Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зангиотада аёллар қамоқхонасида маҳкумалар 700 минг сўмгача ойлик олади – Омбудсман
14 апрель куни Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ижро этиш муассасасига Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Омбудсман матбуот хизматининг маълум қилишича, 1600 ўринга эга бўлган Республикада ягона аёллар жазони ижро этиш муассасасида ҳозирда 500 нафардан ортиқ маҳкумалар сақланмоқда, уларнинг 3 нафари вояга етмаган қизлар.
Маълум қилинишича, ётоқхоналарда маҳкумалар учун яратилган шарт-шароитлар талаб даражасида, суҳбатда ҳам ҳеч бир маҳкума муассаса шароити ёки ходимлар муомаласидан шикоят қилмаган.
Маҳкумалар буюртмага қараб 400-700 минг сўмгача ойлик иш ҳақи олишади. Касал ва ёши катта маҳкумалар ишга жалб қилинмайди, касб-ҳунарга ўргатилган аёлларга сертификатлар берилади.
Муассасадаги 2та болалар уйида 21 нафар она 3 ёшгача бўлган фарзандлари билан 24 соат давомида бирга бўлиши мумкин. Болали маҳкумалар мажбурий ишга жалб қилинмайди, лекин ихтиёрий равишда ишлаш истагини билдирса, фарзандларини тарбиячи ёки ҳамшираларга қолдириши мумкин. Узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумаларнинг фарзандлари 3 ёшдан кейин яқин қариндошлари ёки маҳкуманинг розилигига асосан болалар уйига топширилади.
Ўрнатилган тартибга кўра, маҳкумалар ҳар 2 ойда бир марта кўришга келувчилар билан, уларнинг қариндошлик даражасига қараб узоқ ва қисқа муддатда учрашиши мумкин.
Шунингдек, омбудсман ўрганишлари давомида тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари камлиги сабабли муассасадаги 8та шифокор ўрни вакант экани, ошхоналардаги идиш-товоқлар алмаштирилиши кераклиги аниқланган.
Муассаса ҳудудида маҳкумалар меҳнат билан банд бўлишлари учун шу ой охиригача янги тикув цехи қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
23:27 / 18.05.2025
Франция Жанубий Америка жунглиларида қаттиқ тартибли қамоқхона қуради
16:33 / 17.05.2025
Россия қамоқхонасида туннель қазиб қочган ўзбекистонликларга ҳукм ўқилди
10:29 / 26.04.2025
Зангиотадаги гилам дўконида йирик ёнғин содир бўлди
12:17 / 26.03.2025