Ўзбекистон | 16:39 / 10.04.2021
3820
2 дақиқада ўқилади

Асад Хўжаев Туркий кенгаш доирасидаги ахборот бўйича йиғилишда иштирок этмоқда

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Жорий йил 9 апрел куни Озарбойжон пойтахти Бокуда Туркий кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасидаги йиғилиш ўз ишини бошлади. Унда президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

Мазкур йиғилишда ахборот ва медиа соҳасида халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, хусусан, кенгашга аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситалари ходимлари малакасини ошириш бўйича семинарлар, ўқув-курслари, пресс-турлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама этилмоқда.

Ташриф доирасида, бугун Асад Хўжаев Озарбойжон Миллий кутубхонаси директори Карим Тоҳиров билан учрашув ўтказди. Учрашувда ахборот-кутубхоначилик соҳасини янада ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланишда жаҳон тажрибасини жорий этиш каби муҳим масалаларда фикр алмашилди.

Куннинг яна бир муҳим учрашуви Озарбойжон президентининг ёрдамчиси – президент администрацияси Ташқи сиёсат бўлими мудири Ҳикмат Гажиев билан ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида ахборот ва медиа соҳасидаги ҳамкорлик муҳим масалалардан бири экани таъкидланди.


 
АОКА раҳбари, шунингдек, “Озарбойжон телевидение ва радиоэшиттиришлари” ЁАЖ раиси Равшан Мамедов билан ҳам учрашди. Мулоқот давомида теле-радио соҳасидаги замонавий, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш, икки мамлакат журналистларининг ўзаро тажриба алмашиши бўйича таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, Асад Хўжаев Туркий кенгаш бош котиби Боғдод Амреев билан ҳам учрашди ва Ўзбекистон ҳамда кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид