Ўзбекистон | 08:20 / 16.04.2021
6105
2 дақиқада ўқилади

Навоийда жорий йилнинг ўтган даврида ноқонуний олтин қазиб олиш билан боғлиқ 22 та ҳолат аниқланган

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги ташландиқ олтин конида ноқонуний ишлар кузатилаётгани, ИИБ ва прокуратура ушбу ҳолатга эътибор қаратиши зарурлиги ҳақидаги видео лавҳа тарқалди. 

Мазкур видео лавҳага вилоят ИИБ муносабат билдирди. Маълум қилинишича, Хатирчи тумани Зарафшон, Тинчлик, Каттасой, Қорача, Чанғир, Қуччи, Алишер Навоий, Майдонсой, Олтинсой, Ангидон ва Бахшижар маҳаллаларининг тоғли ҳудудларида ҳамда аҳоли хонадонларида мунтазам равишда тезкор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
 
Шундай тадбирлар жараёнида 2020 йил давомида 112 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 22 та ҳолатда ноқонуний равишда таркибида тилла зарралари мавжуд бўлган қум ва тошларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи шахслар аниқланган. Ушбу шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган ва улар фойдаланиб келган далилий ашёлар давлат фойдасига мусодара қилинган.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 9 февраль куни туман ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида 9 та ҳолат аниқланган. Жараёнда 6 та тош тегирмон, 1 та движок, 9 та двигатель, 50 метр кабель, 182 қопга солинган тилла зарралари бўлган тош-қум, 4 дона тош майдалагич ускунаси, 1 дона болгарка, 1 та тегишли ҳужжатлари бўлмаган «Москвич-412» машинаси, 160 дона ҳар бири 20 литр ҳажмдаги полиэтилен идишга солинган кислотага ўхшаш суюқлик ва бошқа буюмлар далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Навоий вилоят ИИБга кўра, видео лавҳада кўрсатилган ҳудудни аниқлаш ҳамда ушбу манзилда тезкор тадбир ўтказиш бўйича туман ИИБ, шунингдек бошқа мутасаддиларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилган.

Мавзуга оид