Ўзбекистон | 11:27 / 10.04.2021
18542
2 дақиқада ўқилади

«Триллер кинолардаги каби» — Тошкент метросида поезд эшикни ёпмай ҳаракатланди

Тошкент метросида сўнгги бир ой ичида тўртинчи марта нохуш ҳолат рўй берди. Чилонзор йўналишида поезд «Пушкин» бекатидан «Буюк ипак йўли» бекатигача эшикни ёпмай ҳаракатланди.

Интернетда тарқалган видеодан ҳаракат пайтида таркибдаги камида битта эшик очиқ қолгани, очиқ эшик ёнида бир неча йўловчилар турганини кўриш мумкин.

«Бунақа даҳшатни фақат триллер киноларда кўриш мумкин эди, аммо ўз ишига масъулиятсиз инсонларнинг касрига, минг афсуски, бизда бунақа ҳолатлар кундалик воқеага айланиб қолаётгандек», – дея ёзади видеони каналида эълон қилган блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Сўнгги пайтларда Тошкент метроси кўнгилсиз ҳодисалар билан тез-тез жамоатчилик диққат марказига тушмоқда.

18 март куни метронинг ер усти Сергели йўналиши бошланиш жойида икки поезд тўқнашиб кетган эди. Тўхтаб қолган таркибга ортидан келган бошқа бир таркиб келиб урилганди.

7 апрель куни эса Ўзбекистон йўлининг «Ғафур Ғулом» бекатида поезд техник сабабларга кўра тўхтаб қолди, натижада йўловчилар бошқа таркибга кўчирилди, юрмай қолган поездни бошқа бир поезд шатакка олишига тўғри келди.

Бу воқеанинг эртасига, 8 апрель куни эрталаб қурилганига бир йил бўлмаган Сергели йўналишида авариявий ҳолат рўй берди: контакт рельсининг кронштейнлари чиқиб кетди, натижада вагонлардаги йўловчилар ер усти метроси бўйлаб пиёда кетишларига тўғри келди. Йўналишдаги қатнов 6 соатга тўхтаб қолди.

Мавзуга оид