Иқтисодиёт | 17:00 / 19.04.2021
24508
3 дақиқада ўқилади

«Обнал»нинг 2-тўлқини: ДСҚ қарийб 15 минг корхонага ҚҚС суммасини қайта ҳисоблаш тўғрисида хабарнома юборди

Давлат солиқ қўмитаси январ-март ойларида тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар автоматик тарзда таҳлил қилингач, улар ҚҚС тўламаганини маълум қилди.

Қўмита хабарига кўра, 14 988та солиқ тўловчи томонидан ҚҚС бўйича бюджетга умуман тўлов амалга оширилмаган ва солиқ қарзи мавжуд бўлган ҳолда ўз контрагентларига йирик миқдорда электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган.

«Солиқ тўловчиларга ўз фаолиятида лозим даражада эҳтиёткор бўлишлари учун қулайлик яратиш ва уларнинг контрагентлари тўғрисида қўшимча маълумот бериш мақсадида 14 988 та корхона товар ва хизматлар сотиб олганлиги натижасида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини қайта кўриб чиқишлари ва зарур ҳолларда тузатиш киритиш бўйича қайта аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этишлари юзасидан шахсий кабинети орқали хабарнома юборилди», – дейилади расмий хабарда.

Маълум қилинишича, Давлат солиқ қўмитаси ушбу ҳолатлар юзасидан ҳар бир солиқ тўловчига уларнинг контрагентлари билан амалга оширилган операциялари бўйича тўлиқ маълумот тайёрлаб, уларга етказган.

Ҳозирча 14 988 солиқ тўловчи томонидан бюджетга қанча солиқ тўланмагани, шунингдек, феврал ойида хабарнома юборилган солиқ тўловчилар 15 мингталик ададга кириш ёки кирмаслиги ҳақида маълумот олиш имкони бўлмади. Шу ва бошқа саволлар юзасидан ДСҚ муносабати кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи» (обналчи) фирмалар билан кураш бошлаб, 396та корхонани шубҳали корхоналар рўйхатига киритган эди. Натижада улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бекор қилинган.

ДСҚ шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларидан бюджетга тўланмаган 1 триллион сўмга яқин ҚҚС суммаси ундирилишини маълум қилгач, тадбиркорлар эътироз билдира бошлади.

23 феврал куни тадбиркорлар билан учрашган Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҚҚС суммасини барибир тўлаш кераклигини айтиб, бунинг учун 6 ойлик амниция берилишини билдирди.

Aпрел ойида 8 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти 1 майга қадар қайта ҳисобот топширса, жавобгарликка тортилмаслиги маълум қилинди.

Масала атрофида муҳокамалар давом этмоқда.

Мавзуга оид