Ўзбекистон | 17:19 / 17.04.2021
3176
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда 72 ёшли қарияга оғир тан жароҳати етказиб босқинчилик содир этганлар ушланди

Жиззах шаҳридаги хонадонлардан бирига босқинчилик учун кириб, 72 ёшли қарияга оғир тан жароҳати етказган ва йирик миқдордаги пулларни олиб кетган шахслар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 16 март куни кечқурун соат 21:00 атрофида, Жиззах шаҳри Оққўрғонлик маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйига 2 нафар босқинчи кириб, уй эгаси ва унинг қариндошини қаттиқ жисм билан калтаклаб, улардан пул талаб қилган. Сўнг хонадондаги темир сейфни бузиб, 60 миллион сўм ва 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни олган.

Улар 72 ёшли хонадон эгаси ва унинг ёнида бўлган шахсга турли даражадаги оғир тан жароҳатлари етказишган ва хонадонда бўлган видеокузатув камералари хотирасини олиб кетишган.

Қайд этилишича, ҳодисадан хабар топган заҳоти ИИБ ходимлари томонидан ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тезкор қидирув тадбирлари бошлаб юборилган. Воқеа жойида қолдирилган бармоқ изи орқали босқинчилардан бирининг изига тушишга муваффақ бўлинган.

Олиб борилган дастлабки суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида жиноят Шароф Рашидов туманидаги Раваллиқ ва Самарқанд қудуқ маҳаллаларида яшовчи шахслар томонидан содир этилгани аниқланган ва босқинчилар қўлга олинган.

Таъкидланишича, босқинчилардан биридан 16 900 доллар 6,64 миллион сўм, бошқасидан 300 доллар 1,9 миллион сўм ва жиноий йўл билан қўлга киритилган пул эвазига олинган қурилиш маҳсулотлари ҳужжатлаштириб олинган.

Аниқланишича, босқинчилар сирлари ошкор бўлмаслиги учун жабрланувчиларнинг қони теккан кийимларни далага олиб чиқиб, ёқиб юборишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда вилоят ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу босқинчиликка алоқадор бўлган 5 нафар шахсга нисбатан процессуал тартибда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга оид