Спорт | 17:38 / 10.04.2021
29007
2 дақиқада ўқилади

Наманганда нима бўлганди ўзи? #FootWeek'дан махсус репортаж

Суперлига 5-турининг марказий ўйини Наманганда ўтказилди. Маҳаллий «Навбаҳор» ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилди. Ўйинда Драган Чераннинг дубли эвазига «Пахтакор» ғалаба қозонди. Ғалаба голини сербиялик футболчи 90-дақиқада пенальтидан урди. Бу эса маҳаллий мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Бош ҳакам Фирдавс Норсафаров Сардор Рашидов йиқилган ҳолатда аввалига пенальти белгилашга иккиланиб турди. VAR'даги ҳакамлар билан маслаҳатлашиб, вазиятни ўзи экранда такроран кўргач, наманганликлар дарвозасига пенальти белгилади.

Шундан кейин майдонда ва ундан ташқари жуда хунук ишлар бўлиб кетди. «Пахтакор» футболчилари ҳақорат қилинди, уларга тош отилди, Драган Черанни алоҳида сўкишди, «Пахтакор» футболчилари ўйиндан кейин кийиниш хонасига кириб кетаётганда «Навбаҳор» футболчиси, клуб раҳбарияти вакиллари уларни урмоқчи бўлди, ҳақорат қилди. Бу ҳам етмагандек ичида ҳакамлар бор деб ўйлаган мухлислар «айби» учрашувни жонли эфирда олиб берган Ўз МТРК машинасига ҳужум қилишди. Ҳужумдан маҳаллий ИИБ ходимлари ҳам қуруқ қолишмади.

Хуллас, майдондаги курашларга ярашадиган жўшқинлик ташқарида бўлди, майдонда кўрсатилиши керак бўлган маҳорат майдондан ташқарида «кўз-кўз қилинди».

#FootWeek'нинг ушбу сонини айнан «Навбаҳор»  — «Пахтакор» ўйинига бағишлашни ният қилиб, позитив кайфиятда, майдонда чинакам маҳоратлар тўқнашувини кўришни кутиб йўлга чиққандик. Ўйин тугагач, сизга Европа футболини эслатувчи қайноқ атмосферани ичкаридан кўрсатмоқчи эдик, лекин афсуски камерамиз сиз учун асосан негатив кадрларни суратга олди.  Очиғи бу ўйин ҳақида гапириш мумкин бўлган позитив жиҳатнинг ўзи йўқ. Шунчаки томоша қилинг ва ҳолатга ўзингиз баҳо беринг. Ёқимли томоша!

Мавзуга оид