Ўзбекистон | 09:54 / 09.04.2021
85686
10 дақиқада ўқилади

ИИБ идорасига олиб келинган икки фуқаро кўп ўтмай вафот этди. Расмий изоҳлар қанчалик ишончли?

Бир ҳафта ичида икки нафар эркак ИИБ идорасида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг кўп ўтмай вафот этди. Вазирлик ҳар икки ҳолатда ички ишлар ходимларининг айби йўқлигини айтмоқда. Бироқ ижтимоий тармоқ фаоллари бунга ишончсизлик билан қарашмоқда.

Саволларни кўпайтирган баёнотлар

Фарғона вилоятининг Қува туманида 20 ёшли Аҳрор Анваров 31 март куни тиббий ниқоб тақмасдан кўчада юргани учун ўзи яшайдиган маҳалла таянч пунктида профилактика инспекторлари томонидан сўроқ қилинади.

Мулоқот силлиқ кечмаган, томонлар тортишиб қолган, натижада фуқаронинг курткаси йиртилган. Шундан сўнг йигит уч нафар ички ишлар ходими томонидан мажбуран машинага ўтқизилиб, маҳалла профилактика инспекторининг хизмат хонасига олиб кетилади.

Марҳум Аҳрор Анваровнинг курткаси

Ижтимоий тармоқларда «Аҳрор Анваровнинг туман ИИБ биносидан ўлиги чиққани» ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz суриштируви давомида қувалик йигитнинг ИИБ биносида қазо қилгани ўз тасдиғини топмади. Профилактик суҳбат туман ички ишлар идорасида эмас, балки маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида бўлиб ўтганини юқорида ҳам келтирдик.

Марҳумнинг амакиваччаси Лутфиёр Халилов «участкавой» хонасида бўлиб ўтган суҳбатда ходимлар тушунтириш ишлари билан чекланишгани, ҳолат юзасидан баённома тузилмагани, томонлар келишиб ўз уйига тарқалганини айтмоқда.

Аҳрор Анваровнинг участка инспектори Ойбек Маҳмудов томонидан 31 март куни телефонга олинган фотосурати

Воқеадан икки кун ўтиб, 2 апрел куни Аҳрор Анваров вафот этади. Қариндошининг сўзларига кўра, у цехидаги усталарга овқат олиб бориб бергач, у ердан пиёда қайтаётганда бирдан саломатлиги ёмонлашиб, йиқилиб тушган. Биринчи ёрдам кўрсатилаётган вақтда Аҳрорнинг жони узилган.

Ҳолат юзасидан расмий баёнот берган ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов марҳумга ИИБ биносида жароҳат етказилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Бу баёнотда, бирламчи ташхисга кўра, Аҳрор Анваровнинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлгани айтилади. Айнан мана шу ташхис интернет фойдаланувчилари ўртасида кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда.

Биринчидан, ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юракнинг ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози оғир касалликлар ҳисобланиб, уларнинг инсон танасида яширин кечиши, шу пайтгача ҳеч қандай аломатлар бермаслиги мумкин эмас.

Оила аъзолари, қариндошлари ва дўстларининг билдиришича, марҳум шу пайтгача бирор марта юрак ёки буйрак муаммосидан шикоят қилмаган. Жисмонан оғир ишлар билан бемалол шуғулланган, кези келганда цехида ишлаб чиқарилган бетон ғиштларни бир ўзи битта машинани тўлдириб юклай олган.

Хўш, бу ўринда жамоатчилик кимга ишониши керак: фактларгами ёки ИИВга?

Иккинчидан, ИИВ баёнотида Анвар Аҳроров йиқилиб тушганидан сўнг шифохонага олиб борилгани, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шу куни вафот этгани айтилади. Марҳумнинг айнан шифохонада вафот этгани вилоят ИИБ баёнотида ҳам таъкидланади. Kun.uz суриштируви давомида марҳум шифохонага етиб келгунигача жон бергани, қайдномага унинг жонсиз ҳолда олиб келингани қайд этилгани аниқланди.

Шифохона қайд этиш дафтарида бемор жонсиз ҳолатда келтирилгани ёзилган

Учинчидан, расмий баёнотларда Аҳроровни карантин қоидаларини бузгани учун, шахсини аниқлаштириш мақсадида «участкавой» хонасига олиб келиш жараёнида унга куч ишлатилгани, бунинг оқибатида марҳумнинг курткаси йиртилгани ҳақида лом-мим дейилмайди.

Маҳалла раисининг сўзларига кўра, мазкур ҳолатда ички ишлар ходимларнинг ўзлари ҳам ниқобсиз бўлишган. Вилоятда эпидемиологик вазият шунчалик хатарли бўлса, қонунга риоя қилишда энг аввало қонун посбонлари намуна бўлиши керак эмасми?

Эътибор беринг, республика бўйича оммавий тадбирлар жиддий чекланмаяпти, ёпиқ иншоотларда, масалан, умумий овқатланиш шохобчаларида фуқароларнинг ниқобсиз бўлиши касалланиш хавфини кучайтирмас экан-да, бир йигитнинг кўчада ниқобсиз юргани фавқулодда жиддий хатар деб баҳоланиши кулгили эмасми?

Тўртинчидан, жамоат жойида карантин қоидаларини бузиб, ниқоб тақмаган ҳолда юргани фуқарога нисбатан куч ишлатишга сабаб бўла оладими? Анваровни худди мудҳиш жиноят содир этган жиноятчидек зўрлик ишлатиб, машинага солиб, профилактика инспекторининг хонасига келтириш нечоғли асосли? Бу вазиятда воқеа иштирокчилари бўлган ички ишлар ходимлари ваколатларидан четга чиқишмаганми?

«Қалинпўстин» маҳалла фуқаролар профилактика инспекторининг хизмат хонаси

Қолаверса, Анвар то ички ишлар идорасига олиб келингунга қадар машинада ходимлар унга руҳий босим ўтказгани, гарчи калтакланмаган бўлса-да, маҳаллада содир бўлган ўғирлик жиноятини унинг бўйнига қўйишга уринишгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлдики, бу ҳақда Kun.uz суриштирувида ўқишингиз мумкин.

Ходимлар томонидан калтакланмаган бўлса-да, маҳалладошларининг кўз ўнгида уни зўрлик билан машинага босиб профилактика инспекторининг хонасига олиб келишгани, йўлда келаётиб ўтказилган руҳий босим ва турли психологик приёмлар шундоқ ҳам оиладаги вазият, акасининг 6 ойдан буён комада ётгани ва бошқа муаммолардан эзилиб юрган 20 ёшли ўсмирнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилгани эҳтимоли юқори.

Гарчи марҳумнинг ўлимида ички ишлар ходимларининг бевосита таъсири бўлмаса-да, улар бу ҳодисада билвосита жавобгар ҳисобланишади. Айни пайтда ушбу ҳолатни терговга қадар ўрганаётган прокуратура органи ҳодиса атрофидаги ҳар бир деталга эътибор қаратишига умид қилиб қоламиз.

Юнусободда ИИБ идорасига кириб чиққан эркак нимадан ўлди?

Қувадаги ҳолат ҳали совимай туриб, худди шунга ўхшаш воқеа Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ҳам содир бўлди. Интернетда тарқалган хабарларда 41 ёшдаги эркак Юнусобод туманидаги ички ишлар идорасига кириб чиққанидан сўнг вафот этгани айтилади.

Тошкент шаҳар ИИББ чиндан ҳам 1 апрел куни соат 21:00ларда марҳум фуқаро икки нафар шериги билан биргаликда ички ишлар ходимлари томонидан Юнусобод тумани 3-сонли ИИБга келтирилганини тасдиқлаган. Бироқ расмий баёнотда ушбу фуқаролар 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг қўйиб юборилгани таъкидланади.

Шаҳар ИИББнинг билдиришича, 1 апрел куни ИИБ биносида сўроқ қилинган шахслардан бири – Александр Бочаровнинг мурдаси 2 апрел куни эрталаб соат 4:00-4:30ларда топилган. Суд-тиббиёт экспертизасидан сўнг марҳумнинг бир неча касалликлари, хусусан, юрак ишемик касаллиги, гематоген сил, полиорган етишмовчилиги, икки томонлама ўпка плеврити, бош мия ва ўпка шиши, гиёҳвандлик, алкоголдан заҳарланиш, сурункали гепатит бўлгани аниқланган. Бироқ экспертиза хулосасига кўра фуқаронинг ўлими ушбу касалликлар натижасида юзага келгани ёки эркак бошқа нарсадан ўлганига аниқлик киритилмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходими Ирина Сайфуддинова марҳум Александр Бочаров ижтимоий тармоқларда ёзилаётганидек туман ички ишлар бўлими идорасида ушлаб турилмагани, балки шериклари билан биргаликда сўров учун келтирилгани, «ушлаб туриш» ва «келтириш» бошқа-бошқа мақомга эгалигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, сўроқ қилинган учала шахс орадан 30-45 дақиқача вақт ўтгач қўйиб юборилган. «Марҳум Александр Бончаровнинг туман ИИБ идорасидан чиқиб кетаётганини кўрган гувоҳлар бор», дейди ИИББ мулозими.

Ўтган йили Чироқчи ва Андижонда икки нафар фуқаро ИИБ биносида сўроқ қилиш асносида қийноққа солингани, олган жароҳатлари натижасида вафот этгани ортидан барча ички ишлар идоралари, одамларни тергов ва сўроқ қилиш ваколатига эга идораларга камералар ўрнатилиши, тергов ва сўров жараёни видео ҳамда овоз ёзиб олиш мосламалари ёрдамида ёзиб борилиши қанчалик муҳим экани кун тартибига чиққанди. Шундан сўнг куч ишлатар тизимларда бир қанча ўзгаришлар амалга оширилиши, хусусан, ҳар бир туман ички ишлар органларида аудио-видео ускуналари билан жиҳозланган алоҳида хоналар тайёрланиши маълум қилинган эди.

Агар бу ишлар чиндан ҳам амалга оширилган бўлса, нима учун юқоридаги ҳар икки ҳолат бўйича ички ишлар ходимларининг қўли «тоза» экани рад этиб бўлмас далиллар билан исботлаб берилмаяпти?

Нима учун «участкавой» хонаси ва ИИБ идорасида сўроқ қилинган фуқароларга ходимлар томонидан ҳеч қандай куч ишлатилмагани, улар қийноққа солинмагани бўйича жамоатчиликка асосли видеодалиллар тақдим этилмаяпти?

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ИИВ мулозими Юнусободдаги ҳолат бўйича видеоёзувлар прокуратурага тақдим этилгани, айни пайтда Юнусобод тумани прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётгани, видеодалиллар ушбу органнинг рухсати билангина жамоатчиликка тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Фикримизча, ижтимоий тармоқларда турли салбий фикрлар уйғотаётган, жамоатчилик ўртасида резонансга сабаб бўлган ҳар икки воқеа юзасидан ИИВ нафақат прокуратура органлари, балки фуқаролар олдида ҳам ҳисоб бериши, ишга оид ҳар қандай далил зудлик билан оммага очиқланиши зарур.

Вазирлик ёки идора сайти ёки Telegram каналидаги тўла бўлмаган баёнотлар саволларни кўпайтириши, воқеа иштирокчиси бўлган ички ишлар ходимларига нисбатан шубҳа-гумонлар «болалаши», бунинг оқибатида давлат органи имижига, фуқароларнинг тизимга бўлган ишончига путур етиши мумкин. Йўқотилган ишончни қайта қозониш эса жуда ва жуда оғир бўлади.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид