Ўзбекистон | 19:50 / 11.04.2021
26412
7 дақиқада ўқилади

«Бу ҳақда нега олдиндан очиқ айтилмади?» — «Наврўз» қабуллар уйи бузилиши борасида саволлар

2020 йилда Тошкент шаҳридаги қурилиш лойиҳалари тақдимотида президентга «Наврўз» қабуллар уйи реконструкция қилиниши, бинода бир неча янги лойиҳа амалга оширилиши айтилганди. Аммо бугунги кунга келиб бино бузиб ташланмоқда. Нега лойиҳа тузилиб, тақдимоти ўтказиб бўлингач, бино яроқсиз ҳолга келиб қолгани айтилмоқда ва бузилмоқда? Нега лойиҳа бўйича Showroom ташкил этилиши керак бўлган жойда энди кутубхона қурилиши айтилмоқда?

Фото: Telegram / Retrospective

9 апрел куни ижтимоий тармоқларда халқ орасида «Наврўз» тўйхонаси номи билан машҳур бўлган Тошкент шаҳридаги «Наврўз» қабуллар уйи бузиб ташланаётгани акс этган видеолар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Эътирозлар аслида таъмирланиши айтилган бино нега бузиб ташлангани, унинг ўрнига бошқа иншоот қурилса, яна миллиардлаб маблағлар сарфланишига қаратилган.

Пойтахт ҳокимлиги бу бино нима мақсадда бузилаётгани бўйича изоҳ берди. Бироқ изоҳда мажмуа нима учун таъмирланмай бузиб ташлангани ҳақидаги саволга жавоб йўқ эди. 

«Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Миллий боғ ҳудудида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейининг янги биноси, янги Миллий драма театр биноси, машҳур япониялик архитектор Тадао Андо лойиҳаси асосида Давлат санъат музейининг намойишлари комплекси, ёш олимлар, ёшлар ва китоб ихлосмандларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган, илм-фан ва санъатнинг турли соҳаларига оид босма ва электрон даврий нашрларнинг улкан салоҳиятига эга бўлган ҳамда 1,5 миллион дона китоб фондини ўз ичига олган улкан кутубхона биноси қурилиш ишлари бошланди», дейилган ҳокимлик изоҳида.

Ҳолбуки, 2020 йил ноябр ойида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги қурилишга оид лойиҳалар билан танишганида «Наврўз» қабуллар уйи таъмирланиб, бу ерда корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинганди.

Хусусан, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов тўйхона тўлиқ реконструкция қилиниб, атрофи сайилгоҳга айлантирилишини айтган.

«Наврўз» тўйхонаси ўрнига ичини реконструкция қилган ҳолда бинонинг 2-қаватида 2000 квадрат метрдан кўп бўлган жойда Тошкент шаҳридаги барча инвестиция лойиҳалари тақдимоти ва давлат иштирокидаги давлат улуши бор корхоналарнинг Showroom’и ташкил этилади. Бундан ташқари, бинонинг 1-қаватида ишсизлар биржаси бўлиб ўтади. Бу лойиҳа Меҳнат вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади. «Темир дафтар»га тушган ишсиз аҳоли шу ерга келиб, мутахассислиги бўйича ўзига маъқул келадиган ишни топиш имконияти бўлади», деганди ҳоким ўринбосари.

Табиийки, аҳолида таъмирлаш режаси бинони бутунлай бузиб ташлаш қарорига қачон ўзгаргани, бунга нима сабаб бўлгани борасида кўплаб саволлар туғилди.

10 апрел куни соат 20:00да Қурилиш вазирлиги мазкур масалада расмий муносабат билдирди. Вазирликнинг маълум қилишича, «Наврўз» комплекси замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талаблари асосида реконструкция қилиш мақсадида батафсил техник кўрикдан ўтказилган.

«Наврўз» комплекси 1980-йилларда ўша даврнинг техник регламентлари, шаҳарсозлик талаблари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилган.

Техник кўрик натижаларига кўра:

  • бино пойдевори остига узоқ йиллар давомида намлик ўтгани сабабли 27 сантиметрга қийшайган;
  • асосий юк кўтарувчи конструкцияларнинг мавжуд ҳолати уларда катта ҳажмдаги кучайтириш ишларини амалга оширишни тақозо қилади;
  • ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва энергия тежамкорлигини ошириш чораларини кўриш талаб қилинади.

Бундай тадбирларни амалга ошириш ҳисоб-китобларга кўра катта маблағларни талаб қилаётгани ва иқтисодий нуқтайи назардан мақсадга мувофиқ эмаслиги кўрингани қайд этилган.

Шу сабабли:

  • аҳоли хавфсизлиги;
  • конструктив мустаҳкамлиги ва барқарорлиги;
  • сейсмик хавфсизлиги ва мустаҳкамлиги;
  • ёнғин хавфсизлиги;
  • саломатлик ва атроф-муҳит муҳофазасини;
  • имкониятлари чекланган шахсларнинг фойдаланиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда «Наврўз» комплекси ўрнида барча техник ва замонавий қурилиш талабларига жавоб берадиган янги иншоот, яъни кутубхона барпо этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган.

«Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, охирги йилларда «Наврўз» мажмуаси техник жиҳатдан талабга жавоб бермагани инобатга олиниб, фаолияти тўхтатилган эди», деб ёзилади вазирлик муносабатида.

Энди савол туғилади: нега ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз юз берган бузилишлар бутун интернетда шов-шув бўлиб, ўнлаб саволлар берилганидан кейин бу изоҳлар чиқмоқда? Ҳаммасини олдиндан маълум қилишнинг имкони йўқмиди?

Блогер Отабек Бакиров ушбу масалада телеграм-каналида «Бинони бузиб бўлиб, уни авариявий эди дейишдан осони йўқ» сарлавҳали пост эълон қилди. Блогер бинонинг яроқсиз ҳолга келиб қолганини исботловчи материаллар ва давлат комиссияси хулосаси нега тақдим этилмагани юзасидан вазирликка бир неча саволлар билан юзланди.

«Қурилиш вазирлигига кўра, «Наврўз» қабуллар уйи фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган экан, унинг пойдевори 27 смга силжиган эмиш.

Агар ҳақиқатан ҳам «Наврўз» авариявий ҳолатга тушган бўлса, унинг пойдевори силжиганини акс эттирадиган техник-муҳандислик ҳисоблар, фото ва видео материаллар, давлат комиссияси хулосаси қилингандир? Қани шу хулосалар? Нега тақдим этилмади?

Энг асосийси, «Наврўз»нинг авариявий экани ҳақида нега уни бузишдан аввал очиқ айтилмади? Бузиб бўлингач, қабуллар уйи авариявий эди, дейиш соғлом беморни ўлдириб қўйиб, ўзи оғир касал эди, дейиш билан баробар-ку», дея ёзади у.

Отабек Бакировнинг сўзларига кўра, бино ўтган йилнинг ноябридан бу йил феврал ойигача таъмирланган.

«Солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб маблағларини сарфладинглар? Таъмирлаш ишларини қайси компания бажарди? У кимнинг чап чўнтаги эди? 2 ойдан кейин авариявий деб айтиладиган объектни таъмирлашга ташаббус кўрсатган буюртмачи ким эди?

Қурилиш вазири жаноб Зокиров 19 ноябр куни «Наврўз»ни таъмирлаш бўйича давлат раҳбарига тақдим этилган презентация вақтида ўша ерда эди-ку.

Нега давлат раҳбарига ҳозир авариявий деб айтилаётган «Наврўз»ни таъмирлашга миллиардлаб маблағ талаб этиладиган лойиҳа кўрсатилаётганда эътироз билдирилмади? Шу эмасми аслида хиёнат?

Ҳар бир кунимиз цинизмдан иборат бўлиб қолди. Лекин бунақа намойишкорона цинизмни ҳали бери эшитмагандик. Ҳеч қурса уялсанглар бўларди. Халқдан, қоракўзлардан», дейилади постда.

Умуман олганда, давлат бюджетининг йирик маблағлари қурилиш соҳасига йўналтириб келинади.

Мисол тариқасида айтиш мумкинки, 2021 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун бюджетдан 31,5 триллион сўм (3 млрд доллардан ортиқ) маблағ ажратилиши билдирилган.

Шунингдек, 2021 йилда уй-жой қурилиши учун давлат бюджетидан қарийб 10,5 триллион сўм (1 млрд доллар) маблағ ажратилиши ва бу ташқи қарз ҳисобига қопланиши маълум қилинган.

Исломбек Умаралиев. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид