Шаҳзода Филипп 99 ёшида вафот этди
Букингем саройи қиролича Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги Филипп 99 ёшида оламдан ўтгани ҳақида расман эълон қилди.
«Қиролича жаноби олиялари ўзининг суюкли турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп, Эдинбург герцоги вафот этганини маълум қилади. Ҳазрати олийлари бугун тонгда Виндзор саройида сокин жон берди», деб ёзилган баёнотда.
It is with deep sorrow that Her Majesty The Queen has announced the death of her beloved husband, His Royal Highness The Prince Philip, Duke of Edinburgh.
— The Royal Family (@RoyalFamily) April 9, 2021
His Royal Highness passed away peacefully this morning at Windsor Castle. pic.twitter.com/XOIDQqlFPn
1921 йилда туғилган шаҳзода Филипп 1947 йилдан буён қиролича Елизавета билан яшаб келаётганди. Оила қурилганидан 5 йил ўтиб Елизавета қиролича бўлган. Уларнинг 4 нафар фарзанди, 8 нафар набираси ва 10 нафар эвараси бор.
10 июн куни у 100 ёшга тўлган бўларди. Шаҳзода Филипп турмуш ўртоғининг юбилейидан икки ҳафта олдин жон берди – 21 апрел куни қиролича 95 ёшни қаршилайди.
Қироличанинг турмуш ўртоғи 2017 йилдан оммавий тадбирларда кўриниш бермай қўйганди.
Январ ойида Елизавета II ва турмуш ўртоғи коронавирусга қарши эмланганди. 17 феврал куни шаҳзода ўзини ёмон ҳис қила бошлагач, шифохонага ётқизилганди. Хабарларда бу коронавирус билан боғлиқ эмаслиги айтилганди. Март ойида юрагидаги касаллик туфайли муваффақиятли жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани маълум бўлди. Операциядан кейин уни реабилитация учун қирол Эдуард VII номидаги шифохонага ётқизишди. Шундан кейин март ойи ўрталарида саройга қайтганди.
У 1921 йилда Грециянинг Корфу оролида, Глюксбурглар сулоласи оиласида туғилган. Германия, Шотландия ва Англияда таҳсил олган. Шаҳзода Филипп флотда хизмат қилган ва Иккинчи жаҳон урушида қатнашган.
1947 йилда Вестминстер аббатлигида Филипп ва Елизавета II никоҳ маросими бўлиб ўтган. Шундан кейин у қироллик хонадони аъзоси сифатида турли маросим ва хайрия тадбирларида фаол қатнаша бошлаган, қироличага турли ташрифлар вақтида ҳамроҳлик қилган.