳолининг, балки ҳудуддаги минглаб гектар майдонларда жойлашган фермер хўжаликларининг ерларини ҳам яроқсиз ҳолга келтирди.

Ушбу фожиа сирдарёлик балиқчиларга ҳам катта зарар келтирган. Вилоятнинг Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги 72та фермер хўжалигининг 3,46 минг гектар сунъий кўллари яроқсиз ҳолга келган - зарар миқдори 100 миллиард сўмдан ошади.

Ҳодисадан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёга ташрифлари давомида бир неча бор фермерларнинг зарарлари қоплаб берилиши ҳақида гапирган.

Кейинроқ, бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев томонидан балиқ хўжаликлари кўрган зарарни қоплаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топшириғи берилган. Шу йилнинг 16 март куни Молия вазирлигига таклиф ҳам киритилган.

Бироқ орадан шунча вақт ўтса ҳам балиқчиларга зарарни тўлаб берадиган ташкилот топилмаяпти. Туман, вилоят ва республика миқёсида хўжалик раҳбарлари зарарларини қоплашни сўраб бормаган ва ариза ёзмаган ташкилоти қолмади ҳисоб.

Агар балиқчилар апрел ойида ҳовузларини тиклай олишмаса, бу йилги мавсумда 3,5 минг гектар ерлар яроқсиз ва бўш қолади. 30 минг тонна балиқ етиштириш режаси амалга ошмайди. Бу эса ички бозорда балиқ маҳсулотлари танқислиги ва нарх-наво ошиб кетишига ҳам олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, президент фармойиши билан «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича бош вазир Абдулла Арипов раислигидаги Ҳукумат комиссияси тузилган.

Комиссияга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар ўрнини қоплаш чораларини кўриш вазифаси топширилган.

Афсуски, ҳукумат комиссияси фавқулодда ҳодиса оқибатлари тўла бартараф этилмаганига ҳозирча кўз юммоқда.

Дарвоқе, яқинда Сардоба фожиасига 1 йил тўлади.

Мавзуга оид