Кибержосуслик ва «Қрим истилоси» учун: АҚШ Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди
АҚШ Россияга нисбатан ваъда қилинган янги санкциялар пакетини эълон қилди. 32 жисмоний шахс ҳамда ташкилотлар АҚШ «қора рўйхат»ига киритилди. Шунингдек, 10 нафар россиялик дипломат жосусликда гумонланиб, Америкадан чиқариб юборилади. Ўз навбатида, Москва санкцияларга жавоб кескин бўлишини маълум қилди.
Россия давлат қарзига қарши санкция
Жо Байден имзолаган санкция пакетига кўра, Америкадаги молиявий ташкилотларга Россиянинг суверен облигацияларини сотиб олиш тақиқланади. Чекловга кўра, рублда ва бошқа валютада амалга ошириладиган ҳар қандай савдога тақиқ қўйилган. Гап 2021 йил 14 июнда сотувга чиқариладиган Россия Банки, Миллий фаровонлашиш фонди ва Россия Молия вазирлиги томонидан сотувга чиқарилувчи облигациялар ҳақида бормоқда.
Россия давлат қарзига нисбатан Америка санкцияси янгилик эмас. 2019 йил августдан буён америкалик инвесторларга Россия евробондларининг бирламчи савдоларида қатнашиш тақиқланган. Бироқ Россия давлат облигацияларининг иккиламчи савдоларига қатнашиш ҳозир ҳам тақиқланмаган.
Киберҳужумлар учун
Жо Байден киберҳужумлар учун Россияга жавоб бериши ҳақида анчадан буён айтиб келаётганди. Янги санкциялар пакетида Россия томонидан амалга оширилган киберҳужумларда қатнашгани айтилган олтита технологик компанияга қарши чеклов ҳам киритилган. Solar Winds деб аталган киберҳужумлар туркуми сабаб санкциялар жорий этиш кейинчалик ҳам давом эттирилиши айтилган.
АҚШда Solar Winds ҳукумат компьютерларига қилинган энг катта киберҳужум экани айтилади. Бу ишларда техник таъминотчи бўлган компаниялар тўғридан тўғри АҚШ санкцияларига учраган. Хусусан, Positive Technologies компанияси. АҚШ Solar Winds платформасига қилинган кибержосусликка бевосита Россия Ташқи разведка хизматини айбдор деб топган. Вашингтонга кўра, Россия Ташқи разведка хизмати ҳакерлик ҳужумларини APT 29, Cozy Bear ва The Dukes компаниялари билан бирга амалга оширган.
Россия Ташқи разведка хизмати бу айбловларга жавоб берди: «Байденнинг баёнотида Россия Ташқи разведка хизмати ҳақида бир оғиз ҳам гапирилмаганди, лекин АҚШ ОАВлари учун махсус тайёрланган Россия Ташқи разведка хизмати ҳақидаги бандда анча бўҳтон ёғдирилган. Океан ортидаги ҳамкасблардан иқтибос келтирмоқчи эмасмиз, лекин биз бу электрон оламда ҳамкасб эканимизни унутмаслик керак. Фақат шуни айтмоқчимизки, бўлмағур нарсаларни ўқиш унчалик қизиқ машғулот эмас».
2020 йилги президентлик сайловларига аралашганлик учун ҳам бир қатор ОАВлар санкцияга учраган. Улар орасида бир нечта инглиз тилида юритиладиган сайтлар ҳам бор. Бу сайтлар Россия махсус хизматлари билан алоқада гумон қилинган.
Дипломатлар чиқариб юборилади
Санкциялар пакетида 32 нафар россиялик жисмоний ва юридик шахсга нисбатан чекловлар ҳам кўзда тутилган. Вашингтоннинг фикрича, бу россияликлар АҚШдаги президентлик сайловлари натижаларига таъсир қилишга уринган. Улар ёлғон маълумотлар тарқатишда ҳам айбланган. Шунингдек, «Россиянинг Қримни истило қилишида қатнашган» 8 нафар юридик ва жисмоний шахс ҳам санкцияга учраган. Хусусан, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Россия Тергов қўмитаси раҳбарияти.
Янги чеклов бўйича АҚШда фаолият юритаётган 10 нафар россиялик дипломат мамлакатдан чиқариб юборилади. Оқ уй уларнинг орасида Россия махсус хизматларининг тўғридан тўғри вакиллари ҳам борлигини айтган. Оқ уй баёнотида бу борада шундай дейилган: «АҚШ Россия билан муносабатлар стабил ва ўзгармас бўлишини хоҳлайди. Шу билан бирга, жаноб Байден ва администрацияси АҚШнинг манфаатларига салбий таъсир қилувчи ҳаракатларни жавобсиз қолдирмайди».
«Санкцияларга жавоб кескин бўлади»
Россия Ташқи ишлар вазирлиги санкцияларга жавоб қайтарди: «АҚШни бундай душманларга хос ҳаракатлар томонлар ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштириши ҳақида огоҳлантиргандик. Бу икки ядровий державаларга ярашадиган иш эмас», деган Россия ТИВ расмийси Мария Захарова.
У икки кун олдин Путин ҳамда Байденнинг телефон суҳбатида АҚШ президенти муносабатларнинг нормаллашишига умид билдирганини эслатди: «Бироқ унинг қилган ишлари айтганларини буткул рад этади. АҚШ ўз гегемонлигига хизмат қилмайдиган ҳар қандай тинч муносабатларга рози бўлмайди. Улар бизнинг ички ишларимизга аралашган ҳолда санкциялар ёрдамида босим қилишга уринмоқда. Бундай агрессив ҳаракатлар жавобсиз қолмайди. Санкциялар учун жавоб кескин бўлади. Вашингтонда икки томонлама муносабатлар ёмонлашгани учун тўлиқ жавобгарлик АҚШнинг гарданида эканини ҳис қилишлари керак ва бу учун жавоб беришлари шарт».
Давлат қарзи бўйича санкция хавфлими?
Россия рубли ҳозирча санкция ҳақидаги хабарларга реакция билдиргани йўқ. Россия ташқи молиялаштиришни асосан давлат облигациялари эвазига амалга оширади. Россия Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 1 март ҳолатида давлатнинг ташқи қарзи 56,6 миллиард долларни ташкил этмоқда. Шундан 38,2 миллиард доллари айнан облигация кўринишидаги қарз. Бу облигацияларни америкалик, европалик ва россиялик инвесторлар сотиб олишади. Байден Россия давлат қарзига қарши санкция жорий қилишни Европа мамлакатлари билан бирга амалга оширмоқчи экани ҳақида март ойининг бошида маълум бўлганди.
Ўз навбатида, Россия давлат қарзи мамлакат ҳисоб палатасига кўра 18,99 триллион рублни ташкил этади. Бу эса ялпи ички маҳсулотнинг 17,8 фоизига тенг дегани. Молия вазирлигига кўра, Россия давлат қарзи 2024 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг 21,4 фоизини ташкил этади. Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг айтишича, мамлакат иқтисодида ғарблик инвесторларнинг улуши 23 фоизни ташкил этади ва бу кўрсаткичнинг ўзгариши Россия иқтисодига катта таъсир кўрсатмайди.
Яна нимага тайёргарлик кўрилганди?
АҚШ Россиянинг улкан транзит лойиҳаси «Шимолий йўналиш-2»га қарши ҳам санкция қўллаши кутилганди. Яъни бу лойиҳани амалга ошираётган Nord Stream 2 AG компанияси ва унга ёрдам берган бошқа компаниялар санкцияга учраши кутилганди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам бу лойиҳада қатнашган ҳар қандай компания санкцияга учраши мумкинлигини айтган.
Аввалроқ бу масалага Германия ҳам аралашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Яъни Германия ўзи ҳам бевосита манфаатдор бўлган «Шимолий оқим-2» лойиҳасига қарши санкция қўлламаслик звазига АҚШга Украинани қўллаб-қувватлашни таклиф қилган. Таҳлилчиларга кўра, бу транзит қурилишига қарши санкциялар ҳақида сўз боргани инвесторларни қўрқитиб юборган, лекин «Шимолий оқим-2» барибир қуриб битказилади.
Дунёдаги энг катта трубали транзит ўтказувчилардан бири бўлиши кутилаётган «Шимолий оқим-2» Россиядан Болтиқ денгизи орқали Германиягача газ етказишни таъминлайди. Бу йўналишда йилига 55 миллиард кубометр газ ўтади. Лойиҳани Nord Stream 2 AG компанияси амалга оширмоқда ва ягона акционер «Газпром» ҳисобланади.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
17:47
Кремл Россияга мигрантлар нима учун кераклигини тушунтирди
15:31
Шартнома бўйича ҳарбийлар 65 ёшга тўлмагунча Россия армиясидан бўшатилмайди
13:52