Ўзбекистонда коронавирус ҳолатлари кескин ошаётгани ортидан фавқулодда йиғилиш ўтказилди. Тафсилотлар
Жорий йил 17 апрел куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус қайд этилиши ҳолатлари кескин ошаётгани ҳақида хабар берди. Сўнгги бир кунда мамлакат бўйлаб янги ҳолатлар сони йил бошидан буён илк марта 300дан ошди, Тошкент шаҳрида 227 ҳолат аниқланиб, яна бир киши вафот этди.
Коронавирусни юқтирганлар сони кунлик 300дан ошиб бориши ортидан бугун, 17 апрел куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маълум қилинишича, Ўзбекистонда вируснинг «африкача» штамми ҳам аниқланган.
«Африкача» штамм ҳам бизга кирди, буни Илғор технологиялар маркази Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати билан биргаликда ўрганиб, ҳаммасини бир-биридан ажратиб чиқди. Ҳозир ҳам жуда чуқур таҳлил олиб бориляпти», деди бош вазир.
Йиғилишда қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев ҳам ҳозирги пандемия ҳолатидан безовта бўлиб, Республика махсус комиссиясига эътироз билдирган, жойларда карантин тадбирларини ташкил этишда тегишли чоралар кўрилмаётганини таъкидлаган.
«Ҳурматли президентимиз ҳозирги пандемик ҳолатдан безовта бўлиб, республика махсус комиссиясига ҳам эътироз билдирдилар. Шунингдек, давлат раҳбари жойларда карантин тадбирларини ташкил этишда тегишли чоралар кўрилмаётгани тўғрисида жуда қаттиқ безовта бўлиб айтдилар», деди А.Арипов.
Тадбирда жорий йил 18 апрелдан карантин қоидалари янада кучайтирилиши маълум қилинди.
Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолияти зудлик билан тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олинади. Ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибда фаолият юритади.
1 майдан бошлаб, концерт томоша тадбирларини ёпиқ масканларда ўтказиш бўйича чеклов жорий этилмоқда.
Шунингдек, йирик савдо мажмуалари ва бозорларда, дўконларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши, жумладан, қўлларни антисептик воситалари билан зарарсизлантириш, одамларнинг тиббий ниқоб тақиши, ижтимоий масофа сақлаши назоратга олиниши айтилди.
Муқаддас Рамазон ойида таровиҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш бўйича тавсия берилди. Шунингдек, ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш зарурлиги маълум қилинди.
Барча умумий овқатланиш муассасаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади, бироқ 100 кишидан ошмаслиги назорат қилинади.
Бундан ташқари, автобусларда ўриндиқларнинг сони 50 фоизгача чекланади. Ўз навбатида, автобуслар сони кўпайтирилади.
Йиғилиш давомида бош вазир тиббий ниқобсиз юрган фуқароларни кескин танқид остига олди.
«Ҳудудларга бўлган ташрифда ёки Тошкент шаҳрида маҳаллабай амалга оширилаётган ишларни ўрганиш учун ташкиллаштирилган мониторинг тадбирларида ўзим кўриб ҳайрон бўлиб қолдим. Ўзимиз ҳам тиббий ниқоб тақиб бордик, аммо у ерда юрган бирон киши тиббий ниқоб тақиб юрганини кўрмадим. Шунчалик ҳам бефарқ бўлиш мумкинми? Кечирасизлар-ку, одам ёқасини ушлайди. Бу касаллик худди электр токига ўхшайди, ҳиди ҳам, ранги ҳам, мазаси ҳам йўқ, одамни ҳам танлаб ўтирмайди», деди у.
Бундан ташқари, ҳукумат раҳбари тўйга 100 кишидан кўп одам айтган раҳбарлар керак бўлса ишдан олинишини маълум қилди.
«Барқарорликка эришилиши, мутахассисларнинг тавсияси билан тўй ва маъракада қатнашувчилар сонини 100 кишигача оширдик. Ҳаттоки, баъзи раҳбарлар ҳам 100 киши мумкин экан деб, тўйларни 200-300 кишилик қилиб ўтказяпти. Давлат бошқарув идораларида раҳбар лавозимларида ишлаётганларнинг ўзи шуни қиляпти. Шундай маълумотлар ҳам йўқ эмас. Керак бўладиган бўлса, айнан шу деб лавозимидан кетади. Куни кеча президентимиз шу бўйича жуда қаттиқ эътироз билдирдилар. Бир-икки раҳбар карантин талабларига риоя қилмагани учун ҳам ишдан кетади. Кечирасизлар-ку, олдин тўйларни тўхтатишгача борган бўлсак, ҳозир ҳам қиламиз шу ишни. Халқ саломатлиги учун қилинади шу нарса», деди бош вазир.
Ўз навбатида, йиғилишда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда коронавирусга неча ёшлилар кўпроқ чалинаётгани тўғрисида маълумот берди.
Айни пайтда мамлакат ҳудудида рўйхатга олинаётган коронавирусдан касалланганларнинг ёшма-ёш таҳлили қуйидагича: 14 ёшгача бўлган болалар ўртача 13-15 фоизни; 15-19 ёшдагилар 4-6 фоизни; 20-29 ёшдагилар 11-14 фоизни; 30-39 ёшдагилар 17-20 фоизни; 40-49 ёшдагилар 10-15 фоизни; 50-59 ёшдагилар 12-16 фоизни; 60 ёш ва ундан катталар 22-26 фоизни ташкил этмоқда.
Мавзуга оид
16:00 / 23.11.2024
“Президентимиз, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар” – Абдулла Арипов Бойсунда бўлиб қайтди
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
12:08 / 20.11.2024
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
18:33 / 04.11.2024