Ўзбекистон | 19:40 / 18.04.2021
21433
7 дақиқада ўқилади

Фарғонани кутаётган ўзгаришлар ва аҳоли муаммолари — вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров билан суҳбат

Фарғонани 9 йил бошқарган Шуҳрат Ғаниев ҳукуматга чақирилгач, вилоят бошқа бир тажрибали ҳоким – Хайрулла Бозоровга топширилган эди. Kun.uz янги лавозимдаги ярим йиллик фаолияти ва фарғоналикларни қийнаётган муаммолар юзасидан Хайрулла Бозоров билан интервью ташкил этди.

«25 йил ичида уй-жой индустрияси ўлганди»

— Ўзбекистонда энг долзарб бўлиб турган масалалардан бири – аҳолини уй-жой билан таъминлаш. Очиғи, ҳамма ҳам билиб турибди, Ўзбекистонда охирги 25 йил ичида уй-жой индустрияси тўхтаган, ўлганди, десак бўлаверади. Умуман ишламаган.

Қурувчилар ҳам деярли йўқолиб бўлганди.

Наманган вилояти ҳокими этиб энди тайинланган пайтимда битта кўчани янгитдан қурамиз деганимизда, саноқли қурувчи топганмиз. 2016 йил эди. 5 километрли кўчани бошидан охиригача реновация қилиб, 23 та 4 қаватли уй қуришга ўз моддий-техник имконияти бор 13-14та қурувчи топганмиз холос.

Бу нима дегани? Шу давргача умуман қурилиш саноати бўлмаган. Ҳам қурувчи ташкилотлар, ҳам қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати ривожланмади. СССР пайтидан қолган учта цемент заводи билан қолиб кетдик, йиллар давомида янгиси қурилгани йўқ. Янги, замонавий қурилиш материалларига ўтилгани йўқ. Янги, замонавий шаҳарсозлик архитектура-лойиҳавий ечимлар қилингани йўқ; қўпол қилиб айтганда, эски «хрушевка»ларни қурдик.

Мана, муҳтарам президентимиз раҳбарлик қила бошлаганларидан кейин ҳамма соҳалар қатори қурилиш соҳаси ҳам бугун жадал ривожланяпти. Охирги беш йилни аввалги йиллар билан солиштирадиган бўлсак, осмон билан ерча фарқи бор.

Фарғона вилояти мисолида олсак, бу йил биз жуда катта режа олганмиз. Муҳтарам президентимиз 2021 йилда 4,5 мингта хонадонга эга кўп қаватли уйлар қуриш режасини берган, аммо биз режадан ошириб, бу йил камида 6,5 минг хонадон қурамиз. Ҳар бир туманда энг камида 10 тадан кўп қаватли уй қурилади.

Биласизми, хусусий тадбиркор мана шу [Фарғона вилояти ҳокимлиги яқинида янги қурилган] 12 қаватли янги уйларда 1 метр квадрат нархини 4,2 миллиондан сотди. Шаҳар жойда. Шаҳарнинг энг маркази эканини ҳисобга олсак, 4,2 миллион – арзон нарх.

Президентимизнинг [ипотекага оид] охирги чиққан қарорларида 1 метр квадрат нархи қишлоқ жойларда 4 миллиондан ошмасин дедилар. Ҳозир қурилиш кластерига айланган корхоналар бор, улар Фарғона вилоятининг бир нечта қишлоқ ҳудудларида бир подъездли, беш қаватли уйларни қуряпти, бир квадрати 3,2 миллиондан тўғри келяпти.

Бу дегани ўртача 50 квадратли уй бўладиган бўлса, 150-155 миллионга битта хонадон олса бўлади. Мана ҳозир Боғдод туманига бориб кўрсанглар бўлади, Мурувват маҳалласида бирданига 50 та бир подъездли, 5 қаватли уйлар қуриляпти. Битта қишлоқда. Туманнинг маркази ҳам эмас. Битта Боғдод тумани мингта хонадонли уйлар қуряпти. Айтганимдек, бу йил Фарғонада камида 6,5 мингта хонадон уй-жойли бўлади.

Бизда нафақат қурилиш индустриясидан, балки уй-жой бозори ҳам йўқ эди. Агар ҳар йили 6,5-7 мингта хонадон қурадиган бўлсак, бозор пайдо бўлади. Ҳозир уй-жой қурилишида давлат иштироки йўқ, ҳаммасини тадбиркорлар қуряпти. Тадбиркор бўлгач, рақобат муҳити пайдо бўлади. Уларга биз айтяпмиз: «Ким арзон, сифатли ва тез қуриб, сотадиган бўлса, уйни битказиши билан биз яна ер беришга тайёрмиз, иккинчи уйни қуришни бошласин».

Камбағалларни уй билан таъминлаш ҳақида

— Кам таъминланганларни уй билан таъминлаш масаласи. Бунинг икки хил ечими бор. Биринчиси, давлат субсидиялари. Мисол учун, бу йил Фарғона вилоятида 1760 та оилага давлат субсидия беради. Бу субсидия уй-жойнинг бошланғич тўлови ва 5 йилгача фоизини тўлаб беришга йўналтирилади.

Иккинчиси, сиз айтгандек ҳеч қандай даромад манбайига эга бўлмаган, ногиронлиги бўлган каби тоифаларга келсак. Бу йил Фарғона вилоятида 100 та квартира сотиб олиб, уни даромади йўқ оилаларга фақат коммунал тўловларини тўлаш шарти билан узоқ муддатга ижарага берамиз. [Ижтимоий ижара дастури асосида] уйлар республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан сотиб олинади.

Бу йил биринчи марта шундай бўляпти: давлат сотиб олиб, ижарага беряпти. Коммунал тўловларни тўлаб, бемалол яшайверади.

Фуқароларни кам таъминланган деб топишда таниш-билишчилик бўлмаслиги учун бу ваколат Давлат хизматлари агентлигига берилди. Агентлик барча тегишли идоралардан маълумотларни электрон тарзда олиб, текширади; агар белгиланган мезонларга тўғри келса, унга имтиёз берилади; тўғри келмаса, берилмайди. Бу ўтган йилдан бошланди. Авваллари маҳаллада комиссия тузиларди, уларнинг хулосасини ҳоким ўринбосарлари қошидаги комиссия кўриб чиқарди. Ҳозир бу нарсалар йўқ.

Бундан ташқари, ўзингиз ҳам билсангиз керак, «темир дафтар», «ёшлар дафтари», «аёллар дафтари» тизими йўлга қўйилди. Бу дафтарларга ҳақиқий ёрдамга муҳтожлар саралаб олинди. Керак бўлса, ортиғи билан: унча-мунча қийналаётганлар ҳам шу эртага ҳаётдан қийналмасидан деб қўшиб олинди.

Бугун қўлимизда шу учта дафтар бўйича электрон база бор. Бу база – ҳокимлар учун ойна: ҳудудида нечта муҳтож оила бор, нечта ишсиз ёшлар бор, давлат кўмагига муҳтож аёллар нечта – шуларни кўрсатиб туради. Ҳозир ҳамма маълумотлар қўлимизда бор.

Кўп қаватли уй қуришга бериб юборилган мактаб стадионлари ҳақида

— Мен келибоқ ҳаммасини тақиқладим. Нафақат Фарғона шаҳрида, балки туманлардагиларни ҳам тақиқладик: мактаб мактаблигича қолиши керак.

Қуриб битириб қўйганлар бўлса, иложи йўқ энди, бузиб бўлмайди. Лекин ер берилиб, озгина қурилишга ҳаракат қилиб қўйганларнинг ҳаммасини тўхтатганмиз.

Ўзи аслида мактаб стадионлари тадбиркорларга берилганда мактаб учун нимадир қилиб бериш шарти қўйилган. Лекин барибир мактаб бор жойда мактаб бўлиши керак. Агар мактаб ҳудудида анча катта ер бўш ва қаровсиз ётган бўлса, ўша ерда ўқув муассасаси ташкил қилса, муаммо йўқ. Бошқа хизмат тури ташкил қилса, тўғри келмайди.

  • Хайрулла Бозоров суҳбат давомида Чортоқда тўхтаб қолган 30 млн долларлик лойиҳа, аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатлари, энергетика ва ичимлик суви муаммолари, Наманган ва Фарғонада ишлашнинг фарқи, ҳокимлар сайлови ва ишдаги стресс каби мавзуларда ҳам сўз юритди. Суҳбатни тўлиқ шаклда видеода томоша қилинг.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчилар –
Боймирза Ҳалилов,
Тоҳиржон Турсунов.

Мавзуга оид