Ўзбекистон | 14:01 / 17.04.2021
4546
2 дақиқада ўқилади

Навоийда лизингга машина олиб бераман, деб 14 кишининг пулларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарларига жиноий иш қўзғатилди

Фото: KUN.UZ

Навоий шаҳрида лизинг шартномаси асосида автомашиналарни олиб беришни ваъда қилган МЧЖ раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий шаҳар бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «A.F.» МЧЖ мансабдор шахслари лизинг шартномаси асосида автомашина олиб беришни ваъда қилиб 14 нафар фуқаронинг пулларини ўзлаштиргани аниқланган.

Қайд этилишича, МЧЖ раҳбарлари мижозларнинг ишончига кириб, 2020 йилнинг январ-май ойларида 14 нафар фуқародан бошланғич тўлов сифатида 111,1 миллион сўмни қабул қилган. Сўнг, бугунгача автомашиналарни етказиб бермаган ва фуқароларнинг талабларига асосан тўлаган пулларини қайтариб бермасдан келган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид