Ўзбекистон | 08:12 / 12.04.2021
8636
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ягона пуллик кўприк экани айтилган Амударёдаги «Жумуртов понтон кўприги» ҳақида расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда «Пуллик кўприкдан одамлар норози» мавзусида хабар тарқатилди. Хабарда бир гуруҳ фуқаролар Амударё туманидаги «Жумуртов понтон кўприги»дан ўтиш пуллик эканлигидан норозилигини баён қилган. Видеолар изоҳида «Жумуртов понтон кўприги»дан ўтиш пуллик эканлигидан одамлар норозиги, у Ўзбекистондаги ягона пуллик кўприк экани ҳақида ёзилган.

Ҳолат юзасидан Aмударё тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилди. Туманда дарё устидан ўтувчи 2 та понтон кўприк мавжуд бўлиб, биринчиси давлат идораси бўлган «Амударё йўллардан фойдаланиш» УКга тегишли «Қипчоқ понтон кўприги» ҳисобланади. Ушбу кўприкни таъмирлаш-сақлаш харажатлари, ишчиларга бериладиган ойлик маошлари ва бошқа харажатлари давлат томонидан молиялаштирилиши сабабли бу кўприк орқали қатновлар бепул ҳисобланади.

Иккинчи кўприк – хусусий тадбиркорга тегишли бўлган «Жумуртов понтон кўприги»дир.

Мазкур кўприк Жумуртов шаҳарчаси ҳудудида фаолият юритувчи «Жумуртов понтон кўприги» МЧЖ қарашли бўлиб, кўприкни таъмирлаш-сақлаш харажатлари, ишчиларга бериладиган ойлик маошлари ва бошқа харажатлари тадбиркор томонидан молиялаштирилиши сабабли бу кўприк орқали қатновлар пуллик ҳисобланади.

Понтон кўприк тадбиркор томонидан 2001 йилда ўрнатилиб, ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда 2 сменада 10 нафар ишчи-ходимлар ишлаб келмоқда. Умумий узунлиги 290 метрни, эни 12 метрни, юк кўтариш қобилияти 10 тоннани ташкил қилади.

Кўприкдан фойдаланган йўловчи ва автотранспорт воситаларидан МЧЖ раҳбарияти томонидан тасдиқланган тарифлар асосида хизмат ҳақи олинмоқда ҳамда тегишли тартибда чек берилиб, пуллари банкка кирим қилинмоқда. 

Шунингдек, қонунда кўрсатилган тартибда алоҳида шахсларга имтиёзлар берилган бўлиб, фавқулодда вазиятларда хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситаларидан хизмат ҳақи олинмайди, дейилади ҳокимлик расмий изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Жумуртов понтон кўприги» бир неча бор дарёга оқиб кетганди. Давлатники экани айтилган «Қипчоқ понтон кўприги»дан эса очилиб қолган вазиятларда машина ва одамлар дарёдан пуллик тарзда ўтказилган эди.

Мавзуга оид