Жаҳон | 23:35 / 17.04.2021
18024
2 дақиқада ўқилади

Россия ФХХ Беларусда давлат тўнтаришининг олди олинганини маълум қилди

Маълумот берилишича, Беларусь ва АҚШ фуқаролигига эга Юрий Зянкович ва Беларусь фуқароси Александр Федута “рангли инқилоб” сценарийси бўйича ҳарбий давлат тўнтаришини амалга оширишга тайёргарлик кўрган.

Фото: ТАСС

Россияда давлат тўнтариши ва Беларусь президентини ўлдиришга уринганлиги учун икки нафар беларуслик шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Россия федерал хавфсизлик хизматига таяниб “Интерфакс” хабар берди.

Хабарда айтилишича, Россия ФХХ ва Беларус давлат хавфсизлик қўмитасининг биргаликдаги операцияси чоғида Беларусь ва АҚШ фуқаролигига эга Юрий Зянкович ва Беларусь фуқароси Александр Федута қўлга олинган.

Маълумот берилишича, улар “рангли инқилоб” сценарийси бўйича ҳарбий давлат тўнтаришини амалга оширишга тайёргарлик кўришган.

"Ҳарбий тўнтаришни амалга ошириш учун 9 майда Минскда ўтказиладиган ғалаба паради куни танланган”, дейилади хабарда.

Россия ФХХнинг хабарига кўра, Зянкович АҚШ ва Польшада консультация олганидан сўнг Москвага келган ва пойтахтдаги ресторанлардан бирининг алоҳида хонасида Федута билан учрашган. 

 Қайд этилишича, улар давлат тўнтариши режасини батафсил ишлаб чиқишган. Режага кўра, президент лавозимини йўқ қилиш орқали конституцион тузумни ўзгартириш ва мамлакатни “Миллий ярашиш қўмитаси” орқали бошқариш кўзда тутилган.

"Бунда Зянкович парламент ва ҳуқуқ тизими “куратори” бўлиши, Федута эса сиёсий ислоҳотлар ва мафкуравий ишлар билан шуғулланиши режалаштирилган", - дейилади хабарда.

Уларнинг учрашуви ҳужжатлаштирилганидан сўнг Россия хавфсизлик органи ходимлари Зянкович ва Федутани қўлга олган ҳамда беларуслик ҳамкасбларига топширган.

Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.

Мавзуга оид