Жамият | 19:46 / 16.04.2021
2856
3 дақиқада ўқилади

Навоийда уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия ажратиш масаласини кўриб чиқишда 1 083 та қонунбузилиши ҳолати кузатилган

Ушбу масалада 62 та ҳолатда аризалар асоссиз рад этилган бўлса, 877 та ҳолатда белгиланган муддатлар бузилган ҳамда 138 та ҳолатда бошқа турдаги қонунбузилишларга йўл қўйилган. 

Бу ҳақда Навоий вилояти Адлия бошқармасида охирги 3 йилда амалга оширилган ишлар ва кўрилаётган зарур чора-тадбирларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Аъзамжон Сарабеков маълум қилди.

Таъкидланишича, субсидия масаласида келиб тушган аризалар масъул ташкилотлар томонидан 10 иш кунида кўриб чиқилиши лозим бўлсада, тижорат банклари томонидан 140 та, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан 109 та, молия бўлимлари томонидан 77 та, тиббиёт бирлашмалари томонидан 66 та, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 54 та, ер тузиш ва давлат кадастри корхоналари томонидан 51 та ҳолатда ушбу муддат бузилган.

«Ушбу қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан комиссия аъзоси бўлган мутасадди давлат идораларига 144 та огоҳнома, 38 та тақдимнома ҳамда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 23 та таклиф киритилди», — дейди Сарабеков.

Шунингдек, ўтган 3 йилда бошқарма томонидан 111 та норматив тусдаги қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулосалар берилган ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг 7 165 та мурожаати қонуний ҳал этилган. Мурожаатлар ва давлат органлари фаолиятида ўтказилган ўрганишлар натижасида эса бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари, хато ва камчиликлар аниқланган.

Бошқарма бошлиғига кўра, ушбу қонунбузилишларнинг аксарияти хусусияти бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш, меҳнат, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни ташкил этади. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан 2 055 та тақдимнома, 9 331 та огоҳнома, айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 825 та таклифлар киритилган.

Кўрилган таъсир чоралари натижасида 1 805 нафар айбдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиб, 22 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси тугатилган. Фуқаролар ва тадбиркорларга 17,9 млрд сўм пул маблағлари тўлаб берилиб, давлат органларининг 435 та ноқонуний ҳужжатлари бекор қилинган. Судлар томонидан 14,1 млрд. сўмлик 2 035 та даъво аризалари қаноатлантирилган.

Матбуот анжуманидан сўнг, журналистларни Адлия бошқармасининг янги биносида яратилган имкониятлар билан таништириш мақсадида пресс-тур ҳам ташкил этилди.

Аввалроқ Навоий вилояти Адлия бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилган ва унда Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этганди.

Мавзуга оид