Ўзбекистон | 14:27 / 14.04.2021
61464
7 дақиқада ўқилади

Беш йил сарҳисоби – Нималарга эришилди-ю қайси масалалар очиқ қолмоқда?

Биз яшаган юрт аҳли азалдан мамлакат йўлбошчисига ўзгача ҳурмат ва итоатда бўлади. Амалдаги давлат раҳбари сайловларда ўз ўрнини қайта эгаллай олмай қолган ҳолат содир бўлмаган. Шавкат Мирзиёев 2021 йилги президентлик сайловига ўз номзодини илгари суриши бўйича ҳали расман билдиргани йўқ. Аммо катта эҳтимол билан шундай бўлади ва ундан-да катта эҳтимол билан амалдаги давлат раҳбари ўз постини сақлаб қолади.

Ўтган беш йил давомида Шавкат Мирзиёев қандай ютуқларга эришгани ва қанақа муаммолар ечимини топа олмагани ҳали кўплаб тадқиқотлар мавзусига айланади. Биз фақат энг кўп тилга олинган масалалар юзасидан кичик таҳлил ўтказишга жазм қилдик.

Хўш, нималарга ҳаракат қилинди-ю, аммо натижа кутилганидек бўлмади?

Инсон зоти борки мукаммал эмас. Катта бир давлатнинг президенти, улкан имкониятлар эгаси бўлсанг-да, барибир ҳаммаси силлиқ кетмаслиги тайин. Шавкат Мирзиёев ўзи кўзлаган ва бир неча карра тилга олган айрим муаммолар бугун ҳам ечимини топмаган.

1. Коррупция

Бу иллат жон-жонимизга шу қадар сингиб кетганки, усиз иложи йўқдай тасаввур пайдо бўлган. Шавкат Мирзиёев президент курсисини эгаллаши билан бу борада қатъий кураш бошлади ва маълум ютуқларга эришди ҳам. Аммо коррупция тугади, ҳеч бўлмаганда жиловланди дейишга ҳали жуда эрта. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилиши ҳам бу борада бир қадам. Аммо ниҳоятда чуқур илдиз отган бу муаммо бутун жамиятни зарарлаб улгурган.

2. «Свет-газ» муаммоси

Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилларида бир қадар ортга чекинган бу муаммо қиш эрта келган йилда яна бўй кўрсатди ва тизимдаги аянчли аҳволни қайта ёдга солди. Албатта, ҳар йиғилишда бу муаммо тилга олинади, ечимлар изланади. Охирги 5 йилда қатор силжишлар бор, аммо бу муаммолар ҳануз халқнинг оғриғи бўлиб қолмоқда.

3. Қуйи бўғин раҳбарлари талабларни ҳис қилмаслиги

Бу айниқса ҳокимларнинг «снос»ларга, судьялар, умуман, куч ишлатар тизимларнинг ОАВ билан муносабатларида кўзга ташланиб қолади. Шунингдек, кучишлатар тизимлар баъзан олдинги даврни «қўмсаб» қолишлари ҳам етарлича муаммо туғдиради. Бир қадар жиловланган ва ўзини босиб олган бу тизимларда ҳалигача ўзгаришларга эҳтиёж бор.

4. Мигрантлар

Ўзбекистон аҳолиси шиддат билан ривожланаётган мамлакат бўлиш билан бирга арзон ишчи кучининг донори сифатидаги уятли мақомини сақлаб турибди. Президент буни кўп таъкидлайди, тан олади, ечимини излайди. Аммо ўз ички имкониятларимиз етишиб келаётган авлодни таъминлай олмаётгани бу муаммонинг ҳам сақланиб туришига замин яратяпти.

5. Монополиялар

Аслида президентнинг ўзи ҳам бу муаммони бир неча марта тилга олди. Аммо тугал ечим барибир кўринмади. Автосаноат, авиапарвозлар, ҳаж ва умра саёҳатлари каби соҳалар ҳануз тор гуруҳлар қўлида қолаётгани кўпчиликни ўйлантиради.

Эришилган ютуқлар-чи?

1. Сўз эркинлиги

Албатта, бу ҳали давом этаётган жараён ва мутлақ эркинлик билан бирор давлат мақтана олмайди. Ҳаммаси нисбийликда баҳоланаркан, президент Мирзиёевнинг бу борада олиб борган ислоҳотлари ва эришган натижалари ниҳоятда салмоқли. Зеро, яқин ўтмишда ҳам давлат раҳбарининг ютуқларидан бошқа жиҳатини ёритиш тугул, тўрт киши ичида сўзлаш ҳам хавфсиз бўлмаган.

2. Очиқлик

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашиб, аҳолиси энг кўп бўлатуриб ҳам жуда узоқ вақт «баланд девор»лар ортида яшади. Шавкат Мирзиёев дастлабки қадамлардаёқ бу борада иродасини намоён қилди ва қўшни давлатлар билан ўртадаги ғовларни олиб ташлади. Узоқ йиллар бир-бирини кўрмаган жигарлар дийдорлашди, очиқ йўллар савдо ривожига туртки берди. Аммо бу кунлар кўпчиликка армон бўлиб қолди...

Энг муҳими, мамлакат нафақат яқин қўшниларга, балки бутун дунёга очилди ва давлат раҳбарининг ўзи ҳам хорижга узлуксиз сафарлар уюштира бошлади.

3. Дин ва эътиқод эркинлиги

Янги масжидлар очилиши кўпчилик учун унут бўлган ҳолатга айланиб улгурганди. Аксинча, кўплаб масжидлар ёпилиб ҳам кетганди. Бу борада ўзгаришлар эътиқод эркинлигининг бир рамзи, холос. Аслида эркинлик кўнгилларга сингиб борди – қора рўйхатлар чекланди, «Жаслиқ» ёпилди, адашганларга имкон берилди, тўғри йўл кўрсатилди. Янада жиддийси – ҳар қандай одамни диний эътиқоди учун қоралашлар орқали яксон қилиш амалиётига чек қўйилди.

4. Валюта ислоҳоти

Ўзбек сўми узоқ йиллар қийин аҳволда жон сақлади. «Валюта қийматини белгилаш чоғида...» деган жумла миллий валютанинг ҳатто ўз ҳудудида ҳам ўрни йўқлигини англатиб турарди. Конвертация масаласи фақат тор доирадагиларнинг даромад манбайига айлангани, мутлақ кўпчилик учун ечилиши ақл бовар қилмас муаммо эканлиги айни ҳақиқат. Шавкат Мирзиёев бу ҳолатга барҳам бера олди.

5. «Пластикми – 20 фоиз»

Ҳозир кўпчиликка нақд пулдан кўра пластик қулайлиги бундан 5 йил олдин эртак туйиларди. Чиндан ҳам ҳаммамиз шундайлигига кўникиб бўлдик. Лекин эсимизда бор, одамлар ўзларининг пешона тери бўлган маблағларининг 20 ва ҳатто 30 фоизидан кечишарди ҳамда давлатни кўнгилларидаги «чиройли» сўзлари билан сийлардилар. Бугун буларнинг бари ўтмишда қолган. Осон бўлмаган бу ислоҳот ҳам бевосита янги президент номи билан боғлиқ.

6. Йўллардан йўқолган постлар

Яқин ўтмишда хориждан келган меҳмон бир вилоятга боришда постларни кўриб «чегарага келдикми, менинг бошқа давлатга визам йўқ-ку» дегани бор гап. Ҳар бир ҳайдовчи республика ичида юрса ҳам постлар ёнига ҳадикда келгани ҳали унут бўлгани йўқ. Бугун улар саноқлигина қолган, борларида ҳам муносабат бошқача.

7. «Прописканг борми

Тошкентнинг давлат ичра давлат мақомида сақланиши, бир давлат фуқароларининг икки тоифага ажратилиши бутун дунёга кулги бўладиган ҳолат эди. Бу «тиш оғриғи» ҳам шу қадар узоқ ва узлуксиз давом этдики, ечими йўқдек эди. Аммо қатъий ирода самарасини берди – оғриққа даво топилди. Бугун айримлар қўрққанидек «Тошкентни одам босиб кетгани» йўқ.

8. Камбағалликнинг тан олиниши ва унга қарши кураш

Яқин ўтмишда Ўзбекистон ўта фаровон ўлка сифатида шу қадар кўп таърифландики, «мусаффо осмон» жумласи кўнгилни айнитар даражага етди. Аммо сал пастга тушиб қаралганда кўп нарса абгор эканлиги билинди, қолди. Зудлик билан вазиятни ўнглаш керак бир пайтда аҳолининг салмоқли қисмининг иқтисодий аҳволига реал баҳо бериш зарурати туғилди. Шу тарзда камбағалликка қарши кураш бошланди. Ютуқларини кутамиз.

Юқорида айтилганидек, бу мақола мутлақ ҳақиқатга ва аниқ маълумот ўрнига даъво қилмайди. Лекин президент сайловлари сари қадам қўяр эканмиз, ҳар биримиз ўз ичимизда ана шундай таҳлил ўтказишимиз ва асосланган қарор қабул қилишимиз шарт. Зеро, асл демократия шуни талаб қилади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид