Минтақавий ва глобал рақобат маркази: Афғонистонда тарих такрорланяптими?
Афғонистон можаролари 2020 йил сентябрь ойида афғонлараро тинчлик музокаралари бошлангандан бери янада кучайди. 2020 йил 29 февралда «Толибон» ва Дональд Трамп маъмурияти томонидан имзоланган Доҳа келишуви ҳам мамлакатда давом этиб келаётган низоларни тўхтата олмади.
Эндиликда Миллий ярашув кенгаши шу ой Туркияда ўтказилиши кутилаётган Афғонистонда тинчлик жараёнини жонлантиришга қаратилган халқаро конференцияга ягона «тинчлик йўл харитаси»ни тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.
Хўш, бу жараён Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги сўнгги ҳал қилувчи қадам бўла оладими? Албатта, бу борада муайян фикрга келиш учун яқин ўтмишда содир бўлган воқеаларни кўздан кечиришга эҳтиёж туғилади...
2020 йил мундарижасига бир назар...
Доҳа келишувидан ҳеч қанча вақт ўтмай, 2020 йил 19 март куни Афғонистон ҳукумати «Толибон» томонидан юқори даражада зўравонлик сақланиб қолаётгани туфайли унга қарши жанговар ҳаракатларни қайтадан бошлашга кўрсатма берди. Толиблар ҳам ҳибсдаги ўз тарафдорлари АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги келишув шартларига мувофиқ озод этилмагунча расмий Кобулга қарши уруш ҳаракатлари давом этттирилишини айтди. Толиблар ўз сўзининг исботи ўлароқ, Тоҳар вилоятидаги постга ҳужум қилди. Улар Афғонистон президентининг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги чақириғини рад этди. Охир-оқибат, ҳукумат босқичма-босқич 1,5 минг маҳбусни озод қилишга ўз розилигини билдирди.
2020 йил 12 май куни содир бўлган ҳужумлар ортидан эса Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатдаги барча куч ишлатиш тузилмаларига «Толибон» ҳаракати билан курашда «ҳужум» шаклига ўтишга буйруқ берди.
Шу тариқа, зиддиятлар муттасил давом этди. Терактлар ҳам тинмади. Ниҳоят, 2020 йил август ойида Афғонистон ҳукумати турмалардаги охирги 400 жангарини озодликка чиқаришни бошлади. Аммо мазкур жараён ҳам АҚШ, Франция ва Австралия каби бир қатор давлатларнинг норозилиги сабабли тўхтаб қолди.
«Сценарий»даги янги ўзгаришлар
2021 йил бошида эса Афғонистон президенти «Толибон» билан тузилган келишувни АҚШ қайтадан кўриб чиқаётганини маълум қилди. Ашраф Ғани Оқ уйга президент Жо Байден келиши билан «Кобул ва Вашингтон муносабатларида янги саҳифа очилгани»ни таъкидлади.
Айтиш жоизки, «Толибон»нинг ғайритабиий талаблари, Афғонистон ҳукуматининг сиёсий ўжарлиги туфайли юзага келаётган вайронагарчилик эндиликда янада жиддий талафотларни юзага келтириши мумкин. Чунки иккала томон ҳам ҳануз бир-бирига куч ва уруш тили билан таҳдид қилиб, қабул қилиниши мумкин бўлмаган шартларни қўйишда давом этмоқда. Таъбир жоиз бўлса, ҳар икки томон ҳам хорижий давлатлар кўмаги билан «қаҳрамон» бўлишга уринмоқда. Афғонистонда уруш ва беқарорлик ҳукм сураётган айни пайтда буюк давлатлар ўз сиёсий-стратегик манфаатларидан келиб чиқиб, икки томонлама стандартларга асосланган усулларни қўллашмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кейинги кунларда Афғонистон Миллий ярашув кенгаши давлатда тинчлик ўрнатиш масаласи бўйича 25дан ортиқ таклифларни кўриб чиқмоқда. Ушбу тинчлик дастурлари Афғонистон президенти маъмурияти ва турли сиёсий партиялар томонидан тайёрланиб, мамлакат Миллий ярашув кенгашига тақдим этилган.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, асосий мақсад тинчликни таъминлаш учун умумий асосларни топишга қаратилган. Шунингдек, илгари сурилаётган таклифлардан келиб чиққан ҳолда, Туркияда 12 ёки 16 апрелда бошланиб, 10 кун давом этиши кутилаётган Афғонистонда тинчлик жараёнини жонлантиришга қаратилган халқаро конференцияга ягона «тинчлик йўл харитаси»ни тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.
«Кенгаш йиғилишида турли қарашлар ва таклифлар муҳокама қилинмоқда. Биз Туркияда бўлиб ўтадиган конференцияга умумий таклиф билан чиқишга ҳаракат қиламиз», дейди Миллий ярашув кенгаши вакили Фрайдун Хвазун.
Tolo News нашрининг президент саройидаги манбаларга таяниб хабар қилишича, шу кунларда мамлакатда урушни тўхтатишга қаратилган уч босқичли тинчлик режаси президент Ашраф Ғани томонидан жамоатчиликка тақдим этилиши кутилмоқда.
Ушбу 3 босқич қуйидагиларни ўз ичига олади:
- «Толибон» ҳаракати билан тинчлик битимини имзолашга қаратилган музокаралар олиб бориш;
- чекланган ваколатларга эга бўлган ва сайловлар ўтказилгунга қадар фаолият олиб борувчи «ўтиш ҳукумати»ни шакллантириш;
- халқаро ҳамжамият назоратида сайловлар ўтказиш ва тинчликни таъминлаш.
Қайд этиш лозим, 2018 йил март ойида Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция якунида қабул қилинган Тошкент декларациясида ҳам Афғонистон ҳукумати ва «Толибон»нинг муросасоз вакиллари ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан тўғри тинчлик музокараларини ўтказиш зарурати мавжудлиги қайд этиб ўтилганди.
АҚШ ва Афғонистон
2020 йил май ойи сўнгида АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter саҳифасида Қўшма Штатлар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетиши кераклиги, аммо шу билан бирга, у ердаги воқеаларни кузатиб бориши ва зарурият туғилганида «қақшатқич зарба» беришга тайёр туриш лозимлигини билдирганди.
Ўтган йилнинг сентябрида Вашингтон Шарқдаги, хусусан, Афғонистондаги ҳарбий контингентини камайтиришини эълон қилди. 2021 йилнинг январида АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер Афғонистон ва Ироқда 2,5 минг нафардан ҳарбий хизматчи қолдирилганини маълум қилди.
Аммо АҚШнинг янги президенти Жо Байден 2021 йил январда иш бошлаганидан кўп ўтмай, толибларнинг бошқа жангари гуруҳлар билан алоқаларини узиш ва Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини олиб бориш бўйича толиблар ўз мажбуриятларини қай даражада бажараётганини аниқлаш учун Доҳа келишувини қайтадан кўриб чиқа бошлади.
Ўз навбатида, Афғонистон бўйича тадқиқот гуруҳининг вакили ҳисоботида президент маъмуриятига тавсиялар берилди: «Толибон» ҳаракати илгари имзоланган келишув шартларини бажармаяпти, шу боис, 2021 йил май ойигача Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилишини кечиктириш лозим».
Тадқиқот гуруҳи «2021 йил майгача қўшинларни олиб чиқиб кетиш учун зарур шароитни таъминлаш жуда қийин ва эҳтимол, имконсиз» эканини таъкидлади.
Кейинчалик НАТО мамлакатлари мудофаа вазирлари АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувда кўзда тутилганидек, 1 майгача Афғонистондан альянс қўшинларини олиб чиқиб кетмасликка қарор қилишди.
Қайд этиш жоиз, Жо Байден президентликка келгач, АҚШ Европа оиласига қайтгани, Афғонистон ва АҚШ ҳамкорлиги давом этишини билдирди. Айни пайтда НАТО Афғонистондан чиқиб кетилишини «Толибон»нинг ўз мажбуриятларига қанчалар содиқ экани билан боғламоқда.
Айтиш лозимки, март ойида «Толибон» ҳаракати Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича АҚШ таклиф қилган янги режани рад этди. Ҳаракат вакилининг сўзларига кўра, Америка томони айтаётган барча томонлар иштирокида вақтинчалик ҳукуматни шакллантириш «Афғонистон олдида турган муаммоларни ҳал қилиш имконини бермайди».
Икки томонлама музокаралар иш бермагач, яна қуроллар ишга тушди – «Толибон»нинг рад жавобидан ҳеч қанча вақт ўтмай, Пентагон Қандаҳорда толибларга қарши зарбалар берилганини тасдиқлади.
Айни пайтдаги вазият шундайки, агар Вашингтон Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетмайдиган бўлса, АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги келишув бекор бўлиши мумкин. Бу ҳақда куни кеча «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги офиси вакили Муҳаммад Наим Вардак маълум қилди.
«Биз Доҳадаги келишув амалга ошишини талаб қиламиз. Агар у амалга ошмаса, яна маълум муаммоларга дуч келамиз, бу Доҳадаги келишув бекор бўлишига олиб келади», деди у.
«Катта ўйин»нинг бошқа иштирокчилари
Таъкидлаш жоизки, Афғонистондаги тинчлик жараёни мураккаб минтақавий характерга эга. Урушнинг мураккаб ички ўзига хосликлари бўлишига қарамай, сўнгги пайтларда Афғонистонда тарих такрорланмоқда. Ҳокимият учун аёвсиз кураш ва буюк куч сиёсати мамлакатга тағин қайтмоқда. Турли геостратегик манфаатлар ва ресурслар илинжида таъсир ўтказишга интилишлар натижасида Афғонистон яна минтақавий ва глобал рақобат марказига айланмоқда. Ўтмишдан фарқли ўлароқ, бу сафар ўйинда кўплаб янги кучлар ҳам иштирок этмоқда. Покистон, Эрон, Хитой ва Ҳиндистон – ушбу иштирокчилар орасидаги етакчилардир.
Нью-Деҳлининг фикрига кўра, Афғонистон аллақачон Ҳиндистоннинг ўйин майдонига айланган. Ҳиндистоннинг Афғонистондаги энг муҳим кун тартибларидан бири – азалий рақибига қарши янги жабҳани очиш орқали Покистонни «ўз назорати остига олиш»дир. Токи Ҳиндистон ва Покистон бир-бирига душман экан, Афғонистон уларнинг ҳар иккиси учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлиб қолаверади. Худди Афғонистон Ҳиндистон нуқтайи назаридан Покистонни сиқиб чиқариш учун стратегик устунлик яратгани каби Покистон учун ҳам шарқий (Ҳиндистон), ҳам ғарбий (Афғонистон) чегараларда душман кучларининг бўлмаслиги жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бўшлиқ ИШИД учун имконият яратяптими?
Бошқа томондан, Афғонистонда ИШИД билан боғлиқ эътибор қаратилиши лозим бўлган бир неча жиҳатлар бор. Биринчидан, Афғонистоннинг ички сиёсий вазиятидаги нотинчлик туфайли ИШИДнинг оёққа туриб олиши учун қулай шароит юзага келган. Чунки толиблар сўнгги ойларда мамлакатда ҳарбий ва сиёсий устунликка эга бўлиб, бор диққатини АҚШ ва Кобул маъмурияти билан музокаралар ўтказишга қаратмоқда. Шу боис ўртада бир бўшлиқ юзага келмоқда. Бу бўшлиқ эса ИШИД учун имконият яратиши мумкин.
«Толибон» ва Эрон муносабатлари
«Толибон» ва Эрон муносабатлари эса мураккаб вазиятнинг бошқа бир кўламини ташкил қилмоқда. Ливандаги «Ҳизбуллоҳ», Ироқдаги «Ҳашд аш-Шааби», Ямандаги ҳусийчилар ва Суриядаги «Фотимийюн» каби гуруҳларнинг табиати, урушга кириш сабаблари ва мақсадлари «Толибон»никидан кескин фарқ қилади.
1979 йилдаги инқилобдан бери Эрон шарқидаги қўшнисининг ҳудудида ҳаракат қилган ва вақт ўтиши билан ўзгариб турадиган бир қатор кучлар билан машғул бўлди. У баъзан шиа жангчиларини сафарбар қилди, баъзан эса сунний толиб жангарилари билан иттифоқ тузди ва ҳозир уларнинг ҳар иккаласи билан ҳам алоқада. Айни пайтда у АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Кобул ҳукуматига ҳам ўз таъсири ва босимини ўтказиши мумкин.
Эрон инқилоби муҳофизлари корпусининг етакчи бўлинмаси - «Ал-Қудс» кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний 2020 йил январ ойида Ироқ пойтахти Бағдодда АҚШ томонидан уюштирилган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлгач, янги қўмондон Исмоил Ғани қасос олишга қасам ичди. Эрон «Толибон» билан ўз алоқаларини мустаҳкамлади ва унга «ўнг кўзи билан қарай бошлади». «Толибон»нинг юқори мартабали амалдорлари ўтган йили ва шу йилнинг феврал ойида камида икки марта Теҳронга ташриф буюришди. Агар ушбу муносабатлар Эроннинг АҚШга қарши туришининг бир кўриниши экани ҳисобга олинса, унинг Афғонистонда фойдаланиши мумкин бўлган ишончли кучи «Толибон» эканини англаш қийин кечмайди.
Сулаймоний учун қасос олиш истагига қарамай, Эроннинг асосий мақсади АҚШ таъсирини иложи борича тезроқ тугатишдир. Табиийки, Теҳрон Вашингтонга тўғридан тўғри қарши тура олмайди, бунинг ўрнига у АҚШнинг Яқин Шарқ ва Афғонистондаги манфаатларига зарар етказишга ҳаракат қилади. Қолаверса, ИШИД базаси Эрон чегарасига яқин бўлмаса-да, Теҳрон ўз манфаатларига таҳдид солинишидан хавотирда.
АҚШни нима кутяпти?
Минтақадаги Хитой, Россия, Эрон ва Покистон каби давлатлар АҚШ ва НАТО кучларига қарши уруш эълон қилгани туфайли «Душманимнинг душмани – менинг дўстимдир» тамойилига мувофиқ, «Толибон»ни мамнуният билан қаршиламоқда.
АҚШнинг янги маъмурияти Россияни асосий таҳдид, Хитойни ўсиб бораётган таҳдид, Эронни исёнкор, Покистонни эса итоаткор ёлланма аскар, деб билмоқда. Ушбу мамлакатлар АҚШни ўз чегараларидан ташқаридаги урушга жалб қилиш учун «Толибон»ни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг фикрича, бу уруш қанчалар узоқ давом этса, АҚШ эътиборини ўз ички муаммоларидан бошқа томонга чалғитиши шунчалик осон бўлади. Ушбу мамлакатларнинг мутахассислари Афғонистонни империялар қабристони, деб билишади ва АҚШнинг ҳам худди собиқ совет иттифоқидай қисматга дучор бўлишига ишонишади.
Бу сафар хавф ҳар доимгидан кўпроқ
Тарих давомида Афғонистон давлат арбоблари ва ҳукмдорлари ўз минтақаларида турли минтақавий ва глобал кучларнинг геосиёсий ва стратегик манфаатларини ҳимоя қилмагани учун буюк кучлар сиёсати ва минтақавий урушларнинг қурбони бўлишган. Аммо бу сафар хавф ҳар доимгидан кўпроқ ва у Афғонистон давлатининг омон қолишини талаб қилади. Ҳозирги шароитда Афғонистондаги минтақавий манфаатларни бошқариш жуда қийин. Афғонистон ҳам ўз иқтисодиёти ва ҳарбий салоҳиятини кучайтириш учун етакчиликни қўлга олиши, ақлли дипломатияни ишга солиши лозим. Шу билан бир қаторда, иттифоқчиларининг геосиёсий заифликларидан фойдаланишни ҳам билиши керак.
Буларнинг барчасига қўшимча ўлароқ, Афғонистон ҳукумати ва давлат маъмуриятини ташкил этувчи сиёсатчилар мамлакатнинг заифлашишига ва бўлинишига олиб келиши мумкин бўлган қарашлари ва ҳаракатларидан воз кечишлари, Афғонистоннинг бетараф давлат бўлиб қолишини таъминлашлари ва қўшнилари ҳамда бошқа катта кучлар орасидаги мувозанатни сақлашлари керак. Шунингдек, АҚШ, Хитой ва Россия каби давлатлар билан иттифоқ тузиш орқали зарур хавфсизлик кафолатлари олиниши, иқтисодий имкониятлар яратиш орқали минтақада ўз таъсир кучига эга мамлакатга айланиш чоралари кўрилиши даркор. Албатта, буларнинг барчаси Кобулда қудратли ҳукумат ўрнатилиши билан амалга ошиши мумкин.
Отабек Тиллаев тайёрлади.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024