Жаҳон | 23:10 / 09.04.2021
46645
6 дақиқада ўқилади

90-йиллардагидек. Шимолий Корея очарчилик ёқасида

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат фуқароларини оғир даврларга тайёр бўлишга чақирди. Партия анжумани вақтида у мамлакатдаги ҳозирги вазиятни 1990-йилларда кузатилган ва турли баҳоларга кўра 3 миллионга яқин киши ҳалок бўлган ҳалокатли очлик даври билан қиёслади.

Фото: Eric Lafforgue

Мамлакат мушкул вазиятга тушиб қолишининг сабаби - коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида чегаралар ёпилгани туфайли Хитой билан савдо алоқалари деярли тўлиқ тўхтаб қолгани ҳамда Пхеняннинг ядро дастури туфайли халқаро санкциялар қўлланганидир. Хитой билан савдо айланмаси ҳажми 2020 йилда 2019 йилдагига нисбатан 75 фоизга пасайган.

Шимолий Корея етакчиси амалдорларни «Оғир сафар»га тайёр туришга чақирган. 

«Мен Меҳнат партиясининг барча даражадаги ташкилотлари, жумладан, марказий қўмита ва партия бўлимлари котибларидан халқимиз муаммоларини озгина бўлса ҳам енгиллаштириш учун янги, янада оғир сафарни бошлашни сўрадим, чунки халқимиз партия ортидан онаси ортидан боргандек боради», деган Ким Чен Ин.   

«Ким Чен Ин Шимолий Корея халқи тўқнашиши мумкин бўлган қийинчиликлар ва кулфатлар ҳақида гапириши янгилик эмас. Аммо у янги «Оғир сафар» ҳақида гапира бошлагани вазият чиндан ҳам жиддий эканидан далолатдир», - дейди BBC билан суҳбатда NK News нинг Шимолий Корея бўйича таҳлилчиси Колин Звирко.

«Оғир сафар» атамаси мамлакат ҳукумати томонидан 90-йиллар бошида ҳам қўлланган, ўшанда Шимолий Корея советлар иттифоқи парчалангани туфайли ташқи ёрдамдан қуруқ қолганди. Натижада мамлакатда очарчилик бошланган, унга қарши кураш эса «Оғир сафар» дея ном олган.

Human Rights Watch (HRW)нинг Шимолий Корея бўйича бўлими ҳам вазият ташвишли эканини маълум қилган. Хабарларга кўра, мамлакатга анча вақтдан буён Хитойдан озиқ-овқат келмай қўйган. Шимолий Кореядаги қишлоқ аҳолисининг катта қисми учун асосий емиш бўлган жўхори нархи сўнгги вақтларда тинимсиз ўсмоқда ва айни вақтга келиб унинг бир килоси нархи бир ойлик иш ҳақидан юқори.

Хитой билан чегарадош ҳудудларда яшовчи, шу вақтгача контрабанда орқали тирикчилик қилиб келган одамлар бир йилдан буён чегара бутунлай ёпиқлиги туфайли очликдан ўла бошлаган. HRW маълумотига кўра, Шимолий Корея ҳукумати контрабанда учун жазони қатъийлаштирган, бундай жиноят «аксилсоциалистик» ва «душманона» ҳаракат деб аталган.

БМТнинг Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши ҳолати бўйича махсус докладчиси Томас Оджеа Кинтана ўтган ойда очарчиликка олиб келиши мумкин бўлган озиқ-овқат инқирози юзага келгани тўғрисида огоҳлантирганди.

«Очликдан ўлиш ҳолатлари ҳақида хабарлар бор, шунингдек, тиланчилик билан шуғулланувчи болалар ва кексалар сони ошган, чунки оила аъзолари уларни боқа олишмаяпти», деган у ўз ҳисоботида.

Шу вақтгача мамлакатга қандайдир инсонпарварлик ёрдами етказилгани бўйича маълумот йўқ. Шимолий Корея бунгача ҳар қандай ташқи ёрдамни рад этиб келган, ўтган ойда деярли барча дипломатлар ва гуманитар ходимлар, шу жумладан, БМТнинг озиқ-овқат дастури ходимлари мамлакатни тарк этишган

Қолаверса, ўтган йил ёзида Шимолий Корея икки кучли довулдан жабр кўрган. Табиий офатлар сув тошқинларига сабаб бўлиб, экинларни нобуд қилган. Бу эса озиқ-овқат танқислигини келтириб чиқарган.

«Ким Чен Ин бундай огоҳлантиришлар орқали масъулиятни зиммасидан соқит қилишни истайди. Вазият жуда ёмонлашганида эса, у амалдорларни ўз буйруқларини бажармасликда айблаши мумкин бўлади», дейди BBCнинг Сеулдаги корреспонденти Лора Бикер. Унинг сўзларига кўра, раҳнамо оғир иқтисодий вазият учун айбни коронавирус пандемиясига ва ядро қуроли учун қўлланган санкцияларга ҳам ағдаришни истайди.

Шимолий Корея янги ракеталарни ишлаб чиқаришда ва синовдан ўтказишда давом этмоқда, ҳар ҳолда давлат нашрлари сунъий йўлдош орқали трансляция қилаётган лавҳалардан шуни билиш мумкин.

«Шимолий Корея халқи ўз ситамлари ҳақида дунёга жар сола олмайди, бундай таваккалчилик қамалишга ва ҳатто қатл этилишга олиб келиши мумкин. Аммо уларнинг етакчиси мамлакат гуманитар инқирозга дуч келганини маълум қилиб бўлди», - деб ҳисоблайди Лора Бикер.

Шимолий Кореядаги вазият ҳеч қачон оддий бўлмаган. Иқтисодиёт ҳукумат томонидан қатъий назорат қилинади, армия ва куч ишлатар тузилмаларни сақлаш харажатлари жуда катта, бу эса шимолий кореяликларни қашшоқликка маҳкум этган.

Пандемия янада катта муаммоларни келтириб чиқарди, чунки мамлакатда жамоат соғлигини сақлаш тизими мавжуд эмас. Пхеньяндагилар чегаралар тўлиқ ёпилгани аҳолини коронавирусдан сақлаганини айтаётган бўлса-да, экспертлар бу даъволар тўғрилигига шубҳа билан қарашади.

Таҳлилчи Колин Звирко ҳозирда Шимолий Корея Хитой билан савдони қисман бўлса-да тиклашга уринаётганини ёзган. «Вирус масаласида параноик бўлиб қолган бўлса ҳам, Ким Чен Ин мамлакатга айрим маҳсулотларни олиб кириши керак», деб ҳисоблайди у.

Айни вақтда Шимолий Корея Хитой билан чегарада назоратни енгиллаштириши мумкинлигининг кўплаб белгилари кузатилмоқда. Бироқ баъзи экспертларнинг фикрича, чегаралар очилгандан кейин Шимолий Кореяда коронавирусга чалинганлар кўпайиб кетса, бу мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида жиддий инқирозга олиб келиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид