Ўзбекистон | 16:26 / 12.04.2021
5313
2 дақиқада ўқилади

Jazeera Airways Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олди

Кувайтнинг Jazeera Airways авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати ва Кувайт давлати ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим асосида “Ўзавиация” агентлиги томонидан 2021 йил 12 апрел куни Jazeera Airways авиакомпаниясига Кувайт – Тошкент –  Кувайт йўналишида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун эксплуатацион рухсатнома берилди. 

Авиакомпания парвозларни А320-214 ва А320-251N ҳаво кемаларида амалга оширишини маълум қилгани айтилади.

Жорий йил январ ойи охирларида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Jazeera Airways авиакомпанияси вице-президенти Равиндран Бхаратхан бошчилигидаги делегацияси билан музокаралар ўтказганди.

Музокаралар давомида Кувайтдан Ўзбекистон шаҳарларига тўғридан тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатга кувайтлик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Маълумот учун: Jazeera Airways Кувайтнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг 40 га яқин мамлакатига мунтазам рейсларни амалга оширади.

Бундан олдин, Ўзбекистон ва Қатар ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши кутилаётгани хабар берилганди

Мавзуга оид