Бепул форма, 5 маҳал овқат – Президент мактабининг бошқа мактаблардан қандай фарқи бор?
2021 йилда Ўзбекистонда яна 10та Президент мактаби ишга тушиши режалаштирилган. Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари билан суҳбатда бўлиб, мактабдаги таълим жараёни, мактаб фаолияти ҳақида видеорепортаж тайёрлади.
Тошкент шаҳридаги Президент мактаби – 144 нафар ўқувчи ва 35 нафар ўқитувчидан иборат катта жамоа. Ҳар бир синфда 12 нафардан ўқувчи таълим олади. Мактабда дарслар 8:30да бошланиб, 15:30гача давом этади. Дарслар якунлангач, ўқувчилар турли фан тўгаракларига қатнайди. Мактабда қўнғироқлар ўрнига ўқувчиларга руҳан тетиклик ва мотивация берувчи танланган қўшиқлар жаранглайди.
Мактаб 5 кунлик таълим тизимида ишлайди. Шанба ва якшанба кунлари ўқувчилар уйига жўнайди. Бу йил мактабни 24 нафар ўқувчи битиради. Битирувчилар IELTS имтиҳонидан ўртача 7 баллни қўлга киритган бўлса, улар орасида бу имтиҳондан 8,5 балл олганлари ҳам бор.
Мактаб синфхоналари ҳар бир фан учун махсус жиҳозланган. Хоналарга киришда ўрнатилган электрон доскаларда дарс жадвали, танаффус вақти, ўқитувчи ҳақида қисқача маълумот берилган.
“Мактабнинг менга ёққан жиҳатларидан бири бу – биз бу ерда яшаймиз ва ўқиймиз. Aгар олдинги мактабимизда директор хонаси олдидан ўтишга қўрққан бўлсак, бу ерда директор ва директор ўринбосари олдига келиб, уларга шикоятларимизни айтишимиз мумкин”, – дейди 11-Blue синф ўқувчиси Шаҳризода Ризоқулова.
Президент мактаблари билан ишлаш бўлими раҳбари ўринбосари Гавҳар Ишимованинг айтишича, синф дизайнида фойдаланилган ҳар бир элемент ўқувчига мотивация бериш, ўзига ишонч ҳосил қилиш учун йўналтирилган. Ётоқхона дизайнида ҳам ўқувчиларга мотивация берувчи чақирув сўзлари, иқтибослардан фойдаланилган. Президент мактабларининг устун томони иқтидорли ўқувчилар бир жойда йиғилгани ҳисобланади. Бу уларга ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини беради.
Синф хоналарига деворлар ўрнида ойналар қўйилган. Мактаб маъмурияти бу орқали ўқув жараёнига халақит бермасдан, дарсларни кузатиши мумкин. Мактабда қўшимча машғулотларни тоза ҳавода ўтиш имконияти ҳам яратилган.
Ўқувчилар мактабда журналистика ва радио клубини ташкил қилган.
“Клубимиз ўтган йили январ ойида ташкил қилинган. Ва ҳар 2 ойда “Projector” журналини чоп этамиз. Журналда ўқитувчи ва ўқувчилар билан интервьюлар, мактаб ҳаётидан лавҳалар, қизиқарли воқеаларни ёритамиз. Ўзим аниқ фанларда ўқийман, лекин гуманитар фанларга ҳам қизиқаман. Дарсларда жамоа бўлиб ишлашни ёқтираман. Мактабимизда жамоа билан ишлаш ва лойиҳалар яратишга катта эътибор берилади”, дейди мактабнинг журналистика клуби ташкилотчиси Баҳромбек Наримонов.
Президент мактаби физика фани ўқитувчиси Темур Жалолов мактабда STEAM фанлари қандай ташкиллаштирилгани ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, мактабда кўпроқ амалиётга эътибор қаратилади. Ўқувчилар лаборатория ишларини бажариб, графиклар чизишади ва уларни анализ қилишади
“Дарсга тайёрланмасдан кира олмаймиз. Лекин бу тайёргарлик конспект ёзиб, қўл қўйдириб, кейин бир чеккада ётиши учун эмас. Тақдимот тайёрлайман, олдинги йилда тушган тест, графикларни, лаборатория ишларини ўрганаман. Бу кўлам жуда катта. Aгар ўқувчиларнинг олдига келиб тайёр бўлмасам, бу ўзим учун жуда уятли ва аянчли туюлади. Талаб йўқ, лекин тайёрланишдан бошқа илож ҳам йўқ”, дейди у.
Зуҳра Aбдуҳалимова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
15:25 / 04.06.2021
Қайси ҳолларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатлар қабул қилинмаслиги маълум бўлди
17:31 / 21.05.2021
Янги Ўзбекистон университети ташкил қилинади – Беҳзод Мусаев
09:12 / 12.05.2021
Президент мактабларига кириш имтиҳонлари бўйича батафсил маълумот берилди
18:31 / 11.05.2021