Жамият | 18:20 / 16.04.2021
71882
3 дақиқада ўқилади

Шоира ва халқаро тоифадаги спорт ҳаками Хонзодабегим Жамолова вафот этди

Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетининг 3-босқич талабаси, истеъдодли шоира ва халқаро тоифадаги спорт ҳаками Хонзодабегим Жамолова бугун, 16 апрел куни 22 ёшида вафот этди.

Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати

Бу ҳақда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев ўз Facebook саҳифасида маълум қилди.

Хонзодабегим Жамолованинг яқинлари берган маълумотга кўра, унинг вафотига кеча тунда қон босимининг кескин пасайиб кетиши, қон босимини кўтариш учун қилинган муолажалар оқибатида эса юрак тўхташи сабаб бўлган.

Хонзодабегим Жамолова 1999 йил 27 мартда Бекобод туманида туғилган.

У спортдаги қисқа фаолияти давомида бир қатор ютуқларга эришган. Каратэ бўйича II дан қора белбоғ соҳибаси, жит кун до бўйича халқаро турнирлар ғолиби.

Халқаро тоифадаги ҳакам ҳамда халқаро спорт лойиҳалари таржимони.

Хонзодабегим Жамолова спортдан ташқари ижод билан ҳам фаол шуғулланган. Жумладан, унинг «Бахт тонги» номли шеърий тўплами бундан бир ой аввал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси кўмагида чоп этилган.

Хонзодабегим Жамолова Ўзбекистон хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Лидер қизлар» фестивалини ташкил қилган.

Рус, инглиз, араб, турк, корейс тилларида сўзлаша олган.

«Марҳума талабамиз юртимизда спортнинг ривожланиши, жаҳон ёшларини ўзаро ҳамжиҳат бўлиб фаолият олиб бориши тарафдори эди. Шу сабабли унинг ташаббуси билан 2019 йилда Ўзбекистонда илк бор Халқаро спорт саммити (International sport summit Tashkent-2019) ўтказилди.

У бугунги кунга қадар мамлакатимизнинг кўплаб қизларнинг йўлбошчиси сифатида уларни қўллаб-қувватлаб, жамиятимизда ўз ўрнига эга бўлишлари учун меҳнат қилиб келди», – дейилади Жисмоний тарбия ва спорт университети хабарида.

Kun.uz марҳуманинг яқинларига таъзия изҳор қилади.

Дод дедим, шу кеча дод дедим
Тушунинг одамизот дедим, 
Исёнкор шамоллар элчидек
У энди ҳижрондан шод деди!
Аввалим......
            оҳирим,
                     оҳирим,
Кўксимга муҳаббат ўқларин,
            Бехато қадаган моҳирим.
Бу дардлар ичинда тентисам,
Сен излаб, сенсизлик фарёд дедим.
Юрсаму, йўллардан гул унса.
Мен боқсам кўзларинг нур бўлса,
Ва сенга элтувчи йўл бўлса,
Худо деб Ўзига ёлворсам
Бахтларга тўлсайди хотирим.
Аввалим...
            оҳирим
                    оҳирим...
Кўкламлар кўз очар кўнглимда
Бодомзор очади ишқ сирин
Кўксимда шеър ҳиди гупиллар.
Ичимда яшаган шоирим...
Юз бошли айрилиқ келётир,
баринга «ўлиииим»деб 
бақирдим!
Қанчалар кучлисан соғинчдан
шарт тортиб олсангчи ботирим...
Дод дедим,
шу кеча дод дедим.
Тушунар одами зот дедим.
Тушимга кирасан жилмайиб,

Мен сени.......

Умрбод....
Умрбод.....
Умрбод дедим....

Хонзодабегим Жамолова

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид