Ўзбекистон | 14:47 / 19.04.2021
26755
4 дақиқада ўқилади

Ҳар бир ноқонуний қурилишнинг ортида турган одамларни кўрсатамиз — Қурилиш вазири

Қурилиш вазири Ботир Зокиров Самарқандда ўтказилган матбуот анжуманида соҳадаги коррупция омиллари, уларга қарши кетаётган кураш, ноқонуний қурилишлар ортида турган кучлар ҳақда сўзлаб берди.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров ўз оила аъзолари улушлари бўлган «12-Трест» ташкилоти мавзуси кун тартибига чиққанига ўз изоҳини бериб ўтди.

«Нима учун бугун бу масалалар гапириляпти? Нега у пайдо бўлди? Ўтириб таҳлил қиладиган бўлсак, шаффоф ойна тизими — тендер юзага чиқади ва у кўпчиликка ёқмаяпти.

Лекин ёқмаяпти экан деб уни бекор қилолмаймиз. Албатта, бу ишни охирига етказишимиз керак. Тендерларда шаффофликни таъминлашимиз шарт.

Шу кунгача тендерларни айланиб ўтган одамлар бор. Коррупция йўлини ўзига белгилаган ташкилотлар бор. Уларга тендер ва шаффоф келишувлар, албатта, ёқмайди. Бу нарсаларни ўтириб таҳлил қиляпмиз, қаерда нима бўляпти, нега бу «шамол эсаётгани»ни ҳам биламан», деди вазир.

Вазир таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, коррупция омилларини санаб ўтди. У ноқонуний қурилмаларни оддий одамлар қилмаслиги, ҳар бир ноқонуний объект ортида маълум куч борлиги ва уларга қарши кураш кетаётганини таъкидлаб ўтди.

«Сўнгги пайтларда қурилиш назорати яхши ишлаяпти. Ўтувчи объектларни текшириб чиқдик. Уларнинг сифати пастлиги, ўз муддатида бажарилмаётгани, бундай ташкилотларнинг қанақа қилиб ютиб чиққанини ҳам, тўғрисини айтсам, ўзим ҳам тушунганим йўқ. Бу — тўғридан тўғри коррупция. Албатта, у одамларга бу шаффоф тизим, масалага ҳеч ким аралаша олмаслиги ёқмайди. Мана шу тўғрисида гапиришимиз керак. Фамилиясини айтишимга ҳожат йўқдир, кўрдим, охирги объектларда...

Эшитган бўлсангиз, президентимиз, тизимдаги коррупция бўйича Андижонда гапирдилар, коррупцияга қарши жуда қаттиқ жанг қиламиз, дедилар.

Ноқонуний қурилишлар бўйича ҳам жанг кетяпти. Ўзимга мурожаат қилаётганлар ҳам бор. Охирги икки ойда кимлар ноқонуний қурилишлар қилаётгани тўғрисида икки киши мурожаат қилди. Қурилиш вазирлигининг иши – бу масалаларга реакция билдириш. Албатта, уларга ёқмайди. Бугун «лўп» этиб бу («12-Трест» — таҳ.) масаланинг чиқишида, таҳлилимга кўра, учта масала бор.

Биринчиси, шаффоф ойна тизимининг ишга тушганлиги. Шунинг учун савол пайдо бўлди: нега «12-Трест», деган. Бу ташкилотнинг 51 фоиз улуши давлатники. Унга таъсир ўтказолмайман, менга «иссиғи» йўқ.

Иккинчиси, айрим қурилиш ишларида сифат ниҳоятда паст, борсангиз раҳбарини кўрсатиб бера олишмайди. 19 миллиард сўмлик объектни ютган-у, лекин раҳбари йўқ! Аҳволни кўрсангиз, шарманда. Ҳаммасининг орқасида одами бор. Президент шу тўғрида гапирмоқда, бу — коррупция. Бу билан курашишимиз керак. Улар менга ҳам қарши курашади, қурилиш вазирлигига ҳам қарши курашади. Чунки улар ўз манфаатини ҳимоя қилмоқда.

Учинчи масала, албатта бугун кимдир ноқонуний қурилма қилаётган бўлса, уни оддий одам қилмайди. Унинг орқасида ўзига яраша кучи бор, ўшанга ишониб қилади. Бу ҳам — коррупция. Биз бугун уларга қарши курашаётган бўлсак, улар ҳам бизга қарши курашмоқда. Бугун ким чап оёғини кўпроқ босадиган бўлса, албатта, унга минус бўлади. Биз ҳам охиригача олиб борамиз курашни, чунки бизнинг қўлимизда кучимиз бор, «инструментимиз» бор. Орқасида турган одамларни ҳам кўрсатамиз. Чиқади ҳаммаси. Охиригача курашишдан бошқа иложимиз йўқ. Биз уларга қарши курашаётганимиз учун ҳам шунақа қарама-қаршиликлар чиқяпти. Агар «яхши» бўлганимизда бу масалалар бўлмасди», — деди қурилиш вазири. 

Мавзуга оид