Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ФҲДЁнинг собиқ мудираси Отабек Сатторийни туҳматда айблади. Термиз шаҳар ҳокими судга мажбурий келтирилади
Бундан ташқари, уй-жой қурилиши билан шуғулланувчи тадбиркор жами баҳоси 700 млн сўмдан ошиқ турадиган 2та квартирани ҳокимнинг босими остида Отабек Сатторийга 235 млн сўмга сотишга мажбур бўлганини иддао қилди.
Бугун, 12 апрел куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторий иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Суд мажлисида жабрланувчилардан бири, Денов тумани ФҲДЁ бўлими собиқ мудираси Насиба Норбоеванинг кўрсатмалари тингланди. Унинг маълум қилишича, ўтган йили Отабек Сатторий ижтимоий тармоқларда унинг қадр-қимматини ерга урадиган ва обрўсизлантирадиган ҳақоратли сўзлардан иборат видеолавҳа эълон қилган.
Отабек Сатторий бу даъво ёлғон экани ва у ўз видеолавҳасида Насиба Норбоеванинг қадр-қимматини ерга урадиган ва обрўсизлантирадиган ҳақоратли гаплар гапирмаганини билдирди. Томонларга судя, прокурор ва адвокатлар томонидан саволлар берилди.
Насиба Норбоева ўз кўрсатмаларида Отабек Сатторий моддий манфаатдорлик эвазига кимларнингдир буюртмаси билан уни обрўсизлантиришга уринганини даъво қилмоқда.
Отабек Сатторий эса унга ҳеч ким буюртма бермаганини, у коррупцияга қарши бўлгани учун ҳам Насиба Норбоеванинг ФҲДЁ мудираси бўлиб ишлаган даврида содир этган коррупцион ишларига қарши бўлганини ва видеолавҳани ҳам шу учун тайёрлаганини маълум қилди.
Унга адвокатлардан бири: «Сиз Денов тумани ФҲДЁ мудирасини аввал танимасдим дедингиз. Унда унинг коррупцион ишлари ҳақида сиз қаердан хабар топдингиз?» дея савол берди. Отабек Сатторий бу саволга: «Мен ўзимга маълумот етказган одамларни сотмайман», дея жавоб берди. Савол такрор берилгач, у «Мени Худо йўллади», деб жавоб берди.
Суд мажлисида аниқлик киритилишича, Насиба Норбоеванинг фаолияти юзасидан ўтказилган текширувда унинг коррупцион ҳаракатлари исботланмаган.
Шундан сўнг уй-жой қуриб сотиш билан шуғулланадиган МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатовдан кўрсатма олинди. Шопўлатовнинг маълум қилишича, Термиз шаҳар ҳокимининг босими остида у Отабек Сатторийга 235 миллион сўм эвазига аслида 700 миллион сўмдан ошиқ турадиган иккита квартирани нотариус орқали расмийлаштириб берган. Унинг даъво қилишича, Отабек Сатторий пулнинг қолганини тўлаб бериши ёки ўзи тўлаган 235 миллион сўм пулини қайтариб олиб, иккита квартирани қайтариб бериши керак.
Отабек Сатторий унинг даъвосига жавобан, иккита квартирани қонуний йўл билан нотариус орқали расмийлаштириб олганини маълум қилди.
Бугунги суд мажлисига Термиз шаҳар ҳокими ҳам кўрсатма бериш учун чақирилган. Аммо у судга келмади. Шу сабабли судя ҳокимни кейинги суд мажлисига мажбурий келтириш ҳақида ажрим чиқарди.
Суд иши 19 апрелгача танаффус эълон қилди.
Мавзуга оид
14:35 / 23.05.2025
Термиз шаҳрига янги ҳоким тайинланди
11:05 / 04.06.2024
Сурхондарёда содир бўлган ЙТҲда Нексия-3 машинаси ёниб кетди
17:01 / 05.02.2024
Блогер Отабек Сатторий озодликка чиқарилди
21:00 / 31.01.2024