Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бизга ўзлигимизни эслатадиган филмлар кўпроқ керак» — Туркиядаги ўзбекистонлик ёш кинорежиссёр
Туркияда ўтказилган қисқа метражли филм ва сценарийлар танлови ғолиби Муҳаммад Али Дониёров – Kun.uz'нинг Uzbek.Life лойиҳаси навбатдаги меҳмони.
«Виждон борлигини, ахлоқ деган нарса борлигини, диёнат, оила деган нарсалар борлигини эслатиш ва кўрсатиш – келажакда олдимга қўйган мақсадларимдан бири», – дейди ёш режиссёр.
— Муҳаммад Али, сизни Туркия инсон ҳуқуқлари ва тенглик ташкилоти (TİHEK) ўтказган қисқа метражли филм ва сценарийлар танлови ғолиби сифатида биламиз. Бу ҳақда аввалроқ сайтимизда ҳам материал эълон қилинганди. Келинг, суҳбатимиз аввалида ўзингиз ва фаолиятингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
— Тошкент шаҳрида туғилганман. Оилада уч нафар ака-укамиз. Дадам – математика, геометрия фани ўқитувчиси. Онам эса инглиз тили ўқитувчиси бўлганлар.
— Туркияда ўтказилган кинофестивалда «Нафас» («Soluk») номли қисқа метражли филмингиз билан иштирок этдингиз. Ушбу филмнинг сценарий муаллифи ҳам ўзингиз. Филм ғоясининг туғилиши ва тасвирга тушириш жараёнлари қандай кечди?
— Туркияга келгандан кейин моддий жиҳатдан маълум вазият: инсон барибир ишлаши керак бўлади. Мусофир юртдамиз, ишлашга мажбур бўламиз, оиламизни боқишимиз керак.
Бир ўртоғим бўларди. У билан омборхонада бирга ишлардик. Бир куни унинг онаси операция қилинадиган даражада қаттиқ касал бўлиб қолди. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Туркия ҳисоби бўйича 9 минг лира (ҳозирда 1100 доллар – таҳр.) керак эди. Ўртоғим бошлиғидан «Менга 9 минг лира бериб тур, мен сенга ишлаб қайтараман. Ойлигимдан «кесиб» юборишинг ҳам мумкин», деб сўраган. Ишхона хўжайини эса бунга кўнмаган. Кейин онасининг касали янаям оғирлашди. У бола бир нима қилди – у ёқ-бу ёқдан пул топиб, онасини тузатди, Худога шукр. Ҳикоянинг туғилиши ўша ердан бошланган.

Филмда ҳам ўша нарсани кўрамиз: боланинг онаси касал – астма касали. Бола бориб, хўжайинидан пул сўрайди, аванс сўрайди. Хўжайини эса «Ойликни кутасан, аванс бера олмайман», дейди. Шу билан кинонинг охирида онасининг аҳволи оғирлашади.
Шу ўринда шуни ҳам қўшимча қилмоқчиман. Болалигимдан бери атрофни кузатишни яхши кўрардим. Ҳозир ўйлаб қарасам, режиссёрликка бўлган иштиёқим ўша даврларда туғилган экан. Автобусда, метрода кетаётганда инсонларнинг юзига қарардим: «Бундан яхши бир ўйинчи чиқади, актёр чиқади; буни фалон ролга қўйса бўлади, фалон ролда ўйнатса бўлади». Мен буни кейин тушуниб етдим. Яъни бу соҳага кирганимдан кейин англаб етдим.
Айтмоқчи бўлганим, реал воқеалардан, яшалган ҳаётдан кичкинагина бир асос нуқта – «tetikleyici olay» дейди турклар – «хамиртуруш»нинг ўзи етарли, менимча, бир ҳикоя қуриш учун. Инсон таъсирланган нуқтанинг устига ҳикоя қурилади ёки ўша ҳикоянинг ўзини ҳам кино қилса бўлади. Менинг танлаган йўлим – шу асосий нуқтани ҳаётдан олиб, унинг устига яна реал ҳаётдаги воқеаларни қўшган ҳолда ҳикоя ёзиб, сценарийлаштириб, тасвирга туширишдир.
— Ўзбекистон миқёсида, Туркия миқёсида ҳар йили кўплаб миллий ва халқаро кинофестиваллар ўтказилади. Кино соҳасига энди қадам қўяётган ёш кинематографлар учун бу яхши имконият ҳамдир. Бундай фестиваллар шахсан сиз учун нима беради?
— Аслида, биз нега фестивалга ўз киномизни топширишимиз керак? Ҳамманинг бир дарди бўлади, ўзининг дарди эмас – асосан, ижтимоий дардлар: халқ дарди бўлиши мумкин, миллатнинг дарди бўлиши мумкин. Мисол учун, ичкиликка, порахўрликка берилган ёки аёл кишига зулм ўтказадиган жамият бўлиши мумкин. Бу, аслида, бир халқнинг дарди. Инсон мана шу дардларни ҳис қилиб ҳикоя ёзса, сценарийлаштирса, бу нарсани фестивалларга сотиш ёки унинг ортидан пул ишлаш унинг хаёлига ҳам келмайди.
Фестиваллардан оладиган асосий нарсам – филмимни кўпроқ инсонлар кўришидир. Ҳатто онлайн намойиш бўлса ҳам мен хурсанд бўламан, чунки «Ўз дардимни инсонларга тушунтириб бера оляпман, етказиб бера оляпман» деган бир ҳиссиёт бўлади.
— Истанбул медиа академияси битирувчиси сифатида Туркия мисолида хориждаги кино соҳасига оид таълимни қандай баҳолайсиз, ўзига хосликлар нималардан иборат деб ўйлайсиз?

— Истанбул медиа академиясининг менга ёққан тарафи – Туркиядаги машҳур, ўз ишини яхши биладиган устозларни ўзида жамлаганидир. Бу устозлар – профессионал одамлар, кино соҳасининг ичида юрадиган одамлар. Мен академиянинг сценарийлар бўлимида ўқидим. Устозим ҳам сценарийнавис эди. У ўқувчиларга назарий дарс ўтарди, аммо бу дарсларни ўқувчига мослаб берарди. Яъни «дарсимни ўтдим, кетдим» эмас.
Ўзбек бўлганим учун ўша пайтлар туркчада тушунишга, фикрларимни ифода этишга анча қийналар эдим. Шунга қарамай, устозим мен билан алоҳида ишларди, алоҳида уйга вазифалар берарди ва менга алоҳида эътибор қаратарди.
— Бугун кино санъати бутун бошли саноатга айланган. Туркия АҚШдан кейинги энг кўп сериал сотувчи иккинчи мамлакат сифатида ушбу соҳадан ҳар йили миллионлаб доллар даромад қилади. Сизнингча, бу борада қандай тажрибаларни ўрганишимиз ва ўзлаштиришимиз керак?
— Менимча, энг асосийси – ишлаш тизими. Туркияда ишлаш тизими жудаям тез ва сифатли. Буни ушлаб турадиган куч моддият, деб ўйлайман. Чунки Туркияда бу соҳанинг ичида жуда катта пул айланади. Яъни инсоннинг моддий манфаати яхши бўлса, у ишга кўнгли билан, бор кучи билан ҳаракат қилади.
— Ижодкорнинг моддий таъминоти бор ва у асосий эътиборини ижодга қаратишига имконият мавжуд. Яъни уни чалғитадиган бошқа нарса йўқ, шундайми?
— Албатта. Лекин ҳамма инсонда ҳар хил бўлиши мумкин бу нарса. Мисол учун, баъзи инсонлар ҳам бошқа соҳада ишлаб, ҳам ижодкор бўла олади. Устозларимизнинг кўпи шундай одамлар. Ўзи бошқа ишда ишлайди, мисол учун, рекламалар суратга олади, лекин бўш вақтларида сценарийлар ёзади. Айни пайтда режиссёрлигини ҳам давом эттиради. Ёки умуман бошқа иш билан, дейлик, тижорат билан шуғулланади. Бу ёқда эса ўз соҳасини ҳам давом эттираверади.
Менимча, бу инсоннинг ўзига боғлиқ нарса. Мен у ердаги ижодкор инсонлар эмас, техник гуруҳларни назарда тутгандим. Тўғри, аслида, моддият бўлмаса, инсонда ҳузур бўлмайди. Ҳузур бўлмаса, ижод қилиш ҳам қийин кечади.
Савол бошида айтиб ўтганингиздек, Америка ва Туркия сериал ишлаб чиқариш бўйича ривожланиб кетган. Бу нарсани саноатга, яъни фабрикага айлантиришган: кино чиқариб сот, кино чиқариб сот... Тўғрисини айтсам, кинони саноатга, савдо-сотиққа айлантирган соҳанинг бу тармоғи билан унча қизиқмайман. Лекин унинг ичидамиз.
Туркиядаги устозларимиз шу нарсани кўп таъкидлашади: «Яхши бир кино олмоқчи бўлсак, яхши бир ҳикояни етказмоқчи бўлсак, Эрон ва рус синемасидан ўрнак олишимиз керак». Мен ҳам Ўзбекистондаги киноижодкор дўстларимга шуни айтган бўлардим.
— Бугун ўзбек миллий кинематографиясининг олдида ечилиши зарур бўлган жуда кўплаб муаммолар бор. Кадрлар масаласидан тортиб, филмлар савиясигача… Сиз бу муаммолар ечимини нимада ёки нималарда кўрасиз?
— Савиясиз филмлар ҳамма мамлакатларда бор – Голливудда ҳам, Россияда ҳам, Туркияда ҳам. Нега? Чунки баъзи аудитория шу нарсани хоҳлайди. Масалан, ёшларнинг TikTok'ка иштиёқи. Бу нарсаларнинг бозори ҳар доим бор.
Менимча, инсон бир ишга киришишдан олдин нимани хоҳлаётганини яхши билиб олиши керак: «Мен пул қиламанми ёки бу соҳада инсонларга фойдаси тегадиган одам бўламанми?» Менинг бир дардим бор – ғоя эмас, дард – шу нарсани тушунтирмоқчиман инсонларга.
Авваллари кимнингдир дарди бўлса, аҳолини чақирарди. Бизнинг эски киноларимизда ҳам бор-ку, «Эй халойиқ, эй мусулмонлар!» деб дардини айтарди ёки бир хабар келтирар эди. Кино – бу ичингиздаги дардни кўрсатиб беришнинг энг ривожланган ва энг таъсирли йўли.
Кинони, асосан, иккига ажратишади: тижорий филмлар ва санъат филмлари. Кўрган аксарият Голливуд филмларимиз тижорий филмлардир. Лекин Андрей Тарковский, Туркиянинг машҳур режиссёрларидан Нури Билге Жейлан ёки кореялик Ким Ку Дукнинг филмлари санъат кинолари, оғир кинолар, деб билинади.
— Техника, технология жадал суръатда ривожланаётган, ахборотга тўйинган бир даврда яшаяпмиз. Табиийки, кўришимиз, эшитишимиз, ўқишимиз мумкин ва керак бўлган жуда кўп маълумотлар бор. Аммо вақтимиз чегараланган. Мана шундай шароитда ҳозирги замон аудиторияси учун қандай филмлар зарур деб ҳисоблайсиз?
— Ўзликни эслатадиган филмлар. Бундай филмларимиз бор. Лекин жуда ҳам оз. Масалан, ўзбек классик филмлари. Болалигимизда кўрардик, Алишер Навоий ҳақида ёки Бобур ҳақида филмлар бор эди. Мана шундай филмларни кўпайтириш керак. Чунки бир гап бор: «Бир халқни оёққа турғизмоқчи бўлсанг, уни ота-боболари билан мақта».
Ҳамма кино тарихий бўлиши шарт эмас: қишлоқ ҳаётига оид воқеалар ҳам бўлиши мумкин. Миллий урф-одатларни ўзида акс эттирган филмлар олинса, ҳам ўз халқимиз учун, ҳам хориждаги халқлар учун қизиқарли бўлади, менимча. Эрон синемасининг шу тарафини яхши кўраман. Бу киноларда Эроннинг қадриятлари, урф-одатлари акс этади. Яъни ҳам кино кўрасиз, ҳам мароқ оласиз, ҳам бир мамлакат ҳақида, унинг миллий қадриятлари ҳақида маълумотга эга бўласиз.
Менинг назаримда, ҳозирда бизнинг ютиб кетадиган нарсамиз – фақат ғоямиз. Миллий қадриятларимизни, дин-диёнатимизни кўрсатадиган филмлар орқали биз ютиб кетишимиз мумкин.
— Ёш режиссёр сифатида олдингизга қўйган қандай мақсад ва орзуларингиз бор?
— Инсон жавоб беришга қийналадиган саволлардан бири. Полшалик бир режиссёр айтган экан: «Кинолар дунёни ўзгартира олмайди, лекин кинони томоша қилган инсонлар дунёни ўзгартириши мумкин». Яъни улар дунёни янада яхшироқ ҳолга олиб келиши мумкин.
Шу фикрдан келиб чиққан ҳолда, инсонларга ўзлигини эслатиш, виждон борлигини, ахлоқ деган нарса борлигини, диёнат, оила деган нарсалар борлигини эслатиш ва кўрсатиш – келажакда олдимга қўйган мақсадларимдан бири.
Отабек Тиллаев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:35 / 28.05.2025
Туркияда мураккаб вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик аёлга ёрдам берилди
17:01 / 24.05.2025
Туркияда «Султон Сулаймон» 1 йил 10 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
15:49 / 24.05.2025
Ўзбекистон Шуша декларациясига қўшилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
21:12 / 23.05.2025